14:09 / 03.03.2022
13046

Сурхондарёда фуқаронинг видеоларини интернетда тарқатиш билан қўрқитиб, 1000 доллар талаб қилган шахс ушланди

ИИБ ходимлари ўтказган тадбирда у жабрланувчидан ўзи талаб қилган пулдан 500 долларини олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Тергов департаменти

Вилоят ИИВ тергов департаментининг хабар беришича, Шўрчи тумани Какан маҳалласида яшовчи 40 ёшли Х.А. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида 2022 йил 27 феврал куни Шўрчи туманида яшовчи, 33 ёшли Х.М. унга тегишли сир сақланиши лозим бўлган видеотасвир борлигини айтиб, уларни интернетда тарқатиб юбормаслик эвазига Х.А.дан 1 000 доллар талаб қилиб келганини маълум қилиб, Х.М.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза юзасидан 2022 йил 27 февраль куни соат 22:00 ларда ИИБ ходимлари томонидан Шўрчи тумани Бобур маҳалласида ўтказилган тезкор-тадбир давомида, Х.М. аризачидан сир сақланиши лозим бўлган видеотасвирни интернетда тарқатмаслик эвазига талаб қилиб келаётган 1000 доллардан 500 долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Шўрчи тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Х.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top