Ўзбекистон | 21:51 / 13.02.2022
21614
29 дақиқада ўқилади

Фаррошликдан докторликкача — тўсиқлардан имконият топа олган инсон билан суҳбат

Андижон шаҳрида таваллуд топиб, ўқишни Фарғона вилоятининг Учкўприк тумани, Катта Кенагас қишлоғидаги 21-мактабда бошлаган, Швеция ва Норвегияда тиббиёт бўйича таълим олган, Ҳарвард университетида фаолият юритган, ўз соҳасида катта ютуқларга эришган, кўпчилик учун Бек Олимжон тахаллуси билан таниш бўлган Беҳзод Ташбаев “Осмондаги болалар” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони бўлди. У ҳозирда Норвегия кўз саломатлиги институтида консултант-офталмолог, ривожланиш бўйича директор, Осло университети клиникасида катта илмий тадқиқотчи, Осло университетида Associate Professor лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.

Ушбу суҳбат давомида спикер чет эл ҳаёти, тиббиётдаги муаммолар, таълим олиш жараёнидаги машаққатлар, интизомни шакллантириш, мақсад қўйиш ва ишга киришдаги тўсиқларни енгиб ўтиш борасида шахсий тажрибаларидан келиб чиқиб тавсияларни бериб ўтди.

Фаолият йўллари…

—Дадам Андижон давлат тиббиёт институтида профессор бўлиб ишларди. Ёш бўлганман, “киргизиб қўяди” деб кучли тайёргарлик кўрмаганман. Контрактга ўқишга кирдим. Дадам контракт пулингни тўлаб бераман, кийим-кечагингга, юриш-туришингга, озиқ-овқатингга ўзинг ишлаб топасан дедилар. Йўқ, контрактда ўқимайман деганман. Яна бир йил тайёргарлик кўриб, грант асосида ўқишга қабул қилиндим.

Иккинчи ва учинчи курсларда инглиз тилини ўргандим. Бир танишим таржимонлик қилишга ёрдамчилик қилишимни сўради. Нима бўлса Худодан деб, таваккалига хўп дедим. Ишни бошладим. Бир одам келиб гапирди ва таржима қилишимни сўради. Таржима қилдим. Кейин билсам, у инсон шу лойиҳанинг раҳбари экан. Унга таржимонлигим маъқул бўлди, икки ҳафтадан кейин икки эксперт келиши ва уларга ҳам таржимонлик қилишимни айтди. Ойликни олдим ва дадамга олиб бордим. Дадам шунда кўзлари ёш билан, “бир ҳафта ишлаб, профессордан кўп топибсан”, деганди.

Институтни битирмасдан, дунёда 30-ўринда турадиган институтга грантга кирганман…

— Чет элга ўқишга кетмоқчи бўлдим. Оиламда пул беришга имконият йўқ, шунинг учун, ўқитиши зўр бўлсин, текин бўлсин деганман. Шунда барча чет элдаги институтларнинг рўйхатини тузиб чиқдим, менга энг маъқул келадиганларини сараладим. Шунда Швециядаги Каролинска институти (Karolinska Institute) текин грант таклиф қилди. Топширдим, қарабсиз-ки дунёда 30-ўринда турадиган институтнинг магистратура босқичига бакалаврни тугатмасдан грант асосида қабул қилиндим. Ўқишга киришга кирдим, лекин кетишга пул йўқ, ўзимнинг ҳисобимдан кетишим керак. Кейин унга-бунга, танишга бориб пул топдим ва Швецияга кетдим, Стокҳолмга.

Стокҳолмда яшаш қиммат. Икки ой “Роллтон”га ўхшаган нарсалар билан ҳаёт кечирганман. Кун кечириш мақсадида бир куни ўт ўрдим, бир куни бировнинг дарахтини кесиб бердим ва шу каби қора меҳнат қилиб юрдим. Бир куни бир танишим маслаҳат бериб қолди. Шаҳардан шаҳарга қатнайдиган кемаларда иш бор экан. Фаррошлик қилиш керак экан. Фаррошликка онлайн ариза топшириш орқали қабул қилинаркан. Тўрт ёки беш марта топширдим, рад жавобини беришди. Кейин офисига, ходимлар бўлимига бордим. Бир амаллаб, швед тилини билмасам ҳам, интервю бериб, фаррошликка ишга қабул қилиндим.

