Ўзбекистон | 16:53 / 08.04.2022
11808
3 дақиқада ўқилади

“Ватандошлар” жамоат фонди расмий сайтини ишга туширди

Янги ташкил этилган “Ватандошлар” жамоат фонди ўз расмий сайтини (vatandoshlarfondi.uz) тест режимида ишга туширганини маълум қилди.

“Энди сизда юртимиз ва хориждаги янгиликлар, фонд томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, жамоат бирлашмалари фаолияти ҳақидаги маълумотлардан баҳраманд бўлиш имконияти мавжуд”, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, “Ватандошлар” фонди 2021 йил август ойида президент қарори асосида ташкил этилган эди.

Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев фонд васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов васийлик кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланган.

Фондни ташкил этиш учун зарур бўлган дастлабки маблағ сифатида Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан 5 миллиард сўм ажратилган.

Фонд фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар деб белгиланган:

  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва улар томонидан тузилган жамоат бирлашмалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва ривожлантириш;
  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш;
  • хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни белгиланган тартибда моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот жиҳатидан ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш;
  • хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш;
  • хорижда Ўзбекистоннинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, ватандошларга маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда кўмаклашиш;
  • ватандошлар томонидан ташкил этилган жамоат бирлашмалари фаолиятини рағбатлантириш, уларга хорижда ўзбек миллий маданий марказларини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатиш;
  • хорижий давлатларнинг таълим ўзбек тилида олиб борилаётган муассасаларида педагог кадрларга бўлган мавжуд эҳтиёждан келиб чиқиб, хорижда истиқомат қилаётган иқтидорли ватандошларнинг республика олий таълим муассасаларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш;
  • ривожланган хорижий давлатларда яшаб келаётган олим ва ижодкор ватандошларнинг юрт нуфузини оширишга қаратилган илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш;
  • хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни Ўзбекистон ҳудудида тадбиркорлик, инвестициявий, илмий, маърифий ва маданий фаолият билан шуғулланишга фаол жалб қилиш.

Мавзуга оид