17:43 / 24.03.2022
12749

Биолог Бахтиёр Шералиев — Хитойда Ўзбекистон балиқларини ўргангани, сохта интеллектуаллар ва йўлини топа олмаётган ёшлар ҳақида

Хитойда ихтиология йўналиши бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган олим Бахтиёр Шералиев «Осмондаги болалар» лойиҳасининг 22-сони меҳмони бўлди.

Фарғона вилоятида таваллуд топиб, ФарДУни битирган ва Хитойнинг Чончинг шаҳридаги Жанубий-ғарбий университетида ихтиология йўналишида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган Бахтиёр Шералиев ҳозирда Хитойдаги университетда PostDoc лавозимида фаолият юритиб келмоқда.

Интернетнинг ўзбек сегментида биологияга оид ўзбек тилидаги илмий материалларни кенгроқ оммага ёйиш мақсадида ташкил этилган Hujayra.uz лойиҳаси асосчиси бўлган Бахтиёр Шералиев суҳбат давомида ёшлардаги реал муаммолар ва уларнинг ечимлари, илмий раҳбар танлаш, демотивация бўлган ҳолларда қандай оёққа туриш, «бажарувчи»дан «фикрловчи»га айланиш кераклиги ҳақида тавсияларини бериб ўтди.

Фаолият йўли

Биология соҳасига чуқурроқ кириб боришимда устозим Зилола Ибрагимованинг ўрни беқиёс. Мендаги биологияга бўлган чўғларни оловлантирган, шу йўлга киришимда ва профессионал ушлашимда шу инсоннинг меҳнати катта. Фанга нисбатан самимийликни, одилона бўлишликни ўргатган. Ҳеч қачон олимпиадалардан олдин саволларни ўзлари тузган бўлсалар-да, бермасдилар. Чунки бу илм олаётган инсондаги энг яхши хислатлардан бўлиши керак. Биолог бўлишимга асосий сабаб шу киши бўлган.

Ҳозиргача кўз олдимдан кетмайди. 2007 йилда Фарғона давлат университетига ҳужжатларимни бориб топширмоқчи бўлганимда ўша ердагилар: «Биология йўналишига қизлар топширади, ўғил болалар ўқийдиган соҳа эмас», деган. Мен: «Биолог бўлгани келдим, биолог бўлишим керак», деганман. Биринчи йилиёқ грантга кирганман. Мен биологияни биолог бўлиш учун ўқиганман, ўқитувчи бўлиш учун ўқимаганман.

Бу мақсад қаердан пайдо бўлган?

Биологияни ўрганишнинг ўз методлари бор. Биринчиси – кузатиш, иккинчиси – таққослаш. Кузатиш биологияни ўрганишнинг энг қадимги методларидан бири. Шу нарса менда туғма бўлган, балки бобом биолог бўлгани учунми, доим кузатиб юрардим. Дафтарларим бўларди, ўсимликларни кузатиб, моллюскаларни сувдан олиб, текшириб кўрардим. Ўқитувчиликдан кўра, биологияни ўрганишда табиий қизиқишлар пайдо бўлган.

2011 йил бакалаврни тугатдим. Бакалаврни тугатаётган пайт амалиётда дарс берганмиз. Бакалаврдан кейин магистратурада зоологияни ўрганишни бошладим ва мактабдан узоқлашдим. Ўқиш ярмидан университетда лаборант бўлиб ишлаб, кичик жиҳатларига ҳам кириб борганмиз. Бу мен учун муҳим мактаб бўлган. Магистратурага киришдан аввал 1 йил мактабда дарс берганман. Магистратурада ўқиётганимда 100 нафар ўқувчига репетиторлик қилиш имконияти бўлган, аммо лаборантликни танлаганман. Лаборантнинг ойлиги икки нафар боланинг репетитор пули билан бир хил эди. Ўша пайтларда мактаб директоримиз ҳам руҳий далда берган ва шу билан иш бошланиб кетган.

