Ўзбекистон | 13:01 / 22.10.2022
18235
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада шу пайтгача фанга номаълум бўлган балиқ тури кашф этилди

Янги аниқланган балиқ тури Сўх дарёси ҳудудидан топилган. Кашфиёт муаллифларининг айтишича, уни аниқлашга 2 йил кетган.

Triplophysa daryoae / Фото: Бахтиёр Шералиев

Фарғона давлат университети Зоология ва умумий биология кафедраси мудири Бахтиёр Шералиевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ўзбекистонлик ва хитойлик ихтиолог олимлар жамоаси Қирғизистондаги Фарғона вилоятига қарашли Сўх эксклавидан оқиб ўтувчи Сўх дарёсидан шу вақтгача фанга номаълум бўлган янги балиқ турини кашф этишган.

Янги кашф этилган балиқ турига Сўх ялангбалиғи – Triplophysa daryoae деб ном берилган. Ялангбалиқларнинг Triplophysa уруғи вакиллари Осиё қитъаси сув ҳавзаларида учрайдиган 160дан ортиқ балиқ турини ўз ичига олади. Ушбу балиқларнинг 10 га яқин вакили Марказий Осиёда қайд этилган.

Кашфиёт ҳақида халқаро Zookeys илмий журналида ҳам эълон қилинган.

“Аввало Сўх дарёси ихтиологик нуқтаи назардан тадқиқ этилмаганлиги, қолаверса янги турнинг ундан аввалги кашф этилган ялангбалиқ турларига ташқи томондан анча ўхшашлиги унинг олимлар назаридан узоқ вақт четда қолишига сабаб бўлган. Бизнинг сўнгги 2 йил давомида олиб борган чуқур текширишларимиз натижасида бу балиқ аввал кашф этилмаган тур эканлиги маълум бўлди”, – дейди тур муаллифларидан бири Бахтиёр Шералиев.

Тадқиқотчилар кузатувига кўра, Ўзбекистоннинг тоғли минтақаларидаги кичик дарёлар фаунаси ҳамон чуқур ўрганилмаган ва у ерда ўзининг кашф этилишини кутаётган кўплаб турлар бўлиши мумкин. Бу – Марказий Осиёдаги турлар хилма-хиллиги олимлар аввал ўйлаганидан ҳам ранг-баранг эканлигини кўрсатади.

Зуҳра Абдуҳалимова
Тайёрлаган Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид