11:35 / 11.02.2022
12827

Бир киши 54 фуқаро номига кредит расмийлаштириб, пулларни ўзлаштириб юборган – ИИББ

Бу шахс билан бирга яна 3 киши қамоққа олинган. Бир кишининг жиноий ҳаракатлари ортидан 54 та ариза келиб тушган ва бу 54 та жиноят иши очилишига сабаб бўлган.

Фото: AP

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ахборот хизматидан Kun.uz’га маълум қилинишича, фирибгарликнинг турли усуллари кўпайиб бормоқда. Ўзига хос ҳолат бўйича тўрт кишига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. 

Фирибгарлик усули қуйидагича – ҳозирги кунда кўп банклар микроқарзлар беряпти. Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро турли йўллар билан 54 кишининг шахсга оид маълумотларини қўлга киритган. Кейин МЧЖ очиб, иш ҳақлари бўйича сохта ҳужжатлар тайёрлаган ва банкка кредит олиш учун тақдим қилган. Банк ходимлари ҳам бу вазиятда шундай жиноят амалга оширилишига шароит яратиб берган. Жиноят иши доирасида бунга йўл қўйган 3 нафар мансабдор шахс ҳам қўлга олинди.

Жабрланувчилар турли ҳудудлардан бўлган ва улар вазиятдан мутлақо бехабар қолган. Масалан, Сурхондарё вилоятида яшовчи 26 ёшли фуқаро “Ёш тадбиркор” бўлиш истагида паррандачиликни йўлга қўймоқчи бўлади ва банкка мурожаат қилади. Шу пайтда унинг номига пойтахтда кредит расмийлаштирилган ва бу қарз сўндирилмаётгани маълум бўлади. Ҳолбуки у фуқаро Тошкентга умуман келмаган.

Бундан олдин, ИИББ Тошкентда таксичиларни чув тушириш билан боғлиқ фирибгарликлар кўпайгани ҳақида огоҳлантирганди.

Top