Моддият масаласи

Биз инсон ўлароқ, эътироф этилишга эҳтиёж ҳис қиламиз. Нега айнан балиқларни танлаганман? Чунки бу йўлда мутахассис йўқ. Агар мен ростдан ҳам чиқа олсам, энг зўр мутахассис бўламан ва эътироф этиламан, деган ишонч бўлган. Агар балиқчиликни танламаганимда, бу йўлдан қайтаришаётганда ҳам оёқ тираб олмаганимда, Хитойга бормас ва илмий тадқиқотлар қилмаган бўлардим. Риштонда репетиторлик қилаётган ва «Осмондаги болалар»да чиқаётган қайсидир суҳбатни ҳавас ва армон билан томоша қилиб ўтирган бўлардим.

Мен ўзим учун қоидалар ишлаб чиқаман. Қоидалар яшашимни осонлаштириб беради. Баъзилар қоидалар билан яшаш қийин деб ўйлайди, аммо ҳар бир жараёнга бу қоидаларни татбиқ қилганимдан сўнг яшашим осонлашган. Ана шу қоидалардан бири – моддият муҳим эмаслиги. Шу қоидалар менинг илм йўлидан юришимга сабаб бўлган.

Моддиятдан устун бўлишлик

Ҳамма нарсани илмга тўғри келадими, йўқми, баҳолаб кўраман. Бу саволнинг жавоби илмда бериб бўлинган. Масалан: Маслоу эҳтиёжлар пирамидаси бор. Бизда ҳар доим қорнимга эмас, қадримга йиғлайман, дейди. Йўқ, қорни тўйган одамгина қадрига йиғлайди. Бизда бирламчи эҳтиёжлар бор. Булар: еб-ичиш, уй-жой бўлиши, турмуш қуриш, кийим кийиш – худди булар бирламчи. Қандай кийим кийиш эса иккиламчи эҳтиёжга киради.

Одам кўрпасига қараб оёқ узатиши керак. Масалан, мендан ҳеч қачон бизнесмен чиқмайди, қобилият йўқ. Хитойда доимий кириб-чиқиш виза ҳамёним бўларди. Кўп бизнесменлар айтарди: «Сен бу виза билан қанча савдогарчилик қилсанг бўлади, мана бу маҳсулотни олиб келиб сотсанг бўларди». Ҳамма ўз ишини қилгани маъқул. Менинг соҳам бу – илм.

Илмни қаттиқ ушлаган одамни илмнинг ўзи боқиб олади

Мен мазза қилиб ишлашни, мазза қилиб яшашни хоҳлайман. Шу мақсад ила репетиторлик қилсам-у, илм билан шуғулланмаганим, айнан шу соҳада кетмаганим учун юрагимда доимий армон қолса, бу иш менга татимайди. Илмни қаттиқ ушлаган одамни илмнинг ўзи боқиб олади. Ҳозир менинг моддий аҳволим репетиторлик қилаётганлардан анча-мунча яхши. Барчаси илм туфайли, шу балиқларга содиқ қолганим учун. Соҳамни ҳеч қачон қўйиб юбормаганлигим учун.

2014 йилда магистратура тугади, ишга кирдим, осон бўлмаган. Қийинчиликлар, иш ставкам камлиги ва иш жараёнларида ҳар хил қаршиликлар. Лекин мен буларни табиий қабул қилганман. Шундай бўлиши керак экан, шундай бўляпти.

2015 йилгача ҳаётимда ҳеч нарса ўзгармаса, барчасини ташлаб, Риштонга бориб репетиторлик қиламан, деб ўзимга ваъда бердим. Ўша йили университетга Хитойдан грант келди. Шу грантга ҳужжат тайёрлай бошладим. Бунда ҳам қаршиликлар бўлди. «1998 йилдан бери ҳеч ким юта олмаган, барибир ярмидан ташлаб қўясан, вақтинг кетгани қолади», дейишди. Лекин жараёндан ўтдим.

