19:49 / 21.04.2022
18164

Пиёдага устуворлик, ҳайдовчига жарима баллари. Йўлларда хавфсизликни таъминлаш бўйича янгича ёндашувлар ҳақида

Фото: Kun.uz

Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори, доцент Фарҳод Примов йўллардаги хавфсизликни таъминлаш борасидаги янги ечимлар акс этган президент қарорини шарҳлади.

Ёш болаларни мактабга ёки бирор жойга кузатишда «йўлдан эҳтиёт бўлиб ўтинглар», «автомашиналардан эҳтиёт бўлинглар», деб тайинлаймиз. Агар велосипедда сайрга чиқмоқчи бўлишса ҳам, «автомашиналардан узоқроқ юринглар», «катта йўлга чиқманглар, у ерда автомашиналар кўп», деб огоҳлантирамиз. Афсуски, йўллардаги кўнгилсизликлар тез-тез учраб туришини одатий ҳолат сифатида қабул қилишни бошлаганмиз. Юридик амалиётда ҳам автомобилларга «ортиқча хавф манбайи» сифатида қарашади.

Инсонларнинг бевақт ҳалок бўлишида йўл-транспорт ҳодисалари етакчи ўринларда туради. Шу боис йўлларда ўлим ҳолатларини камайтириш ҳар бир давлат ҳукуматини ташвишлантирадиган жиддий муаммолардан бири ҳисобланади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, оғир жароҳатларга олиб келадиган шикастланишлар орасида криминал жароҳатлардан сўнг йўл-транспорт ҳодисаси иккинчи ўринни эгаллайди. Ҳар йили 1,2 миллионга яқин одам ЙТҲ қурбони бўлмоқда, қарийб 50 миллион киши турли даражада тан жароҳатлари олмоқда.

2005 йилдан бошлаб БМТ томонидан ҳар йили ноябрнинг учинчи якшанбаси «Жаҳон йўл-транспорт ҳодисалари қурбонларини хотирлаш куни» (World Day of Remembrance for Road Traffic Victims) деб эълон қилинган (Маълумот учун: Буюк Британия ва унга ҳамдўст мамлакатларда ҳар йил ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси урушлар ва можароларда ҳалок бўлганлар хотирланадиган кун сифатида нишонланади. Бу ерда ЙТҲ қурбонлари уруш ва турли можаролар қурбонларидан кейинги ўринга қўйилмоқда).

Мамлакатимизда сўнгги йилларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида муайян ташкилий-амалий ишлар амалга оширилди. Шу билан бирга, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ўлимга олиб келган ЙТҲлар сони ҳали ҳам юқори бўлиб, бу автомобил йўлларида хавфсизликни таъминлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, 2021 йилда 10 мингдан зиёд авария содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ киши жароҳатланган. Энг ачинарлиси, 2,5 мингга яқин одам, шу жумладан, 263 нафар бола ҳалок бўлган.

Юқоридаги ҳолатлар автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш бўйича жиддий қадамлар ташлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Президентнинг 2022 йил 4 апрелдаги «Автомобил йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида муҳим чоралар белгиланди.

«Пиёда — жамоат транспорти — велотранспорт — автотранспорт» устуворлиги принципи

Бу шуни англатадики, йўлларда ҳаракатланишда биринчи галда пиёдаларга, иккинчи галда жамоат транспортига, учинчи галда велотранспортга ва охирида автотранспортга устунлик берилади. Ҳаракатланишнинг бундай концепцияси аввало пиёдалар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Қатор ривожланган давлатларда ҳам пиёдаларга ва велотранспортга имтиёзлар ва устунликлар белгиланган. Жумладан, йўлларни кесиб ўтиш, шаҳар ичида ва аҳоли пунктларида ҳаракатланишда пиёдаларга устуворлик белгиланган. Пиёдаларга устунлик берилиши – улар билан боғлиқ ЙТҲлар сонини камайтиришга хизмат қилади.

Ҳайдовчиларни тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилиши

Таҳлиллар кўрсатишича, аварияларнинг 55 фоизи ҳайдовчилар айби билан содир бўлади (ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги 45 фоиз, тажрибасизлиги 10 фоиз).

