15:34 / 17.02.2022
25336

Марказий банк ижтимоий тармоқларда тарқалган «камёб банкнот» бўйича изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда тарқалган қиймати «100 доллар» бўлган ва «20» рақами туширилган банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмаслиги маълум қилинди. У 2014 йилда реклама маҳсулоти сифатида чиқарилган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон миллий валютаси – сўмнинг муомалага киритилганлигига 20 йил тўлганлиги муносабати билан «20» рақами туширилган банкнот чиқарилган бўлиб, унинг бозор қиймати 100 долларга баҳоланиши ҳақидаги видеолар тарқалди.

Марказий банкнинг аниқлик киритишича, ушбу банкнот пул белгиси ҳисобланмайди ва ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқалган намуна Марказий банк томонидан эмас, балки “Давлат белгиси” корхонаси томонидан 2014 йилда, юбилей сана муносабати билан корхонанинг реклама маҳсулоти (сувенир) сифатида чиқарилган.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган банкнот кўринишидаги – «cўм»нинг муомалага киритилганининг 20 йиллиги муносабати билан 20 рақами туширилган намуна Марказий банк томонидан муомалага чиқарилган пул белгиси ҳисобланмайди.

Янги намуналардаги пул белгилари муомалага чиқарилиши тўғрисидаги хабар, шунингдек, уларнинг тавсифлари Марказий банк томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу намуна Марказий банк томонидан эмас, балки “Давлат белгиси” корхонаси томонидан 2014 йилда юбилей сана муносабати билан корхонанинг реклама маҳсулоти (сувенир) сифатида чиқарилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқатилган банкнот ҳеч қандай қиймат ўлчовига эга эмас (унда сўм ёзуви қайд этилмаган), муомала ва тўлов воситаси сифатида фойдаланишга мўлжалланмаган.

Шу сабабли, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан аҳоли орасида ҳар хил саволлар ва тушунмовчиликларни келтириб чиқармаслик мақсадида асоссиз ахборотларни тарқатмаслик сўралади», дейилади расмий муносабатда.

Top