Ўзбекистонга қайтдим, лекин…

— Ўқишимиз соғлиқни сақлаш ва информацион технологиялар йўналишида бўлгани сабабли касаллик тарихларини электронлаш соҳасидан маъруза қилишга бир инсон келди. Исми шарифи Рустам Набиев, Каролинска клиникасида ишларкан. Бориб танишдим, Тожикистондан экан, Яратганнинг сабабими шу кишига тўғри келдим. Тақдимотини ўрганиб чиқдим, баъзи жойларини тушунмаганим, маълум жойларида хатолари борлигини билдирдим, шогирд бўлиб тушмоқчилигимни айтдим. Бўлди кел деди, бир ой текин ишладим, иккинчи ойдан эҳтиёжларимга етадиган ойлик ола бошладим.

Бир куни хизмат сафари билан Уганда давлатига бордик. У ерда эшиги ҳам йўқ шифохонани тизимлаштирмоқчи эдик. Чамаси 25-30 киши атрофида беморлар ҳамширага навбатда туришганди. Шунда ўзимга-ўзим айтганман. “Бек, шу компютер ечиминг шу 30 одамга ёрдам берадими? Келажакда-чи, ёрдам берадими?”. Номаълум. Ўша ерда хулоса қилдим, шифокорликка қайтмасам бўлмас экан. Шунда аризамни ёздим, Ўзбекистонга қайтиб келдим. 2 ҳафтадан сўнг эса пахтага жўнатиб юборишди.

Кимсан сен? Оддий ординаторсан!

— 2012 йил Ўзбекистонга келдик. Орадан 2 йил ўтди. Ҳар хил ғоялар, идеалар бор эди ўша пайти. Бутун Ўзбекистондаги шифокорларнинг рейтингини тузиб чиқиш фикри пайдо бўлди, кейин офталмология бўйича дарс берадиган платформа яратиш ғоялари пайдо бўлди. Аммо қарор қабул қиладиган одамлар “кимсан сен, оддий ординаторсан сен. Кўп ҳам сакрайвермай, жойингни билгин”, дейишди. Уларга маслаҳат сўраб кирган одам эдим мен.

Кейинчалик жарроҳликни ўрганишга жуда қизиқдим. Жарроҳликни Ҳиндистонга бориб ўрганиш кенг тарқалган. У ерга борасиз, икки ҳафтада 30 та кўз операция қиласиз. 100 доллардан жами 3000 доллар берасиз. Биринчидан, икки ҳафта ўрганиш учун етарли эмас ва 3 000 доллар пулим йўқ.

Ҳиндистонга камида олти ойга бормоқчи эдим. Ҳамма клиникаларнинг рўйхатни тузиб чиқдим ва 200 тача клиникаларнинг барчасига ёзиб чиқдим. Уларга “Клиникангиздаги барча ходимлар билан бир хил ишлайман, камроқ маблағ бераман, лекин фаррошликка ҳам тайёрман” деган таклифни бердим. 200 та клиникадан 20 таси жавоб қайтарди ва шундан фақат биттаси таклиф қилди. Савдолашдик, 3 000 долларга келишдик. Ҳиндистонга кетишим учун виза олишим керак бўлди. Виза олиш учун 46 та ҳужжат тўплаш керак экан. Шундан 45 тасини тўплай олдим, биттасини ололмадим ва виза беришмади.

Фото: Осмондаги болалар

Яна бошидан ва бошқача услубда бошладим…

Энди Ҳиндистондаги клиникаларни ўрганишни бошладим. У ерда веб-сайтлар, фейсбукдаги саҳифалар яхши эмас экан. Шунда бир катта аудиторияга эга бир гуруҳда ёрдамчи админ бўлиб ишга кириб олдим. Ҳар хил спамларни ўчириб турардим, баъзи жойларда ёрдам берардим. Кейин ўзим хоҳлаган бир клиникага ёздим.

2 000 доллар пулим бор, 6 ой ўрганмоқчиман, биламан пулим етмайди, пул ўрнига таклиф қиладиган нарсам – “клиникадаги барча ходимлар каби ишлашга розиман. 12-13 соат ишлашга, далада ишлашга ҳам розиман. Кейин сени ўзим админ бўлган гуруҳда реклама қилиб бераман. Сайтингда шу ерларда хатоликлар бор. Шуни тўғрилаш керак”. Савдолашдик, 3 000 долларга келишдик. Ҳиндистонда ўта камбағал ҳолда ҳаёт кечирардим. Хотиним бу ердан олган ойлигини жўнатарди. Иш жуда ҳам зўр, ўрганиш жуда ҳам зўр. У ерга кўплаб совет давлатларидан келадиган одамлар кўпайиб борди. Бизда рус тилига таржимон бор деб реклама қила бошладик ва таржимонлик қила бошладим, орадан уч ой вақт ўтиб, ўргатишни ўзимга топширишди. 6 ойлик муддат ҳам тугади.

