10:02 / 01.05.2022
34840

«Реал» яна чемпион, АПЛда пойга қизимоқда. Кун ўйинлари якунлари

«Реал» финишга тўрт тур қолганида 35-бор Испания чемпионига айланди, Дортмундни Ҳоланднинг ҳет-триги қутқара олмади, АПЛни тарк этадиган илк жамоа номи аниқ бўлди. Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган бошқа воқеалар.

Испания: Анчелотти уникал мураббий, «Атлетико»да муаммолар

Реал — Эспаньол 4:0
Голлар:
Родриго (33, 43), Асенсио (55), Бензема (81). 
Реал — Куртуа, Васкес, Каземиро (Иско, 60), Вальехо, Марсело, Камавинга (Гила, 75), Модрич (Кроос, 60), Себальос, Родриго (Винисиус, 75), Асенсио, Мариано (Бензема, 60).
Огоҳлантиришлар: Мариано (42), Каземиро (46).

Олтин ўйин арафасида Лука Модрич «Реал» билан янги шартнома имзолагани ва бу бир мавсум билан чекланмаслиги, келишув 2024 йилга қадар узайтирилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. Бу янгиликнинг ўзини байрам деб аташ мумкин. «Сантьяго Бернабеу»да йиғилган мухлислар 7-дақиқада собиқ кумирлари Криштиану Роналдуни олқишлашди.

Майдонда эса ёш авлод жавлон урди. Баҳорда беш ўйинда майдонга тушган Родриго тўрт гол урди. Ушбу бразилиялик аввалги 79 ўйинида жами шунча гол урганди. У ҳисобни фахрий жамоадоши Марселонинг узатмасидан кейин очди. Марсело эса «Қироллик клуби» билан 24-совринини қўлга киритди ва январда вафот этган клуб афсонаси Пако Хентодан ўзиб кетиб, клуб тарихидаги энг совриндор футболчига айланди.

Марсело — ҳам афсона. Захирадан қўшилиб, ўйинга нуқта қўйган Бензема каби. Албатта Карло Анчелотти ҳам. У энди кучли бешлик чемпионатларининг барчасида ғолиб чиққан илк мураббийга айланди. Анчелотти Италияда «Милан», Англияда «Челси», Францияда «ПСЖ», Германияда «Бавария» билан чемпион бўлганди. У «Реал»даги аввалги фаолиятида ЕЧЛни қўлга киритган, аммо ички чемпионатдаги биринчи мавсумида чемпион бўла олмагач, истеъфога чиқарилганди.

Унинг Мадридга қайтиши эса ўзини тўла оқлади. Чемпионликдан кейин бўшашган «Атлетико» ва ўзгаришлар давридаги «Барселона» фонида чемпионлик анча осон қўлга киритилди. «Реал»ни чемпионатнинг кейинги мавсумида кучайган рақиблар кутади, аммо Мадрид ҳам янги мавсумга Антонио Рюдигер ва Килиан Мбаппе билан кучайтирилган ҳолда бориши кутилмоқда. Футболдаги «катта дубулға»ни қўлга киритган Анчелотти яна бир тарихий натижага қўл уриши ва Чемпионлар лигасини тўрт бор қўлга киритган илк мураббийга айланиши мумкин.

Ҳозирча 35-бор чемпионликни расмийлаштирган мадридликлар «Ювентус»ни ортда қолдирган ҳолда, топ-5 чемпионатлар рекордчисига айланди.

Атлетик Б — Атлетико 2:0
Голлар:
Эрмосо (8, автогол), Уильямс (55, пенальти). 
Атлетик Бильбао — Симон, де Маркос, Альварес, Мартинес, Берчич (Баленсиага, 87), Н.Уильямс (Заррага, 75), Д.Гарсия (Венседор, 75), Весга, Муниаин, Р.Гарсия (Вивиан, 87), И.Уильямс (Беренгер, 77).
Атлетико — Облак, Льоренте, Эрмосо, Хименес, Мандава (Корреа, 46), Лоди, Карраско (Кунья, 65), Эррера (Коке, 65), Кондогбиа (де Пауль, 65), Гризманн, Суарес (Врсалько, 70).

«Атлетико» рақибларнинг очко йўқотиши туфайлигина тўртинчи ўринни ўзида сақлаб қолмоқда. Мадридликлар ҳозирда пасайиш даврида. Ўтган турда жамоа турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашган «Гранада» мудофаасини ёриб ўтолмаганди, энди эса кутилганидек Бильбаода катта қийинчиликка учради. Басклар январда кубок ўйини яримфиналида Диего Симеоне жамоасини мағлуб этишгани тасодиф бўлмаганини исботлашди.

«Матрасчилар»га энг жиддий хавф Иньяки Уильямс томонидан бўлди, у Хименес билан тўп учун курашда енгиб чиқиб, Эрмосони тўпни ўз дарвозасига йўналтиришга мажбур қилди. Кейинроқ унинг зарбаси дарвоза устунига тегди. «Атлетико» танаффусдан кейингина хавфли ҳужумлар уюштира бошлади ва Гризманнинг зарбаси дарвоза тўсинини титратди.

Аммо бу тасаввур алдамчи бўлиб чиқди ва жавоб ҳужумида мезбонлар пенальти ишлашди, Уильямсларнинг каттаси зарбани паненка услубида ижро этиб, «Сан-Мамес»ни тўлқинлантирди. Душанба куни «Хетафе»га сафар қиладиган «Бетис» ғалаба қозонса, тўртинчи ўрин билан орадаги фарқни бир очкогача қисқартириши мумкин.

Ливерпулдаги мағлубиятдан кейин Унаи Эмери яна таркибда ёппа ротация уюштирди ва бу «Вилярреал» турнир жадвалида охирги ўринни эгаллаб турган «Алавес»дан мағлуб бўлишга олиб келди. «Сариқ субмариналар» мағлубиятдан қутулиб қолиш учун ўйнашди, аммо ўйин охирида Ло Сельсо қулай позициядан хато зарба берди, Пако Алькасернинг икки зарбаси дарвозабон томонидан қайтарилди. Валенсияликларга шунчаки икки фронтда кураш олиб бориш учун куч етмаяпти, натижада жамоа кейинги мавсумда еврокубокларда қатнашиш имконини йўққа чиқармоқда. «Вилярреал» олтинчи ўриндаги «Реал Сосьедад»дан уч очкога ортда қолмоқда ва якшанба кунги ўйинда басклар «Райо Вальекано»га қарши ўйинда муваффақиятга эришса, бу фарқ янада йириклашади.

Англия: Клопп етакчиларга дам берди

Ньюкасл – Ливерпул 0:1
Гол:
0:1 – 19 Кейта.
Ливерпул – Алиссон, Гомес, Матип, ван Дейк, Робертсон, Милнер (Тиаго Алькантара, 78), Ҳендерсон (Фабиньо, 69), Кейта, Мане (Салоҳ, 69), Диогу Жота, Диас.
Огоҳлантиришлар: Диогу Жота (43), Жоэлинтон (43), Гомес (51), Мане (68).

«Ливерпул» билан янги шартнома тузган Юрген Клопп Александр-Арнольд, Фабиньо, Тиаго Алькантара ва Салоҳ каби етакчиларга дам бериб ўйнаши ҳам мумкин. Қизиллар сафидаги ҳар бир футболчи, жумладан Кейта ҳам гол ура олади, «Ньюкасл» футболчиларининг арбитрни голни бекор қилиш учун ундашлари беҳуда кетди, ҳужум бошланган вақтда Милнер яккакураш вақтида тўпга ўйнаганди.

Ўз навбатида меҳмонлар дарвозаси олдидаги тревога алдамчи бўлиб чиқди, Альмироннинг голи офсайд туфайли бекор қилинди. «Ливерпул» тўла хотиржам бўлиши учун иккинчи гол етишмади, Диогу Жота қулай вазиятни йўққа чиқарди. Аммо меҳмонлар шусиз ҳам уддалашди ва - бу мавсумда Кейта гол урган барча учрашувларда ғалабага эришилган.

Лидс — Манчестер Сити 0:4
Голлар:
Родри (13), Аке (54), Жезус (78), Фернандиньо (90+3).
Манчестер Сити – Эдерсон, Канселу, Лапорт, Диаш, Аке (Зинченко, 60), Гундўған, Грилиш, Родри (Фернандиньо, 83), Фоден (Бернарду Силва, 80), Стерлинг, Жезус.
Огоҳлантиришлар: Фирпо (6), Грилиш (14), Канселу (68).

Ўз ўйинини кейинроқ ўтказган «Сити» яна етакчиликни қайтариб олиш учун ўйнашига тўғри келди ва бу иш муамммосиз уддаланди. Хосеп Гвардиола жамоаси «стандартлар»дан унумли фойдаланди. Биринчи вазиятда Фоденнинг жарима нуқтасидан берган узатмасига Родри моҳирлик билан сакраб ҳисобни очди. Иккинчи гол бурчак зарбаси ижро этилганидан сўнг марказий ҳимоячиларнинг боғлами ишлаши эвазига урилди. Рубен Диаш Фоден узатган тўпни боши билан дарвоза яқинида турган Акенинг оёғига ташлаб берди. Иккинчи бўлимнинг иккинчи ярмида Габриэл Жезуснинг навбатдаги голи учрашув тақдирини амалда ҳал қилди, қўшимча дақиқаларда эса Фернандиньо «Лидс» дарвозасига тўртинчи голни урди. «Шаҳарликлар» яна биринчи. «Ливерпул» билан чемпионлик пойгаси катта эҳтимол билан сўнгги турга қадар давом этади.

Италия: «Наполи»нинг қайтиши

Наполи — Сассуоло 6:1
Голлар:
Кулибали (7), Осимҳен (15), Лосано (19), Мертенс (21, 54), Раҳмани (80) — Лопес (87). 
Наполи – Оспина, Ди Лоренцо (Дзаноли, 82), Кулибали, Раҳмани, Руй (Ғулом, 82), Фабиан Руис (Демме, 77), Замбо-Ангисса, Мертенс, Инсинье, Лосано (Политано, 77), Осимҳен (Элмаз, 77). 
Огоҳлантиришлар: Лопес (18), Фраттези (53), Берарди (84).

Сўнгги уч турда атиги бир очко олгач, чемпионлик пойгасидан чиқариб қўйилган «Наполи» бор аламини «Сассуоло»дан олд. Жанубликлар ўйинни шу қадар кучли бошладики, қора-яшилларнинг фаворитлар учун ноқулай рақиб сифатидаги мақомини унутишга тўғри келди. Ўйин тақдири биринчи бўлим ўрталаридаёқ ҳал бўлди, неаполитанликлар йигирма дақиқа ичида рақиб дарвозасини тўрт бор ишғол этишди ва бу жамоанинг 2009 йилдан буён ўйинни бундай старт билан бошлаши бўлди. Айниқса Осимҳеннинг натижасини эътироф этиш мумкин, у фаолиятида илк бор кучли бешлик чемпионатларида бир мавсумда 13 гол уришга эришди. Бу катта рақам бўлиб кўринмайди, аммо у жароҳати туфайли бир неча ой мобайнида майдонга туша олмаганини эътиборга олиш керак. Асосийси эса, мавсум финишида Лучано Спаллетти жамоаси ҳамон Милан клубларига таҳдид солишда давом этади.

