07:38 / 14.02.2022
7774

Комил Алламжонов: «Йўлларда ўзгариш қилиш учун 3 та асосий масаланинг ечимини топиш керак»

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов йўлларда ўзгариш қилиш учун 3 та асосий масаланинг ечимини топиш керак дея, таклиф берди.

«Бугун йўлларда аҳвол жуда ёмон. Фожиали даражада ёмон. Унинг ечими фақат ўқув ташкилотлари, гувоҳномани қандай олиш билан боғлиқ эмас. Лекин кўчадаги аҳволни яхшилаш бўйича 3 та энг асосий масала бор. Шу 3 та масаланинг ечими топилгандан кейингина йўлларда тартиб пайдо бўлади», дейди Комил Алламжонов.

Унинг сўзларига кўра, биринчи масала инфратузилма (йўлларнинг равонлиги, жамоат транспорти тизимини яхшилаш, пиёдалар ва ҳайдовчилар учун етарли шароит, йўл белгилари, тизимнинг рақамлаштирилгани ва ҳ.к.)га тааллуқли.

Иккинчи масала - маъмурчилик (йўл қоидалари тўғрилиги, жазонинг барча учун муқаррарлиги, ашаддий қоидабузарларга жавобгарликни кучайтириш ва ҳ.к.).

Учинчи ўринда - ўқитиш ва имтиҳон масаласи (автомактабларда ўқитиш сифатини ошириш, ўқимаганларга ҳайдовчилик гувоҳномасини бермаслик).

«Бугун республикада 1000 дан ортиқ автомактаблар фаолият юритмоқда. Уларнинг ҳар бирида, қоида бўйича, ўз автодроми, ўз автопарки бўлиши керак. Ўқув дастури ва амалиёт вақтини тўлиқ ўтиш лозим. Ана шунда бу ердан сифатли ҳайдовчилар етишиб чиқади, ҳозир эса ундай эмас.

Юқоридаги учта масала ҳал бўлмас экан, йўлларимизда аҳвол яхши бўлмайди. Фақат имтиҳоннинг сифатини ошириб, аммо маъмурчилик кучли бўлмаса, инфратузилма талабга жавоб бермаса, авария ҳолатлари барибир бўлаверади. Бизнинг бош мақсадимиз - ўлим ҳолатини нолга тенглаштиришга эришиш», дейди Комил Алламжонов.

Аввалроқ, Комил Алламжонов йўлларда тартиб бўлиши учун 3 та асосий масалага эътибор қаратиш кераклигини айтганди.

Унга кўра, йўл инфратузилмасини бутунлай такомиллаштириш, йўллардаги назорат тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва ўқитиш, имтиҳон тизимларини тубдан ислоҳ қилиш керак.

Билдирилишича, ушбу масала бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш учун нодавлат ташкилотини тузиш ва унга фаоллар, соҳа мутахассисларини жалб этиш мўлжалланмоқда.

Top