Кейинги ишни қидиришни бошладим. Шунда ҳалиги киши ёнимга келиб “Бек, сен билан ишлаш ёқди. Бизда қол, мен сенга 6 ойлик иш таклиф қиламан. Ойликни шу ерда бераман”, деди. Шунда ўзбекистонлик дўстларимни ҳам чақиришга муваффақ бўлдим. Улар келишди, пулни тўлаб ўқишди ва қайтиб кетишди.

Бир дўстим ишхонасига “шунақа одам бор, Ҳиндистонда ўқияпти, хирург керак, чақирайлик” дебди. Ва таклиф қилишди. Таклиф анча ёқди, оилам уйда қолган, ёнларига қайтишим керак эди. Яна ортга қайтдим. Ишлай бошладим. Бир ой давомида 100 га яқин операция қилдим. Ойлик бериш муддати келди. Лекин ойлигимни кечиктириб, бешга бўлиб беришди...

Гарвардда PHD қилишни хоҳлайсанми?

— Норвегия кичик давлат, беш миллион аҳолиси бор, холос. Оз сонли кўз шифокорлари бор, барчаси бир-бирини танийди. Қандай қилиб бўлса ҳам шулар қаторига қўшилишим керак деган фикр билан юрдим. Ҳиндистонда ишлаб юрганимда бир норвегиялик аёл ўқигани келганди, ўша билан боғланиб, мени Норвегиядаги бирор мутахассис билан таништириб қўйишини сўрадим. Ўзининг илмий раҳбари билан таништириб қўйди. У кишига 4 ҳафта, ҳафтасига икки мартадан хат ёздим, “хўп” демагунича. Еттинчи хатимга жавоб ёзди, бир инсон билан таништириб қўйишини айтди. Осло университетида семинарга таклиф қилди. Профессор инсон билан таништириб қўйди ва “Ўзбекистонлик офталмолог, Норвегияда офталмолог бўлмоқчи, яхши, қатъиятли, таслим бўлмайдиган бола экан” деди. Ҳалиги профессор киши биринчи сўзидаёқ: “Гарвардда PHD қилишни хоҳлайсанми?” деди. Ҳа, десам, “Унда гуруҳимга хуш келибсан” деди.

Излаган имкон топар…

— Осло университетида PHD ўқиш имконияти келиб қолди. Қийинчиликлар билан PHD қилишга киришдим. Аммо асосий мақсад мутахассис бўлиш эди. Мутахассислик учун кириш жуда ҳам қийин эди. Мен топширмоқчи бўлган жойга 12 та жой эълон қилинди, 672 киши топширди. Бироқ, қийинчиликлар билан бўлса-да, шу 12 киши орасига киришни уддаладим. Шошилинч тиббий марказда иш бошладим. Аммо ҳам PHD қилиб, ҳам мутахассисликни қилишга Норвегиянинг миграция бўлими рухсат бермади. Лекин имкон топдим. Швецияга мутахассисликка топширдим ва шу ерга кирдим. PHD ни Норвегияда, мутахассисликни Швецияда қилишга киришдим. Ҳамма хурсанд, оилам ҳам Швецияда иш топди, 2020-2021-йиллар ишладим ва керакли ҳужжатларнинг ҳаммасини топширдим, талабларга жавоб бердим, ноябр ойида қаттиқ имтиҳонни топширдим ва бутун Европада ишлаш имконини берувчи мутахассислик сертификатини қўлга киритдим.

Норвегияда ҳаммаси бўлиб, максимал 120 фоиз ишлаш имконияти бор. Ҳозир менда 50 фоиз Осло университети клиникасида катта илмий ходим, эркин иш графигидаги уйдан туриб ишлаш имкониятидаги иш, Осло университетида 5 фоизлик Associate Professor лавозимларим бор.

Associate Professor ҳам илмий иш, ҳам ўқитувчиликни ўз ичига олади. Унда ишлаш учун асосан PHD бўлиш шарт. Associate Professor шу университетда ишлаб, профессорликка лойиқлигини кўрсатса, профессорлик лавозими берилади.

