19:11 / 25.04.2022
9451

Тошкентдаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари 3,5 млрд сўмни талон-торож қилган — инспекция

Бу – уй-жой мулкдорлари ширкатларининг маблағларни талон-торож қилиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас.

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳридаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари 3,5 млрд сўмлик молиявий қонунбузарликка йўл қўйди. Бу ҳақда Кun.uz'га Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ҳолат аҳоли мурожаатларига асосан, Уй-жой фонди инспекцияси томонидан Тошкент шаҳридаги уй-жой мулкдорлари ширкатларининг фаолиятини ўрганиш ишлари ўтказилганда аниқланган.

Ўрганиш натижаларига кўра, 32 та ширкат томонидан 28 та ҳолатда, жами 3,5 млрд сўм маблағ мақсадсиз сарфлангани ёки талон-торож қилингани аниқланган. Хусусан:

  • Мирзо Улуғбек туманида жами 409,9 млн сўм;
  • Юнусобод туманида жами 563,7 млн сўм;
  • Яшнобод туманида жами 625,0 млн сўм;
  • Сергели тумани «Меҳнат Роҳат Сервис» ширкатида – 92,9 млн сўм;
  • Яккасарой туманида жами 377,0 млн сўм;
  • Олмазор туманида жами 245,2 млн сўм;
  • Чилонзор туманида жами 196,9 млн сўм;
  • Учтепа туманида жами 753,1 млн сўм;
  • Миробод туманида – 15,2 млн сўм;
  • Бектемир туманида жами 176,6 млн сўм мажбурий бадал маблағлари мақсадсиз ишлатилган ёки талон-торож қилинган бўлиши мумкин.

“Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилди”, – дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур инспекция март ойида уй-жой мулкдорлари ширкатлари 1,8 млрд сўм маблағни талон-торож қилганини маълум қилганди.

Аниқланган қонунбузарликлар қурилиш-таъмирлаш ишлари ҳажмига қўшиб ёзиш, кредит маблағларини бемақсад ишлатиш, мажбурий бадалдан тушган маблағларни талон-торож қилиш билан боғлиқ эди.

Top