Жаҳон | 19:29 / 20.02.2024
4873
2 дақиқада ўқилади

Россияда ўзига кредит олишни тақиқлаш имконини берувчи қонун қабул қилинди

Бу ўзганинг номига кредит ёки микроқарз расмийлаштириш каби фирибгарлик ҳолатларига қарши кураш учун жорий қилинди. 

Фото: ТАСС

Россия Давлат Думаси қабул қилган қонунга кўра, россияликлар 2025 йил 1 мартдан бошлаб, ўзига-ўзи кредит олиш тақиқини қўйиши мумкин. Ушбу хизматдан Давлат хизматлари портали орқали, 2025 йил 1 сентябрдан эса Кўпфункцияли марказ (МФЦ) орқали фойдаланиш мумкин. Бу ҳақда «Интерфакс» ёзди. 

Ҳужжатга кўра, фуқаролар ўзига банклар томонидан кредит ажратилиши ва микромолия ташкилотларидан (ММТ) қарз берилишини тақиқлаши мумкин. 

Транспорт воситаси ёки ипотека билан таъминланган кредитлар бундан мустасно бўлади. Шунингдек, тақиқ давлат томонидан қўллаб-қувватлаш доирасида ажратиладиган кредитларга тааллуқли бўлмайди (масалан, таълим кредити). 

Тақиқни ўрнатиш ёки бекор қилиш учун Давлат хизматлари портали ёки МФЦ орқали онлайн ариза бериш талаб қилинади. 

Қонун кредит олиш билан боғлиқ фирибгарликлар, жумладан, ўзганинг номига кредит ёки микроқарз расмийлаштириш ҳолатларининг олдини олишга қаратилгани таъкидланмоқда. 

Статистикага кўра, Россияда 2023 йилда фирибгарлар бошқалар номига 100 мингга яқин кредит олган. Бу 2022 йилга нисбатан 20 фоизга кўпдир. 

2023 йилда бундай фирибгарликдан етказилган зарарнинг умумий миқдори тахминан 15 миллиард рублни ташкил этган. 

Бундай фирибгарлик қурбонлари учун бу нохуш кредит тарихи, чет элга чиқиш билан боғлиқ муаммолар ва ҳатто жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид