Янгиланаётган Ғафур Ғулом боғи: Тошкент учун қадрли маскандан репортаж
Тақдири ҳақида турфа тахминлар билдирилган боғлардан бири – Тошкент шаҳрида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги боғ атрофидаги хавотирлар барҳам топадиган бўлди. 2019 йил ёзги мавсумдан кейин реконструкция учун ёпилган Тошкентдаги энг йирик боғлардан бири жорий йилда яна ўз эшикларини очади.

Аҳоли қайғурганича бор – сўнгги йилларда пойтахтдаги боғлар ва дарахтларга нисбатан тийиқсиз ҳаракатлар содир этилмоқда. Шаҳар ҳудудидаги яшил ҳудудлар, кўллар инвестиция баҳонасида турли хусусий фирмаларга сотиб юборилаётгани ачинарли.
Ғафур Ғулом номидаги боғ шаҳарнинг энг йирик ва сўлим паркларидан бири бўлиб, бу ерда 2 та сунъий кўл ва минглаб дарахтлар бор. Бундай ҳудудлар йирик мегаполиснинг зарарли тутун ва чангларга тўла атмосферасини тозалаб, шаҳарга ўпка вазифасини бажариб беради. Одамлар шовқин-сурон ва тутунлардан холи шундай жойларда дам олишади, кўнгил очишади.
Боғнинг янги эгалари президентнинг Тошкентдаги яшил ҳудудларни кўпайтириш борасидаги қарор ва фармонларини амалга татбиқ этишда намуна бўла олишларини кўрсатмоқчилар. Буни амалда кўриш учун эса тошкентликлар ва пойтахт меҳмонларидан яна бироз кутиш сўралмоқда.
Маълум қилинишича, боғ ҳудудидаги кўллар қуритилмайди (Миллий боғдаги аянчли ҳолатга бу ерда йўл қўйилмайди), аксинча, дам олиш учун янада қулай ҳолатга келтирилади. Халқ орасида “бублик – тешиккулча” номи билан танилган кўл ва унинг ўртасидаги оролча фақатгина сокинликни хуш кўрадиганлар учун сайл ва сайр ҳудуди бўлади. Бу кўлда қайиқлар ҳам, катамаранлар ҳам, кафелар ҳам, аттракционлар ҳам бўлмайди. Фақат дарахтлар, ўриндиқлар, фонуслар ва сакинат! Оролчага олиб борувчи икки кўприк буткул янгидан қурилмоқда. Кўлга ўрдаклар, оққушлар, ғозлар ва бошқа паррандалар қўйиб юборилади.
Иккинчи кўл эса аввалги мақомига қайтарилади, яъни унда чўмилиш учун пляж зонаси, фаол дам олувчилар учун волейбол, баскетбол ва соҳилда ўйнаш мумкин бўлган бошқа спорт турлари учун майдончалар барпо этилмоқда. Кўлнинг пляжга қарама-қарши қирғоғида амфитеатр қурилмоқда. Бу амфитеатр трибуналари кўлга қараган бўлиб, томошабинлар турли кўнгилочар чиқишларни зумрад кўл фонида кузатишлари мумкин бўлади.
Кўрсатувимиз орқали парк ҳудудидаги аттракционлар янгиланаётгани, улар қайси давлатлардан олиб келинаётгани, харажатлар миқдори, ўт ўчириш гидрантлари, кичик ёшдаги болалар, ўсмирлар ва катталар учун мос келадиган ҳар турли тематик аттракционлар ва ҳудудлар, ёпиқ ва очиқ интерактив ҳудудлар, битта ёпиқ ва 3 та очиқ болалар майдончалари, янги қурилаётган томоша чархпалаги, воркаут майдончалари ва велойўлаклар, алоҳида ҳудудда жойлаштириладиган фуд-зона, дарахтлар ва чимларни суғориш учун томчилатиб ва ёмғирли суғориш тизимлари ўрнатилаётгани, ва муҳими, реконструкция даврида дарахтларга зиён етказилмагани ҳақида билиб оласиз.
Ёз мавсумида фойдаланишга топширилиши режаланган бу боғга дам олгани бора олиш учун яна бироз вақт бор, унгача эса бизнинг кўрсатув орқали жараёндан воқиф бўлинг.
Мавзуга оид

16:55 / 15.12.2022
Dream Park (Ғафур Ғулом боғи) сизни мўъжизавий эртагига таклиф қилади

12:24 / 27.10.2022
Ҳукумат расмийлари Ғафур Ғулом боғининг номини ўзгартирмаслик масаласида тадбиркор билан учрашув ўтказди

17:48 / 26.10.2022
“Ғафур Ғулом боғининг номи ўзгармайди” — Чилонзор тумани ҳокимлиги

13:51 / 25.10.2022