Муаммолардан уларни ҳал қилибгина қутулиш мумкин

Бир куни дарс ўтиб турсам, Олий таълим вазирлигидан телефон бўляпти. Шокка тушиб қолдим, аудиторияда дарс ўтиб турган жойимда нима дейишимни билмай қотиб қолганман. «Сизнинг ҳужжатларингиз қабул қилинди, Хитойнинг шу университетига борасиз, паспортингизнинг стикерини тайёрланг», деган маънода телефон қилишган. Шу қоронғи туннелда бир шуъла менинг ҳаётимда тубдан бурилишга сабаб бўлган.

Шу тариқа ҳужжатлар тайёрланган ва биринчи маротаба 2015 йилда 10 ойлик амалиёт учун Хитойга кетганман. У ерга кетишдан асосий сабаб муаммолардан қочиб кетиш эмас. Чунки бир қоида бор, сиз қанчалик муаммолардан қочсангиз, улар сизни шунчалик таъқиб қилиб бораверади. Муаммоларни ҳал қилибгина, улардан қутулишингиз мумкин.

2017 йилда эса докторантурада ўқиш учун Хитойга кетдим. У ерда балиқларни классификация қилиш бўйича илмий тадқиқот олиб бордим. Бугунгача ўзимизда балиқлар таксономияси бўйича мутахассислар бўлмаган. Лекин чет элликлар келиб ўрганган.

«Университетга киргунча Тошкент қаерда эканлигини билмаганман»

Аллоҳдан доим бир нарсани сўрайман: «Илм йўлимдан ҳеч қачон қайтарма, менга шундай синовларни юбормагинки, илм қолиб кетиб бошқа йўлдан юриб кетмайин. Шу илм йўлида ўзимни топишимга, сени англашимга тақдир қилгин шуни». Аллоҳнинг бу тақдиридан доим мен розиман ва бунга доимо шукрона айтаман.

Ўзингиз истаган иш билан шуғулланганингизда сиз ҳеч қачон ишламайсиз. Бу иш сизга ҳобби каби бўлади. Лабораторияга борасиз, мазза қиласиз, бирор балиқ турини кашф қилиб, айнан сиз ном берсангиз ўзингизда фахр туйғуси пайдо бўлади.

Андижонда бир янги балиқ турини кашф қилдик ва унга Фарғона номини қўйдик. Бу ном ортида менинг фамилиям туради. Юз, икки юз йилдан кейин кимдир шу балиқ ҳақида ёзса, менинг фамилиям туради. Фан менга худди мана шунақа туҳфани берди. Бу туҳфа учун умримнинг охиригача фақат шу йўналишда кетаман.

У ерга (Хитойга) борганимда илмий раҳбарим қайси мавзуда ишламоқчисан, деган. У ерда халқаро даражада мавзулар бор ва хоҳлаган жойингизда бориб қилишингиз мумкин. Мен Ўзбекистон балиқларини танлаганман. Бу жуда қийин бўлган. Чунки бутун Ўзбекистон бўйлаб юриб балиқларни йиғишим керак. Бир тарафдан қийин бўлса, бир тарафдан жуда яхши бўлган. Университетга киргунимча Фарғона вилоятидан ташқарига чиқмаганман, Тошкент қаерда эканлигини билмаганман. Аммо илмим бутун республиканинг ҳар бир нуқтасига боришимга имкон берди.

