20:25 / 05.05.2022
34378

Нефть эмбаргосидан тортиб ​​«Сбербанк»нинг SWIFT’дан узилишигача: Россияга қарши санкцияларнинг олтинчи пакети

Европа Иттифоқининг Россияга қарши олтинчи санкциялар пакетида бир қатор кескин чоралар: босқичма-босқич нефть эмбаргоси жорий қилиш, Россия банк тизимининг изоляциясини кучайтириш, россияликларга Европа Иттифоқи ҳудудида кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни тақиқлаш кабилар ўрин олган.

Фото: Patrick Pleul

«Кўрилаётган чора-тадбирларнинг барчаси Россия иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш имкониятларидан маҳрум қилади. Путин Украинани дунё харитасидан ўчириб ташламоқчи бўлди, аммо у муваффақиятга эриша олмайди. Аксинча, Украина шиддат билан кўтарилди, Россия эса чўкиб кетмоқда», дея таъкидлади Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европарламентга олтинчи санкциялар пакетини тақдим этар экан.

Коллектив Ғарб Россияни тараққиётдан узиб қўйиш ва Кремлнинг Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда Европадаги энг йирик ҳарбий ҳаракатларини молиялаштиришни тўхтатиш мақсадида бир қатор оғриқли санкцияларни жорий қилди. АҚШ ва бошқа ривожланган давлатлар аллақачон Россия нефти, гази ва кўмиридан воз кечишди, аммо уларнинг Россия энергетика ресурсларига қарамлиги ЕИ мамлакатларига нисбатан камроқ даражада эди. Евроиттиқфоқ умумий газ импортининг 40 фоизи, нефть ва нефть маҳсулотлари импортининг эса 30 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади.

Нефть эмбаргоси ​– Ғарб мамлакатлари томонидан захирада ушлаб турилган, расмий Кремлни урушни тўхтатишга мажбурловчи энг радикал иқтисодий чора ҳисобланади. Нефть ва газ секторидан келадиган даромадлар Россия бюджетининг ярмини, умумий экспортининг эса ярмидан кўпроқ қисмини ташкил этади. Ўз навбатида Россия газ экспортининг 70 фоизини, нефть ва нефть маҳсулотлари экспортининг 60 фоизини Европа мамлакатларига амалга оширади. Биргина икки ярим ойлик уруш даврида Европа Иттифоқи Россияга нефть учун 20 миллиард евродан, газ учун эса 30 миллиард евродан кўпроқ пул тўлаган.

«Эндиликда биз нефть эмбаргосини таклиф қилмоқдамиз. Бу Россиянинг барча нефть ва нефть маҳсулотларини ҳам денгизда, ҳам қувур линияси орқали импорт қилинишини бутунлай тақиқлашни англатади», дейди фон дер Ляйен.

Қайд этилишича, нефть эмбаргоси ​​босқичма-босқич жорий этилади. Еврокомиссия нефть импорти учун олти ойлик ўтиш даврини таклиф қилди ва жорий йил охиригача Россия нефть маҳсулотларидан бутунлай воз кечишни режа қилмоқда.

Олтинчи санкциялар пакетидан яна нималар ўрин олган?

Навбатдаги санкциялар пакетидан Россиянинг энг йирик «Сбербанк» банки ва яна иккита кредит муассасасини SWIFT тизимидан узиш, Россиянинг яна учта давлат телеканалларини Евроиттифоқ ҳудудида намойиш этишни тақиқлаш(аввалроқ ЕИ ҳудудида РТ ва Спутник тақиқланганди), «Бучадаги ҳарбий жиноятларни содир этганлар ҳамда Мариуполни қамал қилишга жавобгар бўлганлар»га қарши персонал санкциялар киритилиши ҳам назарда тутилган.

«Бундан ташқари, ЕИ ҳудудида Россия компанияларига консалтинг ва бухгалтерия хизматлари кўрсатиш тақиқланади», дея қўшимча қилган Еврокомиссия раҳбари.

Шунингдек, Европа танкерларида Россия нефтини ташишни тақиқлаш ҳам муҳокама қилинган. Бу эса нафақат Европага, балки санкциялар қўлламаган давлатлар, биринчи навбатда, Хитой ва Ҳиндистонга нефть экспорт қилишга ҳам таъсир қилади.

Bloomberg’нинг ёзишича, россияликларга Европа Иттифоқи ҳудудида кўчмас мулк билан боғлиқ операцияларни тақиқлаш ҳам кўриб чиқилган. Ушбу чеклов тасдиқланса, Европа Иттифоқи кўчмас мулк ҳуқуқларини Россия фуқаролари ва резидентларига, шунингдек, россиялик юридик шахсларига тўғридан тўғри ёки билвосита ўтказиш ёки сотиш тақиқланади. Бу тартиб Европа иқтисодий ҳудуди ёки Швейцарияда яшаш учун рухсатнома ёки фуқароликка эга бўлганлар учун истисно қилиниши кўзда тутилган.

