17:30 / 04.03.2022
8428

Шавкат Мирзиёев Покистон президенти билан учрашув ўтказди ва Тошкентга қайтди

Исломобод шаҳрида 4 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Президенти Ориф Алвийнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Президентлар бир-бирини самимий қутлаб, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари ҳар томонлама ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар. 

Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга экани ҳамда ҳамкорликни янада кенгайтиришга кучли туртки бўлиши таъкидланди.

2022 йилда мамлакатларимиз муҳим сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлайдилар. Ўтган вақт мобайнида сиёсий мулоқот ва ҳамкорликда катта муваффақиятларга эришилди. Ўзаро товар айирбошлашда жадал суръат кузатилмоқда. Ўтган йили, пандемияга қарамай, унинг ҳажми 50 фоиздан зиёдга ошди.

Учрашувда савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни изчил кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 

Давлат раҳбарлари Покистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни олқишладилар. Айни пайтда ҳамкорликни, шу жумладан гуманитар соҳада кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди. 

Президентимиз Ўзбекистон ва Покистоннинг фан, таълим, юқори технологиялар ва ёшларга доир сиёсат соҳаларидаги ташаббуслари мамлакатимизнинг Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасидаги мақсадларига ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди. 

Томонлар шерикликнинг ушбу йўналишини ҳар томонлама ривожлантиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар. Ўзбекистон Президенти астрономия, астрофизика, физика, математика, вирусология ва робот техникаси бўйича илмий-амалий тадбирларни ўтказишда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг “КОМСТЕК” Илмий-техник ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси имкониятларидан фойдаланишни таклиф этди.

Томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди. Минтақавий хавфсизлик ва Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратилди. 

Шавкат Мирзиёев Ориф Алвийга меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, яқинлашиб келаётган миллий байрам – Покистон куни муносабати билан самимий табрик ва энг эзгу тилакларини изҳор этди ҳамда уни ўзига қулай вақтда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

Учрашув илиқ ва дўстона муҳитда ўтди. Томонлар кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтиришга интилиши қатъий эканини тасдиқладилар.

Шу билан Ўзбекистон президентининг Покистонга давлат ташрифи якунланди ва Шавкат Мирзиёев Тошкентга қайтди.

Top