Германия: фаворитлар куни эмас

Майнц — Бавария 3:1
Голлар:
Буркардт (18), Ниакате (27), Баррейро (57) — Левандовски (33).
Бавария – Ульрайх, Павар, Зюле (Станишич, 79), Эрнандес (Ньянзу, 67), Дэвис, Забитцер (Мусиала, 46), Горетцка (Сане, 46), Гнабри, Киммих, Шупо-Мотинг (Видович, 67), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Киммих (43), Эрнандес (65), Павар (73), Сане (86).

Амалдаги чемпион сифатида ўйнаган «Бавария» Майнцда сенсацион равишда мағлубиятга учради. Мюнхенликлар учун бу ўйиндаги ягона ижобий вазият — Левандовскининг голи бўлди. Полшалик форвард бир турнир доирасида сафар ўйинларида 18 гол урган ҳолда бундеслига рекордини қайд этди. Юлиан Нагельсманн жамоасига параллел ўйинда «Боруссия» намойиш этишга уринган камбэк камлик қилди.

Боруссия Д — Боҳум 3:4
Голлар:
Ҳоланд (18 пенальти, 30 пенальти, 62) — Польтер (3), Ҳолтманн (8), Локадия (81), Пантович (85, пенальти). 
Боруссия Д – Ҳитц, Аканжи, Загаду, Геррейру (Роте, 84), Витцель (Пападопулос, 87), Брандт (Мукоко, 87), Беллингем, Вольф (Рейньер, 84), Ройс, Ҳоланд, Байно-Гиттенс (Пасслак, 63). 
Огоҳлантиришлар: Беллингем (24), Лосилла (31), Машович (35), Брандт (54), Роте (89), Цоллер (90), Пападопулос (90).

Дортмундликлар ўйиннинг 8-дақиқасига келиб икки гол ўтказиб юборган ҳолда мухлисларини шокка туширди, аммо Ҳоланд ўзини кўрсатди. Норвегиялик ҳужумчи танаффусга қадар икки бор пенальтини аниқ ижро этиб ҳисобни тенглаштирди, ўйиннинг иккинчи бўлимида эса Ройснинг қанотдан узатмасидан кейин дарвозани ишғол этиб, профессионал футболчилик фаолиятида 12-ҳет-тригини нишонлади. Бу голдан кеийн «Боҳум» нокаут ҳолатига тушгандек эди, аммо меҳмонлар ирода кўрсатишди ва ўйин охирида ғалабани илиб кетиб, бундеслигада қолишларини кафолатлади.

Кун статистикаси

  • АПЛга чиққан сўнгги тўрт мавсумида ҳар сафар чемпионшипга тушиб кетган 2-чи жамоа «Норвич» бўлди. Бундай серия аввал «Кристал Пэлас» билан ҳам рўй берган. Аммо «канарейка»лар чемпионшипга жами олти бор тушиб кетган ва бу борада энг юқори кўрсаткич қайд этган.
  • Генуя дербиларида «Сампдория» бош мураббийи Марко Жампаоло 5 бор ғолиб чиқди. Бу 1994/95 йилги мавсумда уч очколик тизимга ўтилганидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
  • «Реал» ҳимоячиси Алаба 10 мавсумда кетма-кет чемпион бўлди. Австриялик ҳимоячи бундеслигадаги сериясини ла лигада ҳам давом эттирди. 
  • А серияда бир клуб учун 150 гол урган 10-футболчи «Лацио» ҳужумчиси Чиро Иммобиле бўлди.
  • Нидерландия чемпионатида 124 ўйинда майдонга тушган «Аякс» яримҳимоячиси Душан Тадич клуб рекордини ўрнатди.
  • Ла лигада «Атлетик» яримҳимоячиси Рауль Гарсия 550-ўйинини ўтказди. У бу борада «Реал» афсонаси Раул билан тенглашиб олди, ўйинлар сони бўйича ундан олдинда жорий мавсумни «Бетис» сафида ўтказган Хоакин (596) ва ўтмишдаги таниқли дарвозабон Субисаррета (622) бор.
  • «Трабзонспор» 13 659 кун давом этган танаффусдан кейин яна Туркия чемпионлигини нишонлади.
Top