Балиқларнинг дунё илм-фанига алоқаси

Жамиятда ҳамма ҳар хил. Муҳимликни, аҳамиятни баъзилар моддият билан ўлчаса, баъзилар қадрият билан ўлчайди. Мен ўрганаётган соҳа фундаментал соҳа ҳисобланади. Фанда икки соҳа: амалий ва фундаментал соҳалар бор. Фундаментал соҳада ишлаётган тадқиқотчилар: математик, физик, биологик, химиклар жамиятга ва иқтисодиётга айнан ўша пайтда қандайдир фойда ёки ҳисса қўшмаётган бўлиши мумкин, аммо улар вақт ўтиб жамиятдаги қайсидир муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Биологиянинг асосий олдига қўйган мақсадлари бор. Улардан биттаси ерда ҳаёт қандай пайдо бўлган, қандай қилиб ҳозирги хилма-хилликка етди, инсоният қандай пайдо бўлди, биз қандай тафаккур қиламиз, хотирамиз қандай ишлайди, қандай қилиб эсимизда сақлаб қоламиз, уни қандай реализация қиламиз…

Инсониятнинг олдида турган муаммолар бор. Одамлар сони йилдан йилга ошиб бормоқда, уни қандай, ниманинг ҳисобига боқиш керак. Бу саволлар биологиянинг олдида турган муҳим саволлардир. Ўша саволларнинг жавоби бир катта мозаика ва ҳар бир тадқиқотчи ўша мозаиканинг бўлакларини жойига қўйиб келмоқда.

Фундаментал тадқиқотларга, яъни илмий тадқиқот ишларига бутун дунёга нисбатан олиб қарасак, давлатларнинг ажратаётган маблағи ўша давлатнинг ривожланганлиги билан тўғри пропорционал. Ушбу илмий тадқиқотларга энг кўп пул сарфлаётган давлатлар Исроил ва Жанубий Кореядир. Ўзбекистон мисолида олсак, 2000 йилда ЯИМнинг 0,36 фоизини илмий тадқиқот ишларига сарфлаган, 2018 йилга келиб ушбу кўрсаткич 0,13 фоизгача тушган. Фундаментал соҳа арзон соҳа эмас, у маблағ талаб қиладиган соҳа. Аммо давлатнинг ривожланиши учун пойдеворлардан биттаси ҳисобланади.

Биология фақатгина педагог бўлиш мақсадида ўрганилаётган бир касбга айланиб қолдими?

Асосий муаммо – жамиятнинг академик қисми намуна бўла олмагани. Бугунги жараённинг мевасини 10-15 йилдан кейин кўрамиз. Агар биз ўз вақтида олимларни кўтарганимизда, рекламаси билан яхшироқ шуғулланганимизда ёки уларни мисол сифатида, ибрат сифатида кўрсатганимизда эди, бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Мен биологман, биология ўқитувчиси эмас. Биология ўқитиш методикаси йўналишида ўқиган бўлсагина, у биология ўқитувчиси бўлиши мумкин эди. Бизнинг соҳада энг охирида, иложсизликда топиладиган касб бу – ўқитувчилик. Бу соҳани танлаётганликнинг сабаби эса мақсадсизликдан деб ўйлайман.

Ўзимнинг методикам бор, шогирдларимга айтаман: «Нима нотўғри эканлигини билиб олсанг, тўғриларини ўзи ҳам шундоқ қолади». Нима бизни ривожланишдан тўсади, шуларни билиб олсак, тўғри йўлда қоламиз. Шулардан бири мақсад йўқлиги ёки унинг ўта кичкина экани. Мақсадларимни ўтириб қоғозга ёзиб чиқаман. Кейин уларни муҳимлик даражасига кўра саралайман, муддат белгилаб чиқаман. Мақсадлар аниқ бўлгандан кейин уни тўсувчи омил бор. Бу экспериментлардан қўрқиш. Яъни биз ҳаётимизда нимадир ўзгаришидан қўрқамиз. Яна бир омил эса – сабрсизлик. Ҳар қанақа жараён бирданига содир бўлмайди. Сиз бунга сабр қила олишингиз керак. Мен бу босқичларни босиб ўтганман, ўзимда ҳис қилиб кўрганман. Омиллардан яна бири эса меҳнатга узоқ вақт дош бера олмаймиз. Биолог бўлиш, биология ўқитувчи бўлишдан қийинроқ. Бунинг ҳам ўзига яраша машаққати бор.

Мақсадни тўғри қўйиш

Ёшларнинг машҳурликка ўта ўчлигини ҳам иллатлар қаторига қўшса бўлади. Энди шогирдликка тушганлар ҳам мақола, китоб, қўлланмалар ёзгиси келади, лекин соҳа бўйича фундаментал илмнинг ўзи йўқ. Эълонларда кўрасиз, 6 ойда инглиз тилида равон гапиринг, дейди. Бу мумкин эмас, биз 30 га кириб ўзбек тилида тўғри гапира олмаяпмиз-ку, қандай қилиб 6 ойда инглиз тилида равон гапира оламиз. Бошланишидан мақола чиқариш, машҳур бўлишга интилиш бефойда, ҳаракат қилиш, меҳнат қилиш, олинган таълим бўйича кетиш керак.

Шогирд олаётганимда 3 та нарсани тушунтираман. Биринчиси, мақсадни тўғри қўйиш. Мақсадингиз менга шогирд тушиш бўлмасин. Мен мақсадингизга олиб борувчи кўприк бўлай, дейман. Мақсадни қўйиб олганингиздан кейин эса йўлбошчи топинг, дейман. Агар устозингиз бўлса, мақсадингизга қайси йўлдан боришингизни ўргатади. Хитойдаги устозим топшириқ бериб, уйимга жавоб бериб юборади. Бориб топшириқларни бажараман, кейинчалик бажарувчидан ўйловчига ўтиб қолдим. Тизимига туша олмаганман. Бу қийинчиликларни мен бошимдан ўтказганман. Шунда устозимга бир йил қийналганимни айтганман, у: «Бахтиёр, мен сени ўзим юрган йўлдан мажбурласам, ўз йўлингни ҳеч қачон кашф қила олмасдинг. Сен ўз йўлингни кашф қилишинг керак. Шунинг учун мен сени худди шундай тарбиялашга ҳаракат қилдим», деган. Мана шу учта нарса: мақсад, устоз ва устоз билан ўша мақсадга етишиш йўли.

Ёшликда олинган тарбия ва диний қарашларни ҳеч қачон ўзгартириб бўлмайди

Ҳаёт бу битта сценарий. Биз ўша сценарийни чиройли қилиб ёзишимиз, буни ўзимиз қилишимиз керак. Ҳаётимизни кимдир бошқаришига қўйиб бермаслигимиз керак. Бизни нима иш қилишимиз, қандай яшашимизни биров белгилаб бериши керак эмас. Ўз ҳаётингиз сценарийсини тузишингиз ва ўша сценарийда зўр актёр бўлиб ўйнашингиз керак.

Ёшларимиздаги муаммолардан яна бири бу ота-онага молиявий жиҳатдан қарамлик. Дейлик, ўқишда ўқийди, ҳаттоки уйланганидан кейин ҳам бола ота ёки онасини молиявий қармоғида қолиб кетади. Шу сабабли ота-оналарга кўп маротаба болани ёшликдан эркинлаштириш керак, мустақилликка ўргатиш керак, унинг фикрини сўраш керак, деган бўлар эдим. Масалан: кийим танлаётганда ёки овқат тайёрлаётганда боланинг фикрини инобатга олган ҳолда қарор чиқариш керак. Мана шу нарсанинг йўқлиги ёки етишмовчилиги катта бўлганда ҳам кетмайди. Европаликлар иккита нарсани ҳеч қачон ўзгартиришга ҳаракат қилишмайди. Биринчиси – ёшликда олинган тарбия, иккинчиси – инсоннинг диний қарашлари.

