Ўзбекистон | 18:07 / 30.04.2022
24751
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ҳайит арафасида Афғонистонга 4 минг тонналик гуманитар ёрдам юборди

Бугун, 30 апрел куни Афғонистоннинг Ҳайратон шаҳрида Ўзбекистон халқи номидан биродар афғон халқига инсонпарварлик юкларини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Умумий оғирлиги 4000 тоннадан зиёд бўлган ушбу инсонпарварлик ёрдами Афғонистонга муқаддас Ийд ал-Фитр байрами арафасида етказиб берилди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, инсонпарварлик юклари буғдой, ун, гуруч, қандолат ва консерва маҳсулотлари, кийим-кечак, зарур товарлар, шунингдек, 100 минг доза коронавирусга қарши вакцина ҳамда уни аниқлаш учун тегишли тестлар ўрин олган.

ЎзА маҳсулотлар ҳажми ҳақида маълумот берди:

  • 16 та вагонда 1000 тонна ун;
  • 5 та вагонда гуруч;
  • 1 та вагонда 12 000 дона икра;
  • 1 та вагонда 9679 қути шоколад, печенье;
  • 1 та вагонда 16 156 банка мураббо;
  • 1 та вагонда 70 000 қадоқда дори-дармон;
  • 1 та вагонда 100 000 дона вакцина, 100 000 дона ковид-тест;
  • 20 000 дона кийим-кечак, 10 тонна ёғ;
  • 2 та вагонда 6600 қути лапша маҳсулоти;
  • 1 та вагонда 103 716 дона дори-дармон;
  • 29 та вагонда 2000 тонна буғдой.
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

ТИВ матбуот хизматининг маълум қилишича, маросимда Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид сўзга чиқиб, бутун афғон халқи номидан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга ҳозирги оғир ва синовли даврда афғон элига кўрсатилаётган улкан эътибор, қўллаб-қувватлаш ва бирдамлик учун миннатдорлик билдирган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Айнан Ўзбекистон раҳбари кўпмиллатли Афғонистон халқига чинакам биродарлик муносабатини бутун дунёга яна бир бор кўрсатиш баробарида бу ғамхўрлик жаҳон ҳамжамияти учун яққол намуна бўла олиши алоҳида қайд этилган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

“Бу муҳтарам Ўзбекистон Президентининг бугун ўз келажагини ҳақиқатда янгидан бунёд этаётган афғон халқига нисбатан сиёсатининг дўстона ва чинакам биродарлик моҳиятини намоён этади, – деган Забиҳулла Мужоҳид.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

Балх вилояти губернатори Қудратилло Абу Ҳамза мазкур инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида ва беқиёс аҳамиятга эга эканини, мамлакат аҳолиси бу кўмакка алоҳида эҳтиёж сезганини айтган.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати

“Ўзбекистон Президентининг ушбу кўмаги, том маънода, минглаб юртдошларимиз ҳаётини сақлаб қолишга, уларда эртанги кунга ишонч уйғотишга хизмат қилади. Менимча, ҳеч бир хорижий давлат раҳбари Афғонистон учун ҳурматли Шавкат Мирзиёевдан кўра кўпроқ иш қилмаяпти. Ўз навбатида, биз ўзбек-афғон чегарасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун қўлимиздан келган барча ишларни қиламиз”, – деди Балх вилояти губернатори.

Мавзуга оид