12:06 / 06.04.2022
10055

Самарқандда банк менежери фуқароларнинг номига яширинча кредит расмийлаштириб пулларни ўзлаштириб юборди

У 8 нафар фуқаронинг хабардорлигисиз кредит расмийлаштириб, пулларни талон-торож қилиб ўзлаштириб юборган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан АТ “Алоқа банк” вилоят филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.

Текширувда, банкнинг Самарқанд “Шарқ” комплекс хизматлар кўрсатиш маркази собиқ бош менежери Ш.Н. 2021 йил давомида банкка кредит сўраб мурожаат қилмаган 8 нафар фуқаронинг номига сохта ҳужжатлар асосида жами 156,3 миллион сўм истеъмол кредитини расмийлаштириб, талон-торож қилгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Сурхондарёда «Халқ банки» Узун филиали сайёр кассири 278 нафар фуқаронинг пенсия ва нафақа пулларини сохта имзо қўйиб ўзлаштирган ва пулларнинг бир қисмини онлайн қимор ўйинига тикиб юборгани аниқланганди.

Top