07:44 / 02.04.2022
14469

Ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Фото: ТАСС

Вазирлар Маҳкамасининг “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Молия вазирлигининг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси («Ўздавзахира») «Ўздонмаҳсулот» АК ва хусусий корхоналар билан биргаликда 2022 йил апрель — июль ойларида Қозоғистондан 100 минг тонна 3-синф буғдойини (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилиш бўйича таклифига розилик берилди.

Ўзбекистон бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умрзоқов ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қозоғистон ҳукумати, Қозоғистоннинг «Продовольственная контрактная корпорация» миллий компанияси акциядорлик жамияти ва буғдой (ун) экспорт қилувчи бошқа корхоналари билан Ўзбекистонга 100 минг тонна буғдойни (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилиш бўйича келишувга эришишни таъминлайди.

Бунда, «Ўздавзахира» қўмитаси томонидан Қозоғистоннинг «Продовольственная контрактная корпорация» миллий компанияси акциядорлик жамияти ва буғдойни экспорт қилувчи бошқа корхоналаридан 2022 йил апрель — июль ойларида 100 минг тонна 3-синф буғдойни (бир қисми ун) етказиб бериш бўйича импорт шартномалари имзоланади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ички ва ташқи бозорлардаги вазиятдан келиб чиқиб, мазкур қарор доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан яна 500 минг тонна буғдойни импорт қилиш зарурати юзасидан асослантирилган таклиф киритади.

Импорт қилинган буғдой (ун) ва ўсимлик ёғи ҳажмлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг таклифлари асосида биржа савдолари орқали сотилиши белгилаб қўйилди.

Top