13:20 / 01.04.2022
21695

Вазирлик 2 ёшли болалар давлат боғчаларига қандай тартибда қабул қилиниши борасида маълумот берди

Мактабгача таълим вазирлигига кўра, 2 ёшли болалар фақатгина қамрови паст бўлган боғчаларга бориши мумкин ва 3-7 ёшли болалар навбати шаклланса, кичик ёшлилар гуруҳлари тугатилади.

Мактабгача таълим вазирлиги мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида 2 ёшли болалар қандай тартибда боғчаларга қабул қилиниши ҳақида маълумот берилди.

“Болаларни 2 ёшдан тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига қабул қилиш мумкин. Масалан, агар давлат МТТ 400 ўринга мўлжалланган бўлса, бироқ унга 400 бола қатнамаётган ва бу боғчага 3-7 ёшли болалар навбатда турмаган бўлса, мана шундай боғчага 2-3 ёшли болалар қўшимча пуллик хизмат асосида қабул қилиниши мумкин”, дея маълумот берди Мактабгача таълим вазирлиги мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва стратегик ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Норой Соатова.

Давлат МТТларининг тўлиқ қувват билан ишламаётгани ҳақида вазирликнинг махсус платформасида маълумотлар мавжуд.

Қайд этилишича, барча МТТларда кузатув кенгашлари бор. Кузатув кенгашларида ота-оналар давлат МТТлари директорлари ва туман Мактабгача таълим бўлимлари билан биргаликда нархларни ишлаб чиқишади ва тасдиқлашади.

“Яна бир ҳолатни айтиш лозим: тўла қувват билан ишламаётган боғчага 3-7 ёшли болалар навбати шаклланса ва 1-гуруҳ учун жами 20 нафар бола йиғилса, 2-3 ёшли болалар гуруҳи тугатиб юборилади. Бунда илк ривожланиш гуруҳи (2-3 ёшлилар) тугатилишидан олдин ота-оналар огоҳлантирилади”, деди Норой Соатова.

Эслатиб ўтамиз, 2 ёшли болаларнинг қамрови кам боғчаларга қабули бугун, 1 апрелдан бошланади. 

Top