14:20 / 30.03.2022
13012

"Қонунларни билмайсизми, уят-ку?!" Мурат Камалов 71 та ноқонуний қарор чиқарган ҳокимларга дакки берди

Фото: Жўқарғи Кенгес матбуот хизмати

Қорақалпоғистондаги ҳокимларнинг 2021 йилга чиқарган 71 та қарори ноқонуний деб топилган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқарғи Кенгесининг XXVI сессиясида маълум қилинди.

Сессияда парламент сўрови билан чиққан Жўқарғи Кенгеснинг қўмита раиси Зуҳра Реймовага кўра, Қорақалпоғистондаги маъмурий судлар томонидан 2021 йилда жами кўриб чиқилган 779 маъмурий ишларнинг 212 таси, яъни 27,2 фоизи ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ даъволарни ташкил қилган. Шундан 71 та иш бўйича ҳокимларнинг қарорлари ноқонуний деб топилган.

Зуҳра Реймованинг айтишича, 71 та ноқонуний ҳоким қарорлари ичида Нукус шаҳри ҳокимининг 30 та қарори, Беруний тумани ҳокимининг 6 та қарори, Қўнғирот ва Тахиатош туманлари ҳокимларининг 5 та қарори, Амударё, Нукус ва Тўрткўл тумани ҳокимларининг 4 та қарори, Қонликўл, Чимбой тумани ҳокимларининг 3 та қарори, Кегейли ва Элликқалъа тумани ҳокимларининг 2 та қарори, Қораўзак, Мўйноқ, Шуманай туманлари ҳокимларининг 1 та қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Шу асосда жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари суд томонидан тикланган.

Фото: Жўқарғи Кенгес матбуот хизмати

Жўқарғи Кенгеснинг қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича қўмита раиси Зуҳра Реймованинг таъкидлашича, Қорақалпоғистонда ҳоким қарорларини ҳақиқий эмас деб топиш билан боғлиқ даъволар 2021 йилда 2020 йилга қараганда 40 та даъвога, яъни 23 фоизга ошган.

Зуҳра Реймованинг қўшимча қилишича, ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилинишида қонун талабларига етарли даражада амал қилинмагани сабаб судлар томонидан туман ва шаҳар ҳокимларига 59 та алоҳида маъмурий даъво чиқарилган.

Фото: Жўқарғи Кенгес матбуот хизмати

Жўқарғи Кенгес қўмита раисининг баёноти якунида Жўқарғи Кенгес Раиси Мурат Камалов "Қонунларни билмайсизми, уят-ку?!" дея мурожаат қилиб, ноқонуний қарор чиқарган ҳокимларга дакки берди. Шунингдек, Мурат Камалов Қорақалпоғистон Республикаси прокурори Фархат Алламбергеновдан ҳолат тўлиқ ўрганилгач қўшимча маълумот тақдим қилишини сўради.

Фото: Жўқарғи Кенгес матбуот хизмати

Бундан олдин Жўқарғи Кенгесда Қорақалпоғистонда 9 бош ёввойи тўнғизни отиб ўлдирган овчилар ҳақида маълумот берилганди.

Top