Автомобил газбаллони портламаслиги учун нималарга эътибор бериш керак? — мутахассис тавсиялари
Автомобил газбаллонларидан белгиланган хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмай фойдаланилса, у хавфли қурилмага айланади. Нафақат ҳайдовчининг ўзи, балки атрофдагилар ҳаёти хавф остида қолади. Газбаллонлари нега портлайди, қачон ҳақиқий хавфга айланиб қолади? Шу каби саволларга Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказининг Ёнғин-техникавий экспертизаси мутахассиси Ёқубжон Рустамов жавоб беради.
– Ëқубжон ака, газбаллони мавжуд автомобилда қандай хавфсизлик қоидаларига амал қилиш керак?
Ҳайдовчиларимиз эътиборга олиши керак бўлган асосий жиҳатлардан бири шундаки, газбаллони ўрнатилган темир асос билан баллон ўртасидаги резиналар силжиб кетиб, ишқаланишни вужудга келтириши мумкин. Натижада эса газ баллони емирилади. Шу сабабли мунтазам равишда уни кўздан кечириб, мустаҳкамлигини текшириб туриш лозим. Ҳайдовчи, қолаверса, узатиш тизимига уланиб кетувчи жойлардан газ сизиб чиқмаётганлигига ишонч ҳосил қилгандан кейингина автомобилни бошқариши лозим. Агар юкхонасидан газ ҳиди келаётган бўлса, зудлик билан малакали мутахассисларга хабар бериб, муаммони бартараф қилиш чораси кўрилиши керак.
– Газбаллонларининг фойдаланиш муддати қанча вақтни ташкил қилади?
15 йилни ташкил қилади. Бироқ техник талабларга риоя қилмасдан фойдаланилганда бу муддат янада қисқаради. Битта газ баллонига 15000 мартагача газ қуйиш мумкин. Ушбу рақамдан оширмаслик шарт. Акс ҳолда кўнгилсизликлар юз бериши мумкин.
– Газбаллонини ҳаво билан шишувчи шарга қиёс қилсак. Ўз-ўзидан савол туғилади, қандай қилиб темир газбаллони худди шар каби кенгаяди?
Катта босим остида газ қуйилгач, баллон ўз-ўзидан кенгаяди. Бу жараён инсон кўзи илғар-илғамас даражада содир бўлади. Двигател ишга тушиб, машина юргач эса ичидаги газ камайиб, баллон яна ўз ҳолига қайтади. Шишиб яна жойига қайтиш жараёни йиллар мобайнида такрорланавергач, вақт ўтиб унда микроёриқлар пайдо бўлиши мумкин. Бу эса жуда хавфли.
– Газ тўлдириш шохобчаларида меъёридан ортиқ миқдордаги газ қуйдиришга уринаётган ҳайдовчилар учраб турибди. Уларга нима деган бўлар эдингиз?
Ўрнатилган тартиб қоидаларга мувофиқ 20 мегапаскалдан ортиқ газ қуйиш хавфли деган бўлар эдим.
– Ортиқча юк билан газбаллони иш фаолиятига зарар етказиб қўйиш мумкинми? Қолаверса, унга ёмғирнинг, бошқа унсурларнинг таъсири қандай?
Сув ёки турли кимёвий моддаларнинг баллонга тўкилиши натижасида унда коррозия ҳодисаси юз бериши мумкин. Бу эса газбаллонининг техник ҳолатига таъсир қилади. Автомобилларимиз ҳар хил йўлларда юради. Шу сабабли такроран бўлса-да ҳайдовчиларимизга автомобилларини ўз вақтида билан техник кўрикдан ўтказиб туришларини сўраб қолган бўлардим.
Шоҳрўз Мирзақобилов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
15:11 / 05.11.2024
Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди
14:37 / 30.10.2024
Toyota автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажми кетма-кет саккизинчи ой пасайди, сотувлар ҳам қисқарди
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
15:54 / 24.10.2024