19:06 / 07.02.2022
62270

Хоразмда президентни маст ҳолда ҳақорат қилган шахс 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани суди фуқаро С.Б.га 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Фото: Pixabay

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановнинг жиноят иши материалларига таяниб, хабар беришича, 31 ёшдаги фуқаро Telegram ижтимоий тармоғидаги «Блогерлар бирлашмаси» номли гуруҳга аъзо бўлиб, мазкур гуруҳда Ўзбекистон Республикасининг собиқ ҳамда амалдаги президентларини ҳақоратловчи ва обрўсизлантирувчи мазмунда тўғридан тўғри видеоматериаллар эълон қилган.

Суд-лингвистик экспертиза хулосасига кўра, мазкур материаллар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисмида (Ўзбекистон Республикаси Президентини омма олдида ҳақоратлаш) назарда тутилган жиноятни содир этганликни ифодалайди. Айблов хулосасига кўра, фуқаро мазкур жиноятни оғирлаштирувчи, яъни маст ҳолатда такроран содир этган.      

Мазкур маълумотни тасдиқлаган Хоразм вилояти суди матбуот хизмати ҳукм қонуний кучга кириши учун 20 кунлик муддат берилгани, жавобгар тараф апелляция шикояти бермоқчилигини билдирди.

2021 йил апрель ойида YouTube ва Facebook тармоқларидаги профиллари орқали Ўзбекистон президентини ҳақоратлаб, давлат раҳбарининг обрўсига путур етказиш ва камситувчи маълумотларни тарқатиб, туҳмат қилиб келган Бахмал туманида яшовчи В.К.га нисбатан ДХХ Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ЖК 158-моддаси 3-қисми жиноят иши қўзғатилган эди. В.К. кейинчалик суд тиббиёт экспертизаси томонидан ақлий носоғлом деб топилиб, Самарқанд шаҳридаги 1-сонли психатрия шифохонасига мажбурий даволаш учун юборилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 30 март куни Жиноят кодексининг 158-моддасига киритилган қўшимчага асосан Ўзбекистон президентини интернетда ҳақоратлаш ёки унга туҳмат қилиш 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Top