Янги санкцияларнинг тўлиқ тафсилотлари Европа Иттифоқига аъзо барча 27 давлат вакиллари томонидан маъқуллангандан сўнг очиқланиши кўзда тутилган. Баъзи кузатувчиларнинг фикрича, янги санкциялар пакети урушнинг кейинги авж олишига қадар ушлаб турилиши мумкин ва 9 май атрофида эълон қилиниши кутилмоқда.

Истисноларсиз санкциялар йўқ

Нефть эмбаргоси ​​босқичма-босқич жорий қилинади. Истисно ҳолатлар фақат Россия нефтига қарам бўлган Венгрия ва Словакия учун сақланиб қолиши, ушбу мамлакатларнинг импортни 2023 йил охиригача давом эттиришига рухсат берилиши мумкин.

«Бу осон бўлмайди. Европа Иттифоқининг баъзи давлатлари Россия нефтига қаттиқ қарам. Буни ҳал қилишимиз керак», - дейди фон дер Ляйен.

«Биз Россия нефтидан воз кечиш муаммосиз амалга ошишига ишонч ҳосил қилишимиз керак, бу бизга ҳам, ҳамкорларимизга ҳам муқобил етказиб берувчилар билан музокаралар олиб бориш ва жаҳон бозорларига таъсирни камайтириш учун вақт беради. Асосий мақсад, Россияга максимал даражада босим ўтказиш, шу билан бирга бизга ва ҳамкорларимизга етказиладиган зарарни чеклаш. Украинага ёрдам беришимиз учун ҳам бизга кучли иқтисодиёт керак», дея қўшимча қилган Еврокомиссия раҳбари.

АҚШ Европа Иттифоқидан Россияга қарши нефть эмбаргосини жорий қилишда шошилмасликни сўрамоқда, чунки нефть нархининг кескин кўтарилиши жаҳон иқтисодиётини беқарорлаштириб юборади, бу эса Россияга камроқ нефть сотиш орқали ҳам ҳозирги ҳолат билан бир хил миқдорда даромад олиш имконини беради ва санкцияларни иқтисодий моҳиятидан маҳрум қилиши мумкин.

Турли прогнозларга кўра, Россияда ишлаб чиқаришнинг пасайиши нефть нархининг қийматини ҳозирги 100-110 доллардан 140-170 долларгача ошишига олиб келади.

Bruegel таҳлилчиларининг таъкидлашича, ривожланган мамлакатлар Россия нефть маҳсулотларига чеклов киритиш имкониятига эга. Энг ёмон ҳолатда улар кунига 5 миллион баррель Россия хомашёси ва нефть маҳсулотларини бошқа муқобил манбаларга алмаштиришлари керак бўлади.

Ҳозирда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг бой мамлакатлар клуби 1,5 миллиард барреллик стратегик захираларга эга. Шунингдек, уларнинг шахсий омборларида 3 миллиард баррель захиралар мавжуд.

Бундан ташқари, ишлаб чиқаришни кўпайтириш имконияти ҳам бор: Саудия Арабистони ишлаб чиқаришни кунига 1-2 миллион баррелга, БАА ва Ироқ 1 миллион баррелдан кўпроққа ошириши мумкин. Агар Эрондан санкциялар олиб ташланса, бу қўшимча тарзда бозорга яна 1 миллион баррель нефть киришига имкон беради.

Халқаро энергетика агентлиги маълумотларига кўра, кейинги тўрт ой ичида кунига 2,7 миллион баррель нефтни тежаш режими орқали сақлаб қолиш мумкин. 

Европа Иттифоқининг санкцияларида истиснолар сақланиб қолаётган бўлса-да, ҳаттоки «Газпромбанк»га ҳам чекловлар жорий қилиниши инкор этилмаяпти. Россия энергия ресурслари учун тўловлар ушбу банк орқали ўтади ва мамлакат Марказий банки валюта захираларининг ярми музлатилган шароитда, у Россияда валюта жамғариш маркази бўлиб қолмоқда.

«Сбербанк»нинг SWIFT тизимидан узилиши апрель ойида АҚШ томонидан унга нисбатан блокловчи санкциялар киритганидан бери кутилаётган эди. Энг йирик хусусий «Альфа-Банк» ҳам қийин ҳолатга тушиб қолди, аммо унинг SWIFT’дан узилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар мавжуд эмас.

