Ўзбекистон | 16:57 / 23.02.2022
47957
4 дақиқада ўқилади

Ўқувчини жазолаш мумкин эмас, унда ўқитувчи дарс қилмаган ўқувчига қандай чора кўриши мумкин?

Дарс қилмай келадиган, мактаб ички тартиб-қоидаларини бузадиган ўқувчиларни жазолаш мумкин эмас, деб маълум қилган Халқ таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи таълим-тарбияси муаммоли болалар билан қандай ишланиши ҳақида маълумот берди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати

Ўқитувчи дарс тайёрлаб келмайдиган, мактаб ички тартиб-қоидасини бузадиган ўқувчиларни жазолаши мумкин эмас. Бироқ унинг ҳолатини боланинг ота-онаси иштирокида муҳокама қилиши мумкин. Агар ўқувчи ўзгармаса, у мактабнинг ички рўйхатига киритилади.

Бу ҳақда бугун, 23 феврал куни Халқ таълими вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида вазирлик маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Акбар Тагаев маълумот берди. Kun.uz мухбири вазирлик расмийсининг изоҳларини келтириб ўтади.

Ўқувчиларга тўғридан тўғри жазо чораси қўллаб бўлмайди

Шахс вояга етгунга қадар унинг хатти-ҳаракатлари учун ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчилар жавобгар бўлади. Ўқувчиларга тўғридан тўғри жазо чорасини қўллаш қонунан мумкин эмас.

Албатта, агар ўқувчи дарсга тайёрланиб келмаса, уни муҳокама қилиш учун дарс вақти камлик қилади, ўқувчилар сони эса кўп. Ана шундай ҳолатда ўқувчига нисбатан қандай йўл тутиш кераклиги “Умумий ўрта таълим муассасасининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари”да белгиланган.

Дарсга тайёрланиб келмаган ўқувчининг кундалигига ёзма тарзда маълумот бериш ёки синф раҳбари орқали ота-онани хабардор қилиш керак. Ҳозир мактабларда Kundalik.com платформаси ҳам ишлаяпти. Бу платформага маълумот киритиш орқали ҳам ўқувчи дарс қилиб келмагани ҳақида ота-онани хабардор қилиш мумкин. Бу – биринчи қадам.

Агар бу қадам ўзини оқламаса ва ўқувчи дарсни ўзлаштирмай келишда яна давом этса, унда ўқитувчи синф раҳбари орқали боланинг ота-онасини мактабга чақиртиради. Мактаб директори, синф раҳбари, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, психолог иштирокида фан ўқитувчиси ота-она билан ўқувчининг ҳолатини муҳокама қилади.

Ўқувчини рўйхатга киритиш мумкин

Агар бу чора ҳам кутилган натижани бермаса, унда кейинги босқичга ўтилади. Мактабларда оила-маҳалла-таълим муассасаси жамоатчилик кенгашлари фаолият юритади. Бу жамоатчилик кенгаши аъзолари қарори билан ўқувчини мактабнинг ички профилактик рўйхатига киритиш мумкин. Бундай рўйхатга мунтазам равишда одоб-ахлоқ қоидаларини бузиб келаётган ўқувчилар мактаб раҳбари буйруғи ва жамоатчилик кенгаши қарори асосида киритилади.

Бу рўйхатда ўқувчи 6 ойгача туриши мумкин, бироқ муддат ўтгунча ҳам ўқувчида ўзгариш бўлмаса, мактабнинг мурожаати билан бола Ички ишлар бўлимларининг профилактик рўйхатига қўйилади.

Ҳар иккала ҳолатда: ўқувчи мактаб ички рўйхатига ёки Ички ишлар бўлимларининг профилактик рўйхатига қўйилганда ҳам ота-онадан тилхат олинади. Мактабнинг таъсир чораси – шу.

Ички рўйхатдагилар билан қандай ишланади?

Январ ойи ҳолатига кўра, 10 мингдан ошиқ мактабда 150 мингдан ортиқ ўқувчи мактабларнинг ички рўйхатида туради.

Бу рўйхатдагилар ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этмаган, фақат ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор болалар.

Бундан ташқари, ота-онаси меҳнат муҳожирлигида бўлиб турган, кекса бувиси қарамоғида қолган ўқувчилар ҳам ички рўйхатга киритилади. Улар ҳеч қандай ёмон иш қилмаган, фақат бундай болалар билан кўпроқ ишланади, мураббий бириктирилади, тўгаракларга жалб қилинади.

Мавзуга оид