Ҳайдовчиларни тайёрлаш билан бирга, ҳайдовчиларни тайёрловчиларнинг ўзларини ҳам тайёрлашга алоҳида эътибор берилди. Гап шундаки, автомактабларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларнинг касбий талаблари мавжуд эмас эди. Яхши ҳайдовчини тайёрлаш учун уларни тайёрлайдиган йўриқчи ва мураббийларнинг ўзи профессионал тайёргарликдан ўтган бўлиши лозим. Бунга қадар автомактабларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларининг касбий сифатларига талаблар мавжуд эмасди. Эндиликда уларни умумий ва ягона талаблар шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, автомактабларнинг ўқув дастурларига қўйилган аниқ талаблар ҳам йўқ эди. Шу билан бирга, ушбу ўқув дастурларини тайёрлаш автомактабларнинг ўзига ҳавола қилинганди. Бироқ бундай дастурларни тайёрлаш жўн иш эмас. Бунда илмий ва амалий ҳамда услубий асосланган ёндашувлар талаб этилади. Эндиликда автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурлари ИИВ Академияси томонидан тайёрланади.

Йўл ҳаракати қоидалари асосларини болаликдан сингдиришни йўлга қўйиш, ушбу амалиётни мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида жорий этиш белгиланди

Тадқиқотлар кўрсатишича, қонун-қоидаларга амал қилиш туйғусини болаликдан шакллантириш ижобий натижа беради. Бунда шахснинг онги шаклланар экан, унга нима қилиш мумкин ва нима мумкин эмас ёки қандай бажариш кераклигини ўргатиш муҳим. Шу билан бирга, кўплаб ривожланган давлатларда йўл ҳаракати хавфсизлиги шахснинг ҳаётий хавфсизлигининг ажралмас қисми сифатида тушунилади ва ҳаётий хавфсизликни болаликдан ўргатишга алоҳида эътибор берилади. Кўпинча болалар ЙТҲга учрашида улар йўлларда ўзини қандай тутиш кераклигини билмасликлари ҳам сабаб бўлади. Шу боис йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш хавфсизликнинг муҳим шарти эканлигини тушунтиришни болаликдан бошлаш муҳимдир.

Йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими

Баъзан ҳайдовчилар ЙПХ ходимига «командир, шу сафар кечиринг, ҳали бирор марта қоидани бузмаганман», деб ёлвораётганини эшитамиз ёки йўл ҳаракати қоидаларини менсимайдиган айрим ҳайдовчилар «майли, баённома расмийлаштираверинг, жаримасини тўлайман», деб сурбетлик қилаётганига гувоҳ бўламиз. Жарима баллари белгиланиши ашаддий қоидабузар ҳайдовчилар, интизомли ҳайдовчиларни фарқлаш ва уларга адолатли жазо қўллаш имконини беради.

Эндиликда ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади. Ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади. Муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган интизомли ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланади.

Аҳоли гавжум ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган светофорлар ўрнатилади

Кўпинча пиёдаларнинг йўлларни кесиб ўтишда қийналаётгани, ҳайдовчилар эса уларга йўл беришни истамаётганини кузатамиз. Светофор қўйилмаган пиёдалар ўтиш йўлагида тез келаётган транспорт воситаси пиёдани кечроқ кўради. Ёки бошқа транспорт воситалари тўхтаб туриш сабабини тушунмасдан ўтиб кетишга ҳаракат қилишади. Бу эса пиёдалар ўтиш йўлларидаги ЙТҲлар ортишига олиб келмоқда. Шу сабабли, пиёдалар бошқарадиган светофорларни жорий этиш муҳим ва бу «йўл – пиёда учун» тамойилини жорий этишга хизмат қилади. Мазкур светофорларнинг стандарт светофорлардан фарқи шундаки, у иккита қизил ва яшил чироқдан иборат бўлади ва фақат тугмачалар орқали ишлайди. Тугмачалар йўлнинг икки тарафида бўлади.

