07:24 / 16.04.2022
38662

Тошкентда молиявий пирамида ташкил этиб, фуқаролардан 3 млн доллар ўзлаштиргани айтилаётган шахс қўлга олинди

Таъкидланишича, “REALNAYA INVESTITSIYA” МЧЖ раҳбари фуқароларнинг 15 мингдан 200 минг АҚШ долларигача бўлган пулларини ўзлаштириб, уларга ҳар ойда камида 10% дан фойда беришни ваъда қилган.

ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ўзини трейдер деб эълон қилиб, молия-иқтисод соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлмаган фуқароларнинг ишончига кирган ҳолда уларнинг шахсий маблағларини ноқонуний ўзлаштириб келган шахс фаолиятига чек қўйилган.

ДХХ ахборот хизматининг маълум қилишича, 1995 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланган шахс 2020 йилда Тошкент шаҳрида “REALNAYA INVESTITSIYA” МЧЖни ташкил этиб, мижозларни жалб қилиш мақсадида телеграм ҳамда инстаграмда гуруҳ очиб, тарғибот ишларини олиб борган.

Жамият раҳбари мижозлардан 15 минг АҚШ долларидан 200 минг АҚШ долларигача бўлган миқдорда пул маблағларини қабул қилиб олган ҳамда уларга ҳар ойда камида 10% дан фойда беришни ваъда қилган. Ваъда қилинган фойдани янги жалб қилинган фуқароларнинг пул маблағлари ҳисобидан тўлаб келган.

Жамият раҳбарининг айтишича, фаолияти давомида 560 нафар фуқаро билан олди-берди қилган, ҳозирда 100 нафарга яқин фуқаролар олдида мажбуриятлари сақланиб турибди. Унинг қўшимча қилишича, айни дамда фуқаролардан 2,5-3 млн АҚШ доллари атрофида қарзи мавжуд.

Қайд этилишича, у ноқонуний йўл билан топилган даромадларини бир нечта кўчмас мулклар ва қимматбаҳо автомашиналар харид қилиш орқали легаллаштирган.

Ҳозирда айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг бир нечта моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Хусусан, жамият раҳбарига нисбатан ЖКнинг 168 (фирибгарлик), 178 (чет эл валютасини яшириш), 179 (сохта тадбиркорлик), 184 (солиқларни тўлашдан бўйин товлаш), 188-1 (пул маблағларини жалб этишга доир ноқонуний фаолият), 189 (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда айбланувчи сифатида қамоққа олинган.

Хабарда айтилишича, “REALNAYA INVESTITSIYA” МЧЖдан жабр кўрган фуқаролар Тошкент шаҳри прокуратурасига мурожаат қилишлари сўралади.

Очиқ маълумотларга кўра, “REALNAYA INVESTITSIYA” МЧЖ 2020 йилда ташкил этилган бўлиб, фаолият йўналиши сифатида тижорий фаолият ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат бериш хизматлари кўрсатилган. Жамиятнинг раҳбари ва 100 фоизлик таъсисчиси Шоҳжаҳон Эшниёзов ҳисобланади.

Аввалроқ, Қашқадарёда бир гуруҳ шахслар фуқароларни 1000 доллар сармоя киритиб, хорижий машҳур компаниялар акцияларини сотиб олиш орқали ойига 6 фоиздан даромад олишларига ишонтириб, 231 нафар фуқаронинг 13 миллиард 700 миллион сўм пулини ўзлаштиргани хабар берилганди.

Top