2021 йил 1 мартдан бошлаб йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига хусусий секторни жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, шу мақсадда Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.
«Йўл ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган ушбу чораларга нисбатан жамоатчилик томонидан турли нуқтайи назарлар билдирилмоқда. Бунда фуқароларнинг фикрларини умумлаштирган ҳолда уларни икки гуруҳга ажратиш мумкин. Биринчи гуруҳ томонидан мазкур чоралар сўзсиз йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, энг муҳими, бюджет ҳаражатларининг оптималлашиши ва ижобий ҳайдовчилик маданияти шаклланишига сабаб бўлишини таъкидласалар, иккинчи гуруҳ томонидан айрим ҳолларда зарур йўл инфратузилмасининг мавжуд эмаслиги боис ёки зарурат юзасидан қоидабузарликларга йўл қўйилиши ва бунинг учун жаримага тортиш адолатсизлик эканлигини билдиришмоқда.
Айтиш жоизки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда хусусий секторнинг жалб этилиши орқали солиқ тўловчилар ҳисобидан кузатув воситаларини харид қилиш, ўрнатиш ва сақлаш харажатлари қисқартирилиб, бу борадаги давлат хизматчиларининг сони ва фаолиятини оптималлаштириш имконини беради.
Шунингдек, қоидабузарликларнинг автоматик равишда қайд этилиши турли коррупциявий ҳолатларга барҳам берган ҳолда уларнинг сони кескин қисқаришига олиб келади. Энг муҳими, жамиятда хавфсизликни таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишда самарали тизим шаклланади. Шу ўринда 2020 йил давомида республикада 6982та йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлгани, оқибатда 1962 нафар инсон вафот этганлигини қайд этиш лозим.
Шу билан биргаликда, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатига фуқаролар томонидан келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили бу борада асосли эътирозлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Жумладан, йўл инфратузилмасининг талаб даражасида эмаслиги ҳайдовчилар томонидан ноихтиёрий равишда қоидабузарликларга йўл қўйилишига сабаб бўлмоқда, шунингдек, аҳоли гавжум нуқталар, бозорлар ва савдо комплекслари атрофида автотураргоҳлар мавжуд эмаслиги ёки етарли эмаслиги ҳамда мавжуд пуллик автотураргоҳларга белгиланган нархлар юқорилиги тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилишига олиб келмоқда», дейилади «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати хабарида.















