19:00 / 13.05.2022
68115

Украина россияликлар колоннаси дарёни кечиб ўтиш чоғида яксон этилганини хабар қилди. Бу ҳақда нималар маълум?

Украина ҳарбийлари Донбассдаги дарёни кечиб ўтиш учун ўрнатилган кўчма кўприк ҳамда Россия армиясининг зирҳли танклари колоннаси йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Украина ҳарбийлари жума куни бу ҳолат акс этган кадрларни намойиш қилди. Ҳозирда россиялик ҳарбийларнинг бу ердаги йўқотишлари сони ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Фото: UKRAINIAN AIRBORNE FORCES COMMAND/REUTERS

Украина ҳаво ҳужуми қўшинлари қўмондонлиги томонидан эълон қилинган кадрларда бир неча ҳарбий машиналар ёнаётгани ва понтон кўприкнинг бир қисми чўкиб кетгани акс этган. Reuters’нинг ёзишича, дарё бўйидаги ўрмонзор ва трассада кўплаб ҳарбий машиналар ва танклар шикастлангани ёки ташлаб кетилгани кўринади.

Ҳар куни ўз разведка маълумотларини тақдим этиб келаётган Буюк Британия мудофаа вазирлиги украин кучлари россиялик ҳарбийларнинг Донбассдаги дарёни кечиб ўтишга бўлган уринишини муваффақият билан бартараф этишгани ҳақида хабар қилган.

Вазирлик фотосуратларга таянган ҳолда Северодонецк ғарбидан ўтган Шимолий Донни кечиб ўтиш чоғида Россия сезиларли талафотга учраганини тасдиқлайди - камида битта батальон тактик гуруҳи йўқ қилинган, дарёни кечиб ўтиш учун қурилган понтон кўприк вайрон бўлган.

«Уруш шароитида дарёдан кечиб ўтиш ўта хавфли манёвр ҳисобланади ва бу Россия қўмондонлиги Украина шарқида сезиларли натижаларга эришиш учун босим остида қолаётганидан далолат беради», дея вазиятни баҳолаган Британия мудофаа вазирлиги.

Reuters россияликларнинг дарёдан кечиб ўтиш учун уриниши барбод бўлгани ҳақидаги хабарни оператив текшириб, бу тўқнашув қачон ва қаерда бўлганини аниқлаштира олмаслигини қайд этган.

Украина ИИВ раҳбари ўринбосари Виктор Андрусив бу ҳодиса пайшанба куни Луганск областидаги Белогородка посёлкаси ҳудудида рўй берганини айтган. Андрусивнинг тасдиқлашича, украин ҳарбийлари «бутун бир батальон-тактик гуруҳини яксон этишган».

Андрусив бу батальон-тактик гуруҳ Россиянинг 74-алоҳида гвардия мотоўқчилари бригадаси таркибига киргани ва 70 дан ортиқ техникасининг 50 дан ортиғини йўқотганини тахмин қилган. Бу батальондаги ҳарбийлар сони 600 нафардан 800 нафаргачани ташкил этган бўлиши мумкин.

BBC’нинг Лвовдаги мухбири Жо Инвуд

Бу мутлақо яксон бўлиш - Украина мудофаасини қанотдан айланиб ўтишга уриниш ҳалокатли даражадаги муваффақиятсизликка учради.

Луганск областидаги Северодонецк шаҳридан ғарбдан ўтган Шимолий Дон дарёсининг шарқий соҳилидаги ёниб кетган рус танклари ва зирҳли техникалари. Дарёни кечиб ўтиш учун қурилган понтон кўприкнинг ярми сувдан чиқиб турибди.

Деярли бутун батальон техникаси йўқотилган деб ҳисобланмоқда - қанча одам ҳалок бўлгани эса номаълум.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги эрталабки брифингда кечувдаги воқеалар Россия қўмондонлигига босим ортаётганини кўрсатишини маълум қилди.

Шу билан бирга, Россия армияси бошқа жойларда илгариламоқда - хабарларга кўра Рубежное шаҳри атрофидаги ҳудудлар эгалланган. Бу эса стратегик муҳим шаҳар ҳисобланган Северодонецк (Луганск областининг Украина назоратидаги қисмининг маъмурий маркази) уч томондан қуршовга олинганини англатади.

Агар Россия қўшини бу шаҳарни ҳам эгалласа, улар дарё бўйлаб бир қанча кечиб ўтиш жойларини назоратига олади, ҳозирда эса бу дарёдан ўтиш уларга қимматга тушмоқда.

Бу россиялик ҳарбийларнинг ушбу дарёдан ўтиш учун биринчи уриниши эмас. Украина нашрлари хабарига кўра, ҳафта бошида Россия махсус топшириқли бўлинмаси Белогоровка ҳудудида понтон кўприк орқали дарёдан ўтган, аммо артиллерия зарбалари орқали тўзитиб юборилган.

Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай телеграм-канали орқали пайшанба кунги навбатдаги жанглар ҳақида хабар берган. «Белогоровка ҳозирда россияликлар ҳужумини тўхтатиб турибди, бизнинг ҳимоячилар икки марта понтон кўприкни вайрон қилишди, россияликларнинг ҳаракатларидан келиб чиқсак - учинчиси ҳам бўлади», дея ёзган Гайдай.

Пайшанба куни кечқурун Украинадаги телеграм-каналларда Белогоровка ҳудудида дарё бўйлаб ўтган понтон кечуви яксон этилганининг янги суратларини эълон қилди. Уларнинг версиясига кўра, бу десантчиларни эвакуация қилишга уриниш эди ва бу уриниш яна артиллерия зарбалари туфайли барбод бўлган.

Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча бу бўйича изоҳ бермади.

Америкадаги урушларни тадқиқ қилиш институти баҳоларига кўра, Россия армиясининг Северодонецкка кенг кўламли ҳужуми яқин кунларда бошланади.

Украина армияси Харвокда ҳужумга ўтмоқда

Украина сўнгги кунларда Россия армиясини Харков атрофидаги жангларда мағлуб этмоқда. Киев томонидан янграётган баёнотларга кўра, Харков йўналишидаги россиялик ҳарбийларнинг асосий саъй-ҳаракатлари Веселое аҳоли пункти ҳудудида украин кучларининг олдинга силжишига йўл қўймасликка қаратилган.

CNN Харков области ҳудудида россиялик ҳарбийлар Украина кучлари ҳужумга ўтишини қийинлаштириш учун Шимолий Дон дарёсидаги учта кўприкни портлатиб юборгани ҳақида хабар берган.

Reuters агентлиги журналистлари Украина айни вақтда Харковдан жануби-шарқда Шимолий Дон қирғоғигача бўлган 40 км масофадаги ҳудудни назорат қилаётганини маълум қилишган.

Украина қуролли кучлари бош штаби ҳам Россия Донецк ва Луганск областларида илгарилаётганини маълум қилган. Россия мудофаа вазирлиги сўнгги кунларда қуруқликдаги ҳаракатлар ҳақида маълумот бермади ва фақат ҳаводан берилаётган зарбалар ҳақида хабар қилмоқда. Буюк Британия мудофаа вазирлиги жума куни ўз обзорида Россия Харковдан жанубда, Изюм ва Северодонецк атрофида Славянск ва Краматорск томон ёриб ўтиш учун