15:34 / 24.03.2022
12382

Тошкентда қизил чироқда ўтиб кетган ҳайдовчи йирик ЙТҲ келтириб чиқарди, бир киши вафот этди

Тошкентда светофорнинг қизил чироғида йўлдан ўтиб кетган ҳайдовчи йирик йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлди. Воқеа оқибатида бир киши вафот этди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Пойтахт ИИББ маълумотига кўра, 23 март куни соат 15:16 да Миробод тумани, Тарас Шевченко-Фидокор кўчалари кесишмасида ҳайдовчи, 1997 йилда туғилган С.З. «Спарк» русумли автомашинасини бошқариб кетаётган бўлган.

ИИББ дастлабки маълумотига қараганда, у светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб, светофорнинг яшил чироғида ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, 1998 йилда туғилган Г.М. бошқарувидаги «Малибу» русумли автомашина билан тўқнашув содир этиб, йўл четидаги дарахтга урилган. 

Қайд этилишича, «Малибу» автомашинаси қарама-қарши йўналишга ўтиб кетиб, ўз йўналишда харакатланиб келаётган ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Р.Д. бошқарувидаги «Кобалт» русумли автомашина билан тўқнашган.

Тўқнашув натижасида «Спарк» автомашинасининг ҳайдовчиси С.З. ҳамда биринчи йўловчиси, 1998 йилда туғилган У.Ю. турли хил тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. «Спарк» автомашинасининг иккинчи йўловчиси эса кўрсатилган тиббий ёрдамларга қарамай касалхонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top