Ўзбекистон | 12:24 / 27.10.2022
4167
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумат расмийлари Ғафур Ғулом боғининг номини ўзгартирмаслик масаласида тадбиркор билан учрашув ўтказди

Расмий хабарга кўра, расмийлар билан учрашувда тадбиркор боғнинг номини ўзгартиришга “ҳеч қандай хоҳиши йўқлиги”ни ва Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилишини айтган. “Dream Park” ва “Орзулар боғи” деган номлардан “фақат савдо белгиси сифатида” фойдаланишини билдирган.

Фото: Маънавият ва давлат тили масалалари департаменти матбуот хизмати

26 октябр куни расмий шахслар ва Сингапурнинг “BMP Smart Decision Private Limited” компанияси раҳбарияти ўртасида Ғафур Ғулом номидаги истироҳат боғининг номи ўзгариши бўйича ижтимоий тармоқлардаги шов-шувлар юзасидан учрашув ўтказилди.

Учрашувда Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти бўлим мудири У.Маҳмудов, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари А.Хен, ҳокимнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Рўзитоев, Топонимика бўлими бошлиғи А.Жабборов, компания раҳбари О.Мирзажонов ва унинг ўринбосари З.Мирзаулуғов иштирок этган.

Департамент хабарига кўра, учрашувда тадбиркор боғнинг номи ўзгармаслигини, Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қилишини, боғнинг номини ўзгартиришга “ҳеч қандай хоҳиши йўқлиги”ни айтган.

“Dream Park” ва “Орзулар боғи” деган номлардан “фақат савдо белгиси сифатида” фойдаланишини билдирган.

Учрашувда тадбиркорга “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонун талаблари ҳақида маълумот берилган.

Эслатиб ўтамиз, Ғафур Ғулом боғи “Dream Park” номи билан қайта очилиши ҳақида аввалига Чилонзор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган эди. Шундан кейин халқ ўрганиб қолган ном ажнабий сўзлар билан алмашаётгани эътирозларга сабаб бўлгач, ҳокимлик матбуот хизмати бу борадаги хабарини таҳрирлади.

Уч йилдан буён таъмирлаш ишлари сабаб ёпиқ бўлган Ғафур Ғулом боғи тез кунларда очилиши ваъда қилинган. Чилонзор тумани ҳокимлиги боғ ҳали очилмагани, аттракционларнинг хавфсизлигини синаш ишлари якунлангач, расмий очилиш маросими бўлишини маълум қилган.

Боғ Сингапурда рўйхатдан ўтган, Ўзбекистон фуқаросига тегишли “BMP Smart Decision Private Limited” компаниясига 49 йилга ижарага берилган. Ижара шартномасининг шартлари кенг оммага очиқланмаган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид