13:22 / 11.02.2022
7412

Комил Алламжонов йўлларда тартиб бўлиши учун 3 та асосий масалага эътибор қаратиш кераклигини айтди

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов йўлларда тартиб бўлиши учун 3 та асосий масалага эътибор қаратиш кераклигини маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

“Биринчидан, йўл инфратузилмасини бутунлай такомиллаштириш, жамоат транспортлари қатновини яхшилаш, йўлларда айниқса, пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилиши керак.

Иккинчидан, йўллардаги назорат тизимини тўлиқ рақамлаштириш лозим.  Йўл қоидасини бузганлик учун, айниқса, маст ҳолатда автомобиль бошқараётганлар учун жавобгарликни кескинлаштиришни қонунчиликка киритиш, нафақат ҳайдовчилар, балки уларни назорат қилувчи ходимларнинг ҳам масъулиятини ошириш шарт. Йўллардаги келишувларда ҳар икки томон бирдек жавобгар бўлсин.

Учинчидан, ўқитиш, имтиҳон тизимларини тубдан ислоҳ қилиб, инсон омилини имтиҳондан бутунлай олиб ташлаш ва шу тизимда назоратни кескин кучайтириш керак”, деб ёзади Комил Алламжонов.

Билдирилишича, ушбу масала бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун нодавлат ташкилотини тузиш ва унга фаоллар, соҳа мутахассисларини жалб этиш мўлжалланмоқда. 

“Тез орада бу борада бир қарорга келамиз”, дейди Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси.

Аввалроқ, Ўзбекистондаги биринчи тўлиқ автоматлаштирилган имтиҳон маркази асосчиси Комил Алламжонов ҳайдовчилик гувоҳномасини олишнинг янги тартиби юзасидан мурожаат билан чиққанди.

Top