19:17 / 09.03.2022
18888

Ўтган бир йил ичида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қанчага қимматлашди?

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда бир йил ичида суякли мол гўшти 9 фоизга, кунгабоқар ёғи 26,4 фоизга, пахта ёғи 27 фоизга, шакар нархи эса 22,7 фоизга қимматлашган.

Фото: iStock

Ўтган бир йил давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига инфляция қай даражада таъсир кўрсатди? Kun.uz Статистика қўмитаси тақдим қилган маълумотлар асосида нархлар ўзгаришини таҳлил қилиб чиқди.

Суякли мол гўшти

Қайд этилишича, суякли мол гўшти 2021 йилнинг февраль ойига нисбатан 9 фоизга қимматлашган.

Статқўм маълумотларига кўра, 2022 йил 2 март ҳолатига суякли мол гўштининг 1 килограмми республиканинг марказий бозорларида 45-68 минг сўм оралиғида сотилмоқда.

Марказий банк таҳлилларига кўра эса, марказий бозорлардаги 1кг гўшт нархининг ўртача баҳоси 60-70 минг сўм атрофида.

Маълумот учун, 2021 йил давомида Ўзбекистонга 188 миллион доллар қийматидаги (2020 йилга нисбатан ўсиш 84 фоиз) гўшт маҳсулотлари (товуқ гўшти) импорт қилинган.

Қўй гўшти

Қўй гўшти 2021 йилнинг февраль ойига нисбатан 8,4 фоизга қимматлашган бўлса, жорий йилнинг январь ойига нисбатан 0,2 фоизга арзонлашган. Статқўмнинг охирги маълумотлари бўйича, бозорларда қўй гўшти 64-80 минг сўм оралиғида сотилмоқда. Марказий банк маълумотларига кўра эса нархлар 66-80 минг сўм атрофида.

Аввалроқ, Марказий банк озуқа-ем захираларининг камайиши шароитида арпа, буғдой ва бошқа чорва озуқаси таклифининг қисқариши, бундан ташқари Қозоғистон томонидан йирик ва майда шохли қорамоллар экспортига тақиқлар жорий қилиниши жорий йил давомида ички бозорда гўшт нархларининг қимматлашишига таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақида маълумот берганди.

Кунгабоқар ва пахта ёғи

2021 йилнинг февраль ойига нисбатан кунгабоқар ёғи 26,4 фоизга, пахта ёғи нархи эса 27 фоизга ошган. 7 март ҳолатига кўра, республиканинг марказий бозорларида 1 литр кунгабоқар ёғи 18-23 минг, 1 литр пахта ёғи эса 15-19 минг сўм оралиғида сотилаётгани қайд этилган.

Шакар

Шакар нархи ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан олинганда 22,7 фоизга, декабрь ойига нисбатан эса 1,5 фоизга, жорий йилнинг январь ойига нисбатан эса 0,5 фоизга қимматлашган.

Жорий йилнинг 7 март ҳолатига кўра, республиканинг марказий бозорларида 1 кг шакар 9-10 минг сўм оралиғида сотилмоқда.

Гуруч ва буғдой уни

Йиллик нисбатда гуруч нархи 1,2 фоизга арзонлашган, буғдой уни эса 9 фоизга ошган. 2021 йилнинг декабрь ойидан бери эса гуруч нархи 0,2 фоизга пасайган, буғдой уни 2,2 фоизга қимматлашган.

2021 йилда Ўзбекистонга 616 миллион долларлик буғдой (2020 йилга нисбатан ўсиш 10 фоиз), 158 миллион долларлик ун ва ун маҳсулотлари (ўсиш 19 фоиз) импорт қилинган.

Тухум ва сут

Ўтган йилнинг февраль ойидан бери тухум 3,6 фоизга, сут нархи эса 15,2 фоизга кўтарилган. Бу кўрсаткични 2021 йилнинг декабрь ойи билан солиштирсак, тухум нархи 2,9 фоизга пасайган, сут нархи эса 2,1 фоизга ошганини кўришимиз мумкин.

Шунингдек, Марказий банк ўтказган таҳлилларга кўра, 7 март ҳолатида марказий бозорларда 1 кг олма 9-15 минг, 1кг картошка 4-5,5 минг, 1кг пиёз 2,5-4,5 минг, 1кг сабзи 1,5-3,5 минг, 1кг парранда гўшти 20-28 минг, 1 кг биринчи навли буғдой уни 4-6,5 минг, нон (обинон) – 2-3 минг, 1кг шакар 9-10 минг, 1 кг гуруч 8-10 минг оралиғида сотилаётгани келтириб ўтилган.

Маълумот учун, жорий йилнинг февраль ойидаги кўрсаткичга кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция даражаси 13,1 фоизни ташкил қилмоқда.

Умумий истеъмол секторидаги инфляция даражаси эса расман 9,7 фоиз. 2021 йил якунида йиллик инфляция даражаси 8-9 фоизга тушиши прогноз қилинганди.

Top