Ота-онаси бермаган тарбияни бераман деб ҳаракат қилма

Билим бу – қурол. Қуролни муносиб одамнинг қўлига бериш керак. Қуролни дуч келган одамнинг қўлига берсангиз, бирор жойни портлатиб юборади. Шунинг учун, билимни тўғри йўлда, муносиб одамга бериш керак. Ота-она фарзандига учта нарса қолдириши мумкин. Биринчиси мукаммал, соғлом генлар. Бунда ота фарзандларига муносиб она танлаши керак. Танлаганида ҳам саломатлиги, ташқи кўриниши, билими ва ҳоказо барча томонлама ҳисобга олиб танлаши керак. Ёки аксинча, аёл киши фарзандларига ота танлаётганда ҳам шу нарсаларга эътибор бериш керак. Генлар соғлом бўлиши керак. Бу биринчиси, иккинчиси эса яхши тарбиядир. Болага ёшлигида берилган тарбияни ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Ёшликда берилган тарбияни катта бўлганда бериш имконсиз. Ота-онаси бермаган тарбияни бераман деб ҳаракат қилма. Йўқ унда у нарса. Ресурсни кўкка совурма деб ўзимга-ўзим кўп айтаман. Учинчиси, бу билимдир. Мактабда ўқиётган болага биз ёрдам беришимиз керак. У бола ҳали нимани ўқишни, нимани ўқимаслик кераклигини билмайди. Биз у болани йўналтиришимиз керак, салоҳиятидан келиб чиқиб, қизиққан соҳасида ўзини топишликка ёрдам беришимиз керак.

Агар шу учта нарсадан бири сизда йўқ бўлса, нима қилиш керак? Биздан кейинги авлод биздан зўр яшаши керак. Уйланмаган ёш йигит, ота-онасидан яхши генлар ўтмаган бўлса, нима қилиши керак? У боласи учун яхши она танлаши ёки аёл бўлса, боласи учун яхши ота танлаши керак ва ўша муҳитни яратиб бериши керак. Агар тақдиримда ёки ҳаётимда нимадир содир бўлаётган бўлса, биринчи масъулиятни ўзимга юклайман. Чунки мен учун кимдир нимадир қилишга мажбур эмас.

Сохта интеллектуаллар ҳақида

Жамиятнинг 5-10 фоизини ташкил қиладиган локомотив қисми бор. Улар жамиятни олдинга олиб боради. Дунёда ҳамма нарсани муҳаббатни, диний қарашларни, эътиқодларни, дўстликни, хуллас, ҳамма нарсани сохталаштирса бўлади. Аммо интеллектни сохталаштириб бўлмайди. Чунки, йўқ интеллектни ҳеч ким бор қилиб сохталаштира олмайди. Жамиятни олдинга олиб борувчи локомотивлар бу академик жамоа дейилади. Ушбу жамоада ижтимоий масъулият бўлади. Улар жамиятдаги қайсидир жиҳатлар учун масъул.

Оддий одамлардан фарқ қилган ҳолда, у интеллект эгалари учун хос бўлган бир хусусият бор. Масалан: улар ўз ҳаётларига хавф бўлган пайтда ортга чекинишади. Улар ўз соҳасида нимадир қолдиришга ҳаракат қилишади. Шу сабабли улар ўзининг бирламчи, иккиламчи эҳтиёжларидан кечади. Масалан: сўз эркинлиги. Қайсидир маънода ортга чекиниши мумкин. Лекин бу жамиятнинг орқага кетишига сабаб бўлади. Камдан кам ҳолда интеллектлар ҳаёти хавф остида пайти хавфга нисбатан олға юради. Ўшалар ортга чекинган пайтда эса сохта интеллектуаллар, қўштирноқ ичидаги олимлар, қўштирноқ остидаги мутахассислар чиқа бошлайди. Ва улар фаолияти билан жамиятнинг тубга чўкиб боришига сабаб бўлади. Агар жамиятда интеллектуаллар ижтимоий бўладими, сиёсий бўладими уларга нисбатан ўз фикрларини эркин айта бошласа, у ҳукуматни танқид қиляптими, бошқа бирор соҳа бўйича ўз фикрларини айтяптими, демак жамиятда ривожланиш, одимлаш бор. Агар жамиятда яшаётган интеллектуаллар мавжуд сиёсий тузум орқасидан юряптими ёки ижтимоий муҳитдан чиқиб кета олмаяптими, демак улар ё ўз ҳаётларига хавфни сезяпти, ё ўзини топа олмаяпти, ёки улар йўқ, аллақачон бу ерни тарк этишган.

Жамиятни тарк этувчиларнинг аксарияти интеллектуаллар бўлади. Илм шундай нарсаки, ҳеч қачон кўчада қолмайсиз. Бир одамга керак бўлмасангиз, иккинчи одамга, албатта, керак бўласиз.

Спорт давлатни илм танитганчалик натижа бермайди

Шунақа университет талабалари бор, улар айнан бир йўналишни танлаб олиб ўқишга кирган, аммо ҳали ҳам мақсадини аниқлаштира олмаган. Агар ҳозир биз ўз соҳасининг мутахассисларини қадрламаётганимизни ҳозирги ёшлар кўришса, ҳеч қачон у соҳанинг ривожини бу ерда кўрмаймиз. Қуруқ қошиқ оғиз йиртар. Профессорим олим инсон, халқаро доирада 50 та олимдан биттаси, ишга яхши машинада келади, лабораториясида ҳамма шароитлар бор, давлат алоҳида грант ажратади. Профессор ҳам бунга лойиқ. Айтмоқчиманки, қадри таъминланган, ойлиги яхши, моддий томони яхши, шунинг учун у ўзини тўла-тўкис мана шу соҳага бағишлайди. Шу соҳага бағишлагани сабабли ҳам давлатга обрў олиб келади.

Доим спорт давлатни тез танитади, деймиз. Тўғри, спорт тез танитади, лекин илм танитганчалик натижани бермайди. Масалан: Ўзбекистонни бокс бўйича кўпчилик танийди. Битта боксчини қўлга киритган ютуғи Ўзбекистоннинг шарафини улуғлаши мумкин, лекин олим улуғлаган шарафчалик бўлмайди. Чунки олимнинг эришган ютуқлари ортида жамиятдаги қайсидир муаммоларни ҳал қилиш имконияти ётади. У ерда потенциал бор. Илм қадрлансагина, у ривожланади ва ортидан кимнидир эргаштиради. Агар илм қадрланмаса, ўз-ўзидан кадрлар ташқарига оқади ва бу ердаги ёшлар илмни қаттиқ ушлай олишмайди, чунки биз уларга намуна қилиб ҳеч кимни кўрсата олмаймиз.

Йўлини топа олмаётган ёшлар

Американинг Вашингтон штатида фанлар академияси пештоқига «Интизом - коинотнинг биринчи қонунидир», деб ёзиб қўйилган. Чунки, интизом бўлсагина, сиздан нимадир чиқади, интизом бўлмаса, ҳеч нарса чиқмайди. Мен буни ҳаётимдан биламан, қандайдир интизомга амал қилсам, демак қандайдир илмий аҳамиятга эришганман. Интизомсизликка йўл қўйган пайтим доим орқага кетганман. Интизомсиз одам ўзига нисбатан, ўзининг ҳаётига нисбатан масъулиятсизларча ёндашса, орзулари рўйхатини тузиб қўйган бўлса, қоғозда қолиб кетади.

Келажакдаги режалар

Мен принципли одамман ва ўша принципларга амал қилишни яхши кўраман. Режалар ва мақсадлар амалга ошмагунча уларни айтиб бўлмайди. Лекин умумий маънода илм-фан, илмий тадқиқот юзасидан шу ҳолатда давом этаман. Яна бир нарса айтишим мумкин, Марказий Осиёда илм йўналишида ихтиология мактабига асос солмоқчиман. Чунки кўп халқаро мактаблар бор, аммо ўзимизда, Марказий Осиёда бунақа мактаб йўқ. Буни биргаликда амалга оширамиз.

Top