17:13 / 26.04.2022
9260

10та ҳудуд раҳбарларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати белгиланди

Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарёда меҳмонхона ўринлари талабга нисбатан анча камлигини танқид қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.

Дунёда пандемия чекловлари юмшаётгани натижасида туризм индустрияси тикланишни бошлаётгани қайд этилди.  

Жорий йил биринчи чорагида Ўзбекистонга хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баравар кўп туристлар келди. Май ойида ҳамкор давлатлардан сайёҳларнинг 20 фоизи мамлакатга келиши кутилмоқда (илгари бу рақам 2-3 фоиз бўлган).

«Лекин, ҳар бир ҳоким ҳудудимда тарихий обидалар ёки манзарали жойлар кўп, деб хотиржамликка берилмаслиги керак.

Меҳмонхона, музей, транспорт ва йўллар, сервис, овқатланиш жойлари келаётган туристларни қабул қилишга тайёрми? Бунинг учун қайси ҳоким тайёргарлик қилди?» дея савол қўйди давлат раҳбари.

Президент мамлакат туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган камчиликларни санаб ўтди.

Мисол учун, Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарёда мавжуд меҳмонхона ўринлари талабга нисбатан анча камлиги қайд этилди.

Сўнгги йилларда Мўйноқ, Нукус, Шаҳрисабз, Марғилон, Қўқон, Риштон каби янги йўналишлар очилди. Лекин Навоий, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳали бор имкониятлардан фойдаланаётгани йўқ. Қорақалпоғистон, Самарқанд, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳридан бошқа ҳудудларда ёшларга мос туристик хизматлар жуда кам.

«Оилавий» ва «барчаси ичида» хизматларини жорий қилиш ишлари суст. Чўмилиш ҳавзаси 1,2 мингдан зиёд меҳмонхонанинг фақат 30 фоизида бор.

Ҳудудлардаги 206 та термал ва минерал сувли булоқларнинг бугунги кунда 18 тасидан фойдаланилмоқда.

Мисол учун, Қамчиқ довонида (Оҳангарон тумани) 2,5-3 минг метр баландликда жойлашган Арашан кўллар тизимидаги сув ҳарорати қишин-ёзин 36 даража иссиқликда бўлиб, хорижий курортлардан қолишмайди.

Ёки, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпирда ҳам ер остидан 40-70 даража иссиқликда чиқадиган термал булоқлар ҳудудида санаторий-курортлар ташкил қилиш учун барча имкониятлар мавжуд бўлса-да, тегишли ҳудудлар ҳокимлари ташаббус кўрсатмаётгани танқид қилинди.

Йиғилишда мамлакатда мавжуд 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаётгани таъкидланди.

Музейларда 2,5 миллиондан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат мамлакат, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланади.

«Лекин қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқ.

Мисол учун, Савицкий, Термиз археология, Ўзбекистон давлат санъат музейларига бутун дунёдан одамлар келади, лекин аҳолимизнинг бу маданият масканларига бориши тизимли ташкил этилмаяпти.

Шу боис бугун Абдуҳакимовга янги ўринбосарлар – Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев, Ботир Шахриёровни тайинладим.

Ҳар бир вилоят ҳокимига ҳам туризм бўйича ўринбосарлар берилган. Бундай имконият қачон бўлган?

Бу борада Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Фарғонада туризм бўйича ўринбосарлар яхши ишлаяпти. Қолган ҳудуд масъуллари ҳали «уйғонгани» йўқ», деди президент.

Шу 4 та ҳудуддан ташқари барча вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати белгилаш, якуни бўйича лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Top