— Беҳзод ака, Ўзбекистондаги тиббиёт ҳақида гаплашсак. Аввало таълимдаги тиббиёт ва айни пайтдаги биздаги муолажа, умумий беморлар билан бўладиган рекламалар ёки уларнинг муолажа усуллари, умуман айтганда, тиббиёт ҳақида гаплашиш менинг орзуим эди. Тиббиётдаги муаммоларни гапириш, дардларни гапириш ва ечимлар ҳақида гапириш. Биз бу мавзуда шунақа гаплашайлик, бугун тиббиётга қизиққанлар ва тиббиётда ўқиётганлар айнан шу сабабли ушбу муаммоларга ечимлар топишсин. Сизнинг қийинчиликларингизни эшитиб, ўз ҳаётидаги баъзи қийинчиликларни қийинчиликмас деб ҳисоблаб қолишар.

— Таълимдан гапирсак, институтларга қабул қилиш механизмини бузилган деб ҳисоблайман.

Мисол учун, кириш имтиҳонлари фақат ёдлашга асосланади. Ўрганишда ёдлашга кўпроқ эътибор берамиз. Бу 70-80-йилларда, билим олишда, мутахассис бўлишда, айниқса шифокор бўлишда фактларни ёдлаб қолиш муҳим эди. Ҳозир Google бор даврда ёдлашга эҳтиёж йўқ. Google менга керакли нарсани, менинг хотирамдан тезроқ ва аниқроқ чиқариб беради. Етмаётган нарса шуки, муаммонинг тубидан тушунмаслигимиз. Бу эса танқидий фикрлашимиз ривожланмаслигига сабаб бўлади.

Ёдлаймиз, ёдлаймиз, олийгоҳга кирамиз. Талабаликда ҳам худди шундай, ёдлаганимиздек айтиб берамиз, 5 оламиз. Таълим муаммоларга асосланган ҳолатда эмас.

Мен “ПБЛ” деган курс ўтаман, Осло университетида, бу инглизчада “Problem based learning” дейилади. Бу 10-12 талаба учун бир муаммони доскага чиқариб қўяман, мисол учун, “45 ёшли эркак кўчада ўтиб кетаётиб йиқилиб тушди. Муаммо нимада?”. Бу ўқувчиларни фикрлашга ундаш. Кейин сўрашади: ким у? Қандай ҳолатда эди? Маст эдими ёки йўқ? Бўлиши мумкин бўлган бешта муаммони санаб беришади. Кейин ҳар бирини, эҳтимолликларини ўрганиб чиқамиз, илмий ишларда нима дейилганини кўриб чиқамиз. Кейин шу ҳақида илмий иш қилишни бошлашади, дарснинг ўзида. Мақсад — беморни реал ҳолатда, ўша жараённинг ўзида жонлантириш.

Дарс беришнинг бошқача усули — анъанавий усул ҳам бор. Бунда мен айтаман: “Юрак инфаркти — бунақа бўлади, бунақа касаллик бўлади деб презентация қилиб ўтаман. Аммо бунда эслаб қолиш фоизи жуда кам. Ҳозирги кунда телефон, компьютер бор. Шунинг учун асосий мақсад менинг дарсларимда ўрганишга қаратилган. Дарсга овқати билан кириб келади, формаси бўлмайди.

Таълимдаги асосий муаммо, эски маълумотларни ёдлаш орқали институтга кирилади ва эски маълумотларга асосланган адабиётлардан фойдаланиб, ўқиш давом эттирилади. Бу ерда муаммо олий таълим муассасида эмас. Шунчаки, инглиз тилидаги тиббиётнинг ривожланиши жуда тез. Уни таржима қилиб улгуришнинг иложи йўқ. Унинг самаралироқ ва фойдалироқ усули эса инглиз тилини ўрганишдадир.

Тиббиёт университетида ўқийдиган талабаларга мурожаат.

Агарда сиз яхши, замонавий тиббиёт билан шуғулланишни истайдиган шифокор бўлмоқчи бўлсангиз, инглиз тилисиз бунинг асло иложи йўқ. Инглиз тилини ўрганиш шарт ва жуда муҳим. Чунки, замонавий тиббиёт билан ишламайдиган бўлсак ривожланмаймиз. Инглиз тили ўрганиш орқали яхши мутахассис бўлиш имконияти эшиклари жуда ҳам кенг очилади. Инглиз тилидаги маълумотлар шунақа кенгки, бошқа тилдаги маълумотлар билан солиштирадиган бўлсак, инглиз тилидаги маълумотлар денгиздаги сув бўлса, рус тилидаги маълумотлар битта челакдаги сув кабидир. Шунинг учун инглиз тилини ўрганиш жуда муҳим.

— Маълумотларни ёдалаганимиз сабабли тўғри таҳлил қила олмаймиз деяпсиз. Мисоллар билан келтира оламизми?

