Путин муддатли ҳарбий хизматчилар Украинага юборилгани бўйича текширув ўтказишни буюрди
Россиялик муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга жалб этилган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
«Афсуски, Украинадаги махсус ҳарбий операцияда Россия қуролли кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар ҳам иштирок этаётгани билан боғлиқ бир нечта фактлар аниқланди. Уларнинг деярли барчаси Россияга қайтарилган. Логистик ёрдам вазифасини бажараётган бўлинмага қилинган ҳужум оқибатида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар, жумладан, муддатли ҳарбий хизматчилар ҳам асир тушган.
Айни дамда муддатли ҳарбий хизматчиларни жанговар ҳаракатлар бораётган ҳудудларга юборишнинг олдини олиш ва асир тушганларни қутқариш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», дейилган Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Россия президенти Владимир Путин муддатли ҳарбий хизматчиларнинг Украинага юборилиши ҳолатини текшириш бўйича ҳарбий прокуратурага кўрсатма берган. Кремль расмий вакили Дмитрий Песковнинг айтишича, Путин ҳарбий ҳаракатларга муддатли ҳарбий хизматчиларни юбориш қатиян ман этилиши бўйича кўрсатма берган ва буйруқ бажарилгани ҳақида ҳисобот қабул қилган.
«Махсус ҳарбий операция бошланишидан аввал президент муддатли ҳарбий хизматчиларни Украинадаги ҳар қандай вазифага юбориш тақиқланиши тўғрисида кўрсатма берган эди. Унга буйруқ бажарилгани ҳақида ҳисобот беришган. Президент топшириғи билан бу буйруқни бажармаганларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош ҳарбий прокуратурага керакли материаллар юборилган», деди Песков.
Россия президенти Владимир Путин 8 март куни аёлларни табриклаб йўллаган видеомурожаатида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда муддатли ҳарбий хизматчилар иштирок этмаётгани ва иштирок этмаслигини айтганди.