17:48 / 27.03.2022
36952

Сирдарёда кучли таъсир этувчи дорилар олиб кетаётган машина ЙПХ машинасини уриб юборди ва қочишга уринди

У ЙПХ ходимларига тегишли хизмат машинасини уриб юбориб, пастликка тушиб кетган.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Сирдарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 18 март куни олинган тезкор хабар асосида вилоят ДХХ ва божхона бошқармалари ҳамда вилоят ИИБ ЖҚБ тезкор ходимлари ҳамкорлигида Сайхунобод тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.

Тезкор тадбирда давлат рақами ечиб қўйилган Lacetti машинасини ЙПХ ходимлари ёрдамида тўхтатилиш чоралари кўрилган вақтда унинг ҳайдовчиси ЙПХ ходимининг қонуний буйруғига бўйсунмай қочишга уринади. 

У йўл четида тўхтаб турган ЙПХ ходимларига бириктирилган давлат рақами 20 716 VSF хизмат машинасига шикаст етказган ҳолда ЙПХ маскани ёнида жойлашган пастликка тушиб кетган. Шундан сўнг машинада бўлган шахслар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Машина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, таркибида кўп миқдорда  кучли таъсир этувчи ҳамда гиёҳвандлик моддаси бўлган дори воситалари борлиги аниқланиб, улар далилий ашё сифатида олинган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодекснинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top