Бахтиёр Шералиев сўнгги 4 ойдан буён Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларидан бирида фаолият юритиб келаётгани, унгача Хитойда деярли 5 йил давомида илмий тадқиқот иши билан банд бўлганини таъкидлаб, айни вақтда унда Хитой ва Ўзбекистон олий таълим тизимини ич-ичидан солиштириш, муаммоларнинг илдизи қаерда эканини тушуниш, уларни ташхислаш имкони борлигини қайд этган.

«Мен Ўзбекистондаги олий таълимни борган сари ботқоққа ботиб бораётган тузилмага ўхшатаман. Чунки ботқоқликка тушиб қолганда қанча кўп ҳаракат қилсангиз, шунча кўп ботиб бораверасиз. Сизни ташқаридан бир куч келиб суғуриб олмаса, ўзингиз ҳеч қачон ботқоқдан чиқиб кета олмайсиз. Олий таълим тизимимиз айни вақтда мана шундай ҳолатда кетмоқда», – дея ёзади у.

Муаллиф олий таълимдаги фаолиятни икки қисмга ажратган: илмий тадқиқот ва ўқув жараёнлари.

«Илмий тадқиқот ишида олий таълим профессор-ўқитувчилари ўз соҳаси бўйича илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланади, соҳасининг мавжуд муаммоларига илмий асосланган ечим излайди. Бу борада мақолалар чоп этади, турли илмий анжуманларда иштирок этади, соҳаси бўйича маълумотларни саралаб, тизимлаб, ўқув қўлланма ёки дарслик кўринишига келтиради ва ҳоказо.

Ўқув жараёнида эса олий таълим муассасасидаги талабаларга маълум фанлардан дарс беради. Уларнинг келажакда маълум бир мутахассислик бўйича ихтисослашувига кўмаклашади.

Лекин айни вақтдаги олий таълим тизими ушбу икки функциянинг ҳар иккисини ҳам уддалай олмаяпти. Нега?» — деб савол қўяди ёш олим.

У муаммога сабаб бўлаётган омилларни санаб ўтган.

Биринчи омил — карвонсаройга айланиб қолган университетлар

«Қўполроқ қилиб тушунтираман: иши юришмаган, қўлидан бошқа иш келмайдиган, фалончининг фалончиси, қисқаси, илм-фандан минг километр узоқликдаги кимса борки, бемалол университетга ишга кира олади. Ўзининг билими ҳаминқадар, педагоглик маҳоратидан туғма мовусолар борки, барчаси олий таълим муассасаларида йиғилиб қолган. «Ҳа?» деса, «эплаб кетади, бошида ўзи ҳамма қийналади ва ҳоказо», деб қўйилади.

Нега олий таълимга кадрлар сараланиб ишга қабул қилинмайди? Нега бу борада ҳеч қандай тизим йўқ? Нега исталган одам олий таълимга ишга кира олади? На ўз фанини тузук-қуруқ билади, на бирор чет тилини билади, на илмий тадқиқот нималигини тушунади, на бир мақола ёза олади ёки ўқий олади. Олий таълимда бундай кадрлар нима қиляпти? Бу каби ношудлар армияси билан олий таълимни ўн йил тугул юз йилда ҳам ривожлантира олмаймиз», дея таъкидлайди Бахтиёр Шералиев.