18:29 / 11.05.2022
2137

Самарқандда ичига гиёванд модда солинган газ баллон портлаб кетиб, жиноятчиларни ошкор қилди

Икки нафар тожикистонлик фуқаро опий гиёҳвандлик моддасини Тожикистондан Ўзбекистонга машинага ўрнатилган пропан газ баллони ичига жойлаб олиб ўтишган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, Тожикистоннинг Душанбе ва Бохтар шаҳарларида яшовчи, 1978 йилда туғилган Д.О. ҳамда С.С. опий гиёҳвандлик моддасини Тожикистондан Ўзбекистонга машинага ўрнатилган пропан газ баллони ичига жойлаб олиб ўтишган. Сўнг уни сотиш учун Ургут туманида яшовчи таниши, 1979 йилда туғилган М.Ф.нинг яшаш хонадонига боришган.

Улар пропан газ баллони ичидан гиёҳвандлик моддасини олаётганда у портлаб кетади. Оқибатда Д.О. ҳамда С.С. куйиш тан жароҳатларини олиб, туман шифохонасига мурожаат қилишади. Қўшни давлатдан келган меҳмонларнинг хатти-ҳаракати ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларида шубҳа уйғотади.

Шундан сўнг меҳмонларнинг машинаси тегишли тартибда текшириб кўрилганда ундаги пропан газ баллони ичида целлофан пакетга ўралган 244,19 грамм опий гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилган.

ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари билан ўтказилган яна бир тадбирда эса Иштихон туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган Қ.А. бошқарувида бўлган Nexia-2 тегишли тартибда текшириб кўрилганда машинада 1 килограмм 8,16 грамм опий гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. 

Қайд этилишича, юқоридаги иккала ҳолат бўйича гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top