Ҳозиргача Россиянинг 7 та банки SWIFT тизимидан узилган: рўйхатда мамлакатнинг активлари ҳисоби бўйича иккинчи энг йирик банки – «ВТБ» ҳамда яна бир йирик банк – «ВЭБ.РФ», шунингдек, «Россия», «Открытие», «Новикомбанк», «Промсвязьбанк» ва «Совкомбанк» бор.

Россия қандай жавоб бериши мумкин?

Европа Иттифоқи каби энг йирик нефть харидоридан маҳрум бўлиш Россияда нефть қазиб олишнинг кескин камайиб кетишига олиб келиши мумкин, чунки Европа мамлакатлари ҳиссасига тўғри келадиган барча экспортни бошқа бозорларга, биринчи навбатда, Осиёга йўналтириш учун танкерлар ва нефть қувурлари етишмайди.

Бу Россия учун жуда ҳам оғриқли бўлмоқда, жорий қилинган санкциялар туфайли катта йўқотишларга дучор бўлди. Чунки мамлакатнинг асосий технология ва савдо ҳамкори бўлган Ғарб иқтисодиёти билан алоқалар узилди.

Россиянинг Ғарб сингари бой ва ривожланган шерик топиши анчайин қийин, Шарққа, Осиёнинг ривожланаётган мамлакатларига бурилиш учун эса ўн йилдан кўпроқ вақт талаб этилади. Шу сабабли, иқтисодчилар жорий йилда Россиянинг сезиларли иқтисодий пасайишини ва кейинги йиллардаги турғунлик тахминан 10 фоиз атрофида сақланиб қолишини прогноз қилишмоқда.

Бироқ Россиянинг Ғарбга иқтисодий таъсир кўрсатиш воситалари ҳам мавжуд. Асосий экспорт товари бўлган нефтдан ташқари Россия жаҳон бозорига табиий газ, кўмир, уран, никель, палладий ва бошқа металларни етказиб берувчи асосий давлат ҳисобланади. Аммо Европага босим ўтказишнинг асосий дастаги табиий газдир. Хусусан, Россия уруш бошланишидан олдин Европа Иттифоқига газ етказиб беришни қисқартирди, бу нархларнинг рекорд даражадаги ошишига олиб келди, аҳолининг норозилиги кучайди ва кўҳна қитъада таназзулли ҳолатни юзага келтирди.

«Газ учун рубль» схемаси орқали «нодўст давлатлар» газ учун тўловларни шартномаларда кўрсатилганидек, хорижий валютада эмас, балки «Газпромбанк»да ҳисобрақам очган ҳолда Россия миллий валютасида амалга ошириши кераклиги ҳақидаги талаб билан чиқди. Бу схемани рад этган Болгария ва Польшага газ етказиб беришни тўхтатди.

Европа учун нефть эмбаргосидан кўра рус газидан воз кечиш қийинроқ, чунки бу борада Россияга боғлиқлик даражаси жуда юқори. Европа Иттифоқи Россиядан импортни учдан икки қисмга қисқартиришга ваъда берган бўлса-да, газ эмбаргосини муҳокама қилмаяпти.

Газ асосан қувурлар орқали етказиб берилади. Европа мамлакатлари сўнгги йилларда кўмир ва атом энергиясидан воз кечиш мақсадида Россиядан газ импортини сезиларли даражада оширган. Марказий Европадаги айрим давлатлар деярли бутунлай Россия газига қарам. Жумладан, Россия Европадаги энг йирик саноат давлати - Германияга газ етказиб беришни тўхтатса, ушбу мамлакатда бир қанча чекловлар жорий қилиниши ва заводлар ўз иш фаолиятини тўхтатиши мумкин. Германия Марказий банкининг ҳисоб-китобларига кўра, газ эмбаргосининг мамлакатга етказилиши мумкин бўлган зарари ЯИМнинг 5 фоизи ёки 180 миллиард еврони ташкил қилади.

Россиянинг ишончли газ етказиб берувчи сифатидаги мавқеи барбод бўлганидан кейин Европа Иттифоқи харидларни қисқартиришга интилмоқда. Россиянинг экспорт тушумидаги газнинг улуши нархларнинг ошишига қадар тахминан 10 фоизни ташкил этган бўлса, нефть ва нефтдан олинган даромад 40 фоиз атрофида бўлган. Санкцияларнинг олтинчи пакети эълон қилинишидан бир кун олдин Путин қарши санкциялар тўғрисидаги фармонни имзолади. Унда хомашё етказиб беришни тақиқлаш ҳам ўрин олган. Рўйхат 10 кун ичида тузилиши кўзда тутилган.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top