Туман (шаҳар)лар кесимида «Хавфсиз йўл» индексини юритиш амалиёти

Туман (шаҳар)ларда индекс доирасида йўл инфратузилмаси ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинишининг ҳолати 29 та индикатор бўйича ҳар чорак якунида баҳолаб борилади. Индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича туман ва шаҳарлар «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади.

ЙТҲлар ҳамма ҳудудларда ҳам бир хил содир этилмайди. Бунда туман (шаҳар)лар махсус индекс кўрсаткичлари асосида йўлларда ҳаракат хавфсизлигини ташкил этишнинг ҳолати бўйича «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратилади. Ҳар бир ҳудуд бўйича ЙТҲлар сони ва туридан келиб чиқиб алоҳида чоралар ишлаб чиқилади. Масалан, қайсидир ҳудудда ўлим билан боғлиқ ЙТҲ сони ортган ва барқарор бўлиб қолмоқда. Бунда ушбу ҳудудда ЙТҲнинг сабаб ва шарт-шароитлари ўрганилиб, махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Маълумот учун, Попдан Тўрақўрғонгача бўлган 4Р-112 йўлининг 88-километри, «Термиз-Душанбе» (М-41) халқаро йўлининг Жарқўрғон-Денов қисми (80-километри), А-373-йўлининг Ёзёвон туманидан ўтган 352-километри, Самарқанд-Ғузор йўлининг (А-378) 85-километрида ҳар йили ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Айниқса, 2021 йилда Чироқчида 43 та, Наманган шаҳрида 42 та, Янгийўл туманида 34 та, Ургутда 28 та, Андижон туманида 20 та ЙТҲда одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмган. Демак, бу ҳудудлар бўйича ЙТҲнинг олдини олиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши керак.

Йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини юксалтириш

ЙТҲнинг олдини олишда ҳаракат иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданияти жуда муҳим ўрин тутади. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданияти йўл ҳаракати қоидаларини билиш билан чекланмайди. Бунда ушбу қоидаларни ҳурмат қилиш ва уларга ихтиёрий амал қилиш зарур.

Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданияти ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдаларнинг ўзаро муносабатларида шаклланиши лозим. Бунда айниқса ўзаро ҳурмат муҳимдир. Афсуски, бугун йўлларда ҳаракат иштирокчиларининг бир-бирини ҳурмат қилмаслиги, аксинча қўпол муносабатлар, ҳақоратлар, асабий сигнал беришлар, сабрсизлик ва шошқалоқлик, йўл талашиш, бир-бирини сиқиб қўйиш, қувиб ўтишга имкон бермаслик, пиёдаларнинг йўлни кесиб ўтишига тоқатсизлик ёки пиёдаларнинг исталган жойдан кесиб ўтишга ҳақлиман деб ўйлаши кабилар оддий ҳолатга айланиб бормоқда.

Энг ачинарлиси, йўл ҳаракати қоидаларига радарга тушмаслик, жарима тўламаслик учунгина амал қилувчилар кўпчиликни ташкил этади. Масалан, ҳайдовчи ЙПХ инспекторини кўриш билан хавфсизлик камарини тақиб олади ва унинг олдидан ўтиши билан камарни ечади ёки радар ўрнатилган ҳудудлардан тезликка белгиланган чекловларга амал қилиб, радарсиз ҳудудларда яна «газни босади».

Жамиятда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини юксалтириш, йўл ҳаракати қоидаларини қадрият сифатида шакллантириш бугун биз учун жуда муҳимдир.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш мақсадида «Умр тезликдан муҳимдир» ва «Хавфсизлик камари — ҳаёт гарови» шиорлари остида комплекс тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгиланиши йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш маданиятини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ўқувчилар орасида йўл ҳаракати қоидалари тарғиботини кучайтиришга қаратилган ҳукумат қарори қабул қилинади. Унда «Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади» шиори остида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ва мактаб ўқувчиларига йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий-кўргазмали тарзда ўргатиш, уларнинг онгига болалигидан бошлаб йўл ҳаракати интизомини сингдириш ҳамда мактабларда «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари»ни, маҳаллаларда «Йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари»ни ташкил этиш назарда тутилади.

Top