Ёдлашга асосланган билимнинг қанчалик хавфли эканлигига битта мисол келтириб ўтаман. Яқинда бир аёл мурожаат қилди. Қизи бор экан. 2-3 ёшли қизнинг кўзида оқ доғи бор экан. Бу нима, деган савол билан чиқяпти? Бу ёшда энг кўп учрайдиган касалликлар рўйхатини ёздим. Рўйхатнинг энг биринчисида “ўсма” турарди. Даволамайдиган бўлса, кўзни олиб ташашга тўғри келади, мияга таъсир қилиб бола нобуд бўлиши мумкин. Расмга қараб диагноз беролмайман, аммо мана бу ишларни қилиш керак деб диагноз бердим. У инсон бир жойга борган. Уни кўриб “йўқ унақамас, нотўғри айтишибди, бунақа нарса кўрмаганман олдин” дейишибди. Унинг жавобидан қониқмаган она яна менга мурожаат қилади. Мен айтдим: “Майли мен хато қилаётган бўлишим мумкин, аммо мен айтган текширувларни қилинг”. Кейин яхшироқ мутахассисга борган, болани текшириб, кўзида ўсимта борлигини аниқлаган. Агарда шу нарсани билмаганда, шу қисмини ёдламаган бўлганда, уч ёшли боланинг умри завол бўларди. Ўсимта катталашиб, кўз ташқарисига чиқиб кетгандан кейин кимгадир олиб боради, аммо кеч бўлади.

Шу жиҳатларидан муҳим. Билиб, таҳлил қила олиш керак, ёдлаш эмас. Мисол учун, мен ишхонамда ўтирганимда, бирор нарса эсимдан чиқиб қолса, беморга очиқдан очиқ айтаман, шу жойи эсимдан чиқиб қолибди, компютеримни очиб билиб олай, дейман. Бемор ҳеч қандай реакция бермайди. Лекин у ерда кибрга берилиб, беморнинг олдида бу нарсани компютер ёки китоб титкиласам, мени “билмасвой” экан деб ўйлайди деган фикрни устун қўйсам, у беморга хато ёрдам қилиб қўйишим мумкин.

Тиббиётнинг энг муҳим ўзагида турадиган қоида, қонун, тамойил бу – аввало зарар етказма. Фойданг тегмаса тегмасин, аввало зарар етказма. Афсуски, бу нарса кўпчиликнинг эсидан чиқиб қолганми, ҳар хил фойдаси йўқ дори-дармонлар билан ҳам даволашади.

— Айнан ёшларга, тиббиёт олийгоҳларида ўқиётган, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишни, уларга ёрдам беришни олий мақсад қилиб қўйганлар учун нима маслаҳат берасиз?

— Яхши мутахассис бўладиган бўлса, бировдан ёрдам кутмасликни, ўқитувчи келиб менга дарс беради деб бировдан ёрдам кутиб ўтирмасликни маслаҳат бераман. Яхши мутахассис бўламан, ривожланаман деган одамни қутқаришга ҳеч ким келмайди. Олдимизда мақсад катта бўлса, бунга ўзимиз жавобгармиз. Олийгоҳлардаги билимлар қониқтирмаётган бўлса, мустақил равишда ўрганиш керак. Олийгоҳларда берилаётган билимларни ўзи етарли деб ўйласак, катта хато қиламиз.

— Таълимни ўзгартиришга қодир инсон сиздан нима қилсак Ўзбекистонда тиббиёт таълими ривожланиши, тиббиётни ривожлантириш учун қанақа имкониятларимиз борлиги ҳақида савол берса, нима деган бўлардингиз?

Биринчи ўринда ривожланишга, инновацияга халақит бермаслик керак. Чунки, тиббиёт институтида жуда ҳам ақлли домла ва ўқитувчилар кўп. Лекин уларда ижодий эркинлик йўқ. Уларни қоғозбозлик билан кўмиб ташлаганмиз. Уларга тегмаслик, индамаслик керак. Уларнинг ўзи билади қандай ишлашни, биз ўргатишимиз шарт эмас. Виждонан, ҳалоллик билан, ўзининг охирати учун ишлайдиган жуда кўп ўқитувчилар бор.

Таълим пастдан тепага қараб юриши керак. Чунки, ҳозиргача тепадан тарқоқлаштирилган таълим ўз самарасини бермаган. Сенга, ишингга нима халақит берпти, деб ўқитувчидан сўраш, ўша тўсиқни олиб ташаш керак бўлади.

— Ўзбекистондаги бирор хоҳ давлатники, хоҳ хусусий университет сизга онлайн дарс беришни сўраса дарс берармидингиз?

Шартларга боғлиқ. Менга 100 фоиз эркинлик бермайдиган бўлса, йўқ дейман. Шу ўринда, соҳамга оид билимларни онлайн ҳаммага бериб боряпман. Европада, офталмологлар тайёрлаш учун 5 йил ишланади. Уларни тайёрлашда тахминан 1000 вароқли китоб бор. Ўша китобни таржима қилиб, онлайн вариантда видео шаклда қилишни бошлаганман. Ҳозир 20-30 фоизи бўлди. Шу нарсани таржима қилиб, текинга қўймоқчиман. Кўпчилик кўрмаслиги мумкин, балки 100 киши кўрар, шундан 2 дона одам фойда олса, уларнинг ҳали олдинда 15-20 йиллик карьераси бор. Ўша олган нарсаларини беморларга татбиқ қилса, шунинг ўзи етади.

— Умумий кўп таълим даврингизнинг кўп қисми чет элда бўлган. Шу ўринда четда ўқимоқчи бўлган ёшларга нима маслаҳат берган бўлар эдингиз?

Келинг тиббиёт йўналиши бўйича олайлик. Биринчи ўринда инсон ўзининг қаердалигини билиб олиши керак. Бир неча тоифадаги инсонлар бор. Абитуриентни қарайдиган бўлсак, ҳали институтга кирмаган, Европада мутахассис бўлмоқчи. Европада тиббиёт ўқиш жуда ҳам қиммат. Бир йили 10-12 минг евро туради, 6 йил ўқиши керак. Бу билан бирга ишлаб тирикчилигини қила олмайди, жуда қимматга тушиб кетади. Шундай инсонларга тавсиям, шу ернинг ўзига ўқишга киринг, ўқиш давомида ўқишни кўчириб кетиш ҳақида ўйланг. Ҳозирги кунда Австрияда, Германияда, Бельгияда кўчириб бориш имконияти бор.

Агар сиз 4-5-курсда чет элга кетмоқчи бўлсангиз, қайси давлатда имконият кўпроқ? Кўпчилик Американи хоҳлайди, лекин у ерда жараён узоқ, ўқиш кўп пул талаб қилади. Ҳозирги кунда Германия ва Австрияда шифокорлик лицензияларини олишга реал имкониятлар мавжуд. Агар инсон немис тилини Б2 даражасида ўрганса, боради икки босқичли имтиҳони бор. 1-имтиҳонни топширганда шифокор ёрдамчиси, 2-имтиҳонни топширганда лицензия беради. Бу лицензияни олгандан кейин бевосита мутахассисликни давом эттириши мумкин. Мутахассисликни давом эттирганда бемалол пул топиш, оилани боқиш, уйга пул жўнатиш имкониятлари мавжуд.

Мен имкон қадар кўп талабалар четга чиқиши тарафдориман. Агар ўша талабалар таълим учун хорижга чиқмаса, уларнинг салоҳиятидан 100 фоиз фойдалана олмаймиз. Улар бу ерда Германияда оладиган билимини ололмайди.

— Ҳамма четга чиқиб кетаверса ва Ўзбекистонга қайтиб келмаса, яна ўша сифатсиз тиббиётда қолиб кетмаймизми?

Менинг ўзимни ўша сифатли тиббиётда ишлаяпти деб тасаввур қилсак, Ўзбекистонга қайтиб келсам, бирор клиникага ишласам. Мен “замонавий тиббиётда мана бу йўналишда даволашимиз керак, чунки бунинг орқасида далиллари бор, далилларга асосланган тиббиёт бўйича мана бундай даволаймиз, мана бу витаминларинг шифо бермайди, беморнинг чўнтагига ҳам зарар қиляпсан”- дейдиган бўлсам, ёлғизлигим учун атрофимдагиларни ўзимнинг йўлим бўйича йўналтириш қийин бўлади. Лекин менга ўхшаган беш-олти киши жамоа бўлиб келайлик, жамоа олдида шогирдлари бўлсин, уларни йиқитиш қийин бўлади.

Фото: Осмондаги болалар

— Сизнингча, Ўзбекистонда тиббиёт қай даражада? Нима қилсак, тиббиётни ривожлантира оламиз? Яъни ойлик маош тарафданми, ёки даволаш тарафданми, қандай камчиликлар бор ва биз уларни қандай тўғриласак бўлади?

Тиббиёт асосан харажатга асосланган соҳа, ундан фойда қилиш жуда қийин. Фойда қиламиз десак, четдан келадиган туризмни оширишимиз керак. Бунинг учун беморлар Ҳиндистонга кетиб қолмасликлари, биз яхшироқ мутахассис бўлишимиз керак.

Нега Ҳиндистонга кетиб қоляпти деган саволга жавоб берсак, биринчидан, мутахассис муаммо, иккинчидан, шаффофлик йўқлиги ва тарқоқликдан. Шунча сарсон бўляпмиз, барибир пулимиз кетяпти, ундан кўра Ҳиндистонга борамиз, шунча одам фойда топди дейишади.

Амалдаги тиббиётда далилларга, исботларга асосланмаган тиббиётдан фойдаланамиз. Бир бемор шифокорга оддий вирус билан борадиган бўлса, у эса антибиотикни қатор қилиб берса, ёнига икки-учта рекламалардаги дорилардан қўшиб юборади, иккинчисига борса, у бошқа хилдаги дорилар, бошқа хилдаги диагнозни беради ва ҳоказо. Шу сабабли ишонч яхши даражада шаклланмаган. Бу учун яхши мутахассис бўлиб аниқ, лўнда диагноз қўйиб ва ўшанга яраша қисқа, исботланган давони қилиш керак. Комплекс муаммо аммо тубида билимсизлик, китоб вароқламаётганимиз ётади. Муаммонинг илдизида қисқа муддатда пул ишлаб қолиш мақсади ётади.

— Телевизорда дори рекламалари жуда кўпайиб кетди. Дориларни реклама қилиш керакми?

Менинг фикримча, дорини реклама қилиш керакмас. Бизда доришуносликнинг биринчи дарсида ўқитувчи доскага “дори = заҳар, заҳар = дори” деб катта қилиб ёзиб қўйган. Ҳар қандай дори бўлсин, ножўя таъсирини бермай қўймайди. Шунинг учун бу соҳа бошқарилиши керак, дори рекламаси бутунлай назорат қилиниши керак. Бу соҳа телевидение, дори савдосидагиларнинг қўлида бўлиши керак эмас. Бу қонун билан назорат қилиниши керак. Ривожланган давлатларда бу соҳа жуда ҳам қаттиқ назоратда.

Шу ўринда тиббиёт соҳасида ўқиётган ва ўқишни истаётган укаларимиздан илтимос қилган бўлардим-ки, соҳангизнинг ҳақиқий профессионали бўлишга интилинг. Балки сиз даволаётган инсон бир кун келиб минглаб инсонлар ҳаётини қутқарар, минглаб инсонларга яхшилик қилар, энг камида оиласига ҳалол ризқ олиб кирар. Балки шунга сабабчи бўларсиз. Шунинг учун соҳангизнинг энг яхшиси бўлишга ҳаракат қилинг, чет элда ўқинг, ўша ерда ривожланинг ва бир кун келиб миллатингизга фойдангиз тегадиган кадрга айланинг. Мақсадингиз қатъийлашишида бизнинг озгина бўлса ҳам фойдамиз теккан бўлса биз бундан фақат хурсандмиз.

— Танқидий фикрлаш ўзи нима?

Биринчи қоида, фикр ва шахс — бу икки хил нарса. Шахс фикри сенинг фикрингга қарши бўлиши мумкин, бу дегани бу шахсни ёмон кўриш керак дегани эмас. Бир инсон фикри турлича бўлиши мумкин. У балки ўрганиш жараёнидадир, балки у инсон хато қилгандир, бу дегани у кишини бирданига ёмонлаш керак дегани эмас. Фикрга танқид бўлсин, аммо шахсга эмас. Ҳар қандай музокара оқ-қора рангда эмас. Шахс ва фикрни ажратган ҳолатда, фикрнинг ўзини муҳокама қилсак, менимча, жуда катта ютуққа эришган бўламиз. Афсуски, мана шу нарса бизда анча оқсоқ даражада. Бирор фикр билдирилса бирданига шахсга нисбатан ўтиб кетилади, унга нисбатан “ҳужум” бошланади ва у одамнинг ўзи ҳам кейинги сафар фикр билдиргиси келмайди.

— Мақсад қўйиш ҳақида гаплашсак…

Биринчи ўринда бирор мақсад қўядиган бўлсам, у “асли нима?”, “қандай мақсад?” – бунга имкон қадар аниқлик киритиб оламан. Шу даражагача кристаллаштириб олишим керакки, у нарса ҳеч қандай “туман”да қолиб кетмасин. Керак бўлса расмини чиқариб, деворимга осиб қўяман. Шу даражада аниқ бўлиши керак. Бундан кейин эса, бу мақсадга “нега эришмоқчисан?” деб савол қўяман. Бунга бешта сабаб бўлиши керак, шу сабабларга арзийдими бу мақсад, маънавий принципларга, қадриятларга қарши эмасми? Учинчи савол эса бу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Ана ундан кейин сен “ҳозир қаердасан?” деб савол бераман. Буларнинг ҳаммасини аниқ қилиб дафтарга ёзиб чиқаман. Охирги саволдан кейинги савол эса шу мақсадга эришишга 12 ой кетадиган бўлса, сен 6 ойда қила оласанми, деб савол бераман. Шу саволлар тартиби ҳар доим иш берган. Бу мақсад қўйишдаги саволлар.

Энди, иккинчи қисми, “ҳаётдан мақсад нима?”, “ҳаётда яшаш принциплари қанақа?” деб сўралганда, энг аввало асосий принцип “зарар етказма”, фойданг тегмаса тегмасин, зараринг ҳам тегмасин. Агар шунақа қилсанг ҳам яхши ҳаёт кечирган бўласан. Агар шу нарсадан ўтдингми, энди иккинчи босқич уч қисмга бўлинади. Биринчиси, маънавий компас, қадриятлар яратиб олиш керак бўлади. Чунки эртага бирор қийинчиликка дуч келинса, қанчалик тўғри қадриятларга солиштирилади. Иккинчидан, ўзини қорнини тўйдириш учун қанақадир кўникмаларга эга бўлиши керак. Учинчиси, пул билимини ўрганинг. Кейин эса одам ўзига ўзи инвестиция қилиши керак. Ундан кейин эса оилага ёрдам бериши керак.

Ундан кейинги босқич эса жамиятга ёрдам бериш. Ундан кейингиси эса инсониятга ёрдам беришдир. Бирданига 1-босқичдан 4-босқичга сакраса оиласи зарар кўради. Бундайлар халқ ичида юради, халққа фойдаси тегади, лекин фарзандларини кўрмайди, аёли ундан 100 фоизга рози эмас. Ўшанга чиқолсагина одам ўзини бахтиёр ҳис қила олади.

— Ёшлар нима қилса ўзида интизом жорий қила олади?

Интизомни ривожлантириш талаби қийинчилик деб ҳисоблайман. Одам қийинчиликлардан ўтса, ўзига бўлган ишончи ошади. Қийинчилик қандай бўлсин, руҳийми, жисмонийми шундан ўтишга тайёр бўлганда, одам ривожланади. Жисмоний қийинчиликдан ўтиш руҳий қийинчиликдан ўтишдан осон. Масалан, кўчага чиқиб 5 километр югуриб кел. Олдинга мақсад қўй ўша 5 километрни югураман ва умуман тўхтамайман. Ана шунақа кичкина нарсалар билан интизом ривожланади.

— Келажак режаларингиз қандай?

Мен фаол равишда, қийинчилик йўлида қабул қилган мақсадим 5 йилдан кейин нафақага чиқиш. 5 йилдан кейин ишламаслик эмас, ойлик учун ишлашга мажбур бўлмасдан, молиявий эркинликка эришиш керак. Шунақа эркинлик бўлсин, дунёнинг хоҳлаган жойида эркин ишлаш имконияти бўлсин. Нега буни хоҳлайман, орқасида бир тарих бор. Ҳиндистонда ишлаганимда текинга беморларни ўзимиз билан олиб келиб, операция қилиб, яна қайтариб олиб бориб қўяр эдик. Шундай кунларнинг бирида бир кишини операция қилдим. Кўзи очилди, бир неча йилдан бери кўрмаётган экан, шу даражада йиғлаяпти. Ўз миннатдорчилигини билдирмоқчи, аммо берадиган нарсаси йўқ. Ўшанда “Бек бекорга дунёга келмаган экансан” деган ҳиссиёт бўлди. Ўша ҳиссиётга ҳали қайта эриша олганим йўқ. Европада беморларни даволайсиз, сиз қилмасангиз бошқаси қилади. Шунинг учун ўша воқеа ортидан қувлаб, ўша ҳиссиётга эришмоқчиман. Инсон пул учун ҳаракат қилмаса, имкониятлари жудаям кенг очилади. Кейинги 5 йилликда мақсадларим шу. Бунга қандай эришаман ҳали билмайман, лекин мақсадларим шу.

Мавзуга оид