13:42 / 13.05.2022
24210

“Деҳқон ҳосилдорликдан манфаатдор бўлсин” — президент буғдойнинг харид нархи ошгани ҳақида

Шавкат Мирзиёев фермерлар етиштирган буғдойни дон комбинатлари ярим нархига сотиб олгани, ўртадаги фарқ “пора ва ўзлаштириш шаклида кимларнингдир чўнтагига киргани”ни айтди. “Деҳқон ҳосилдорликдан манфаатдор бўлсин, етиштирган ҳосилини истаган жойига сотсин, рақобат бўлсин. Рақобат бўлса, ҳосилдорлик ошиши учун иштиёқ ошади, соҳага илм, янги навлар кириб келади”, – деди давлат раҳбари.

Архив фото: Президент матбуот хизмати

Фарғона вилоятига ташрифини амалга ошираётган президент Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари йиғилишида нутқ сўзламоқда.

Давлат раҳбари тарқатилаётган ерлар, буғдой баҳосига тўхталди.

“Биласиз, 80 минг гектар ерни талабгорларга тарқатиб бердик. 80 минг гектар! Энди бу ерларда тинмай ишлаш керак. Кўряпсиз, жаҳон бозорида нарх-наво кун сайин ошиб кетяпти. Бу бизга таъсир қилмай қолмайди. Ахир халқ ҳар куни ейиши керак-ку. Буғдой нархи бўйича қабул қилган қарорим билан танишдинглар.

Бозорда 4 млн сўм бўлган буғдойни комбинатлар ярим нархига олган, фермерлар шуларга боғланиб қолган. Ўртадаги фарқ пора ва ўзлаштириш шаклида кимларнингдир чўнтагига кирган. Дон комбинатлари раҳбарларини қанча жазоласак, қамасак ҳам фойдаси йўқ, чунки тизимни ўзгартириш шарт. Ғалланинг харид нархини икки баробар оширдик. 

Деҳқон ҳосилдорликдан манфаатдор бўлсин, етиштирган ҳосилини истаган жойига сотсин, рақобат бўлсин. Рақобат бўлса, ҳосилдорлик ошиши учун иштиёқ ошади, соҳага илм, янги навлар кириб келади”, – деди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтилмоқда. Давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилги 1,5 млн сўмдан бу йил 3 млн сўмга оширилади. Шу нархда харид қилинган буғдой ойма-ой биржага чиқарилади, агар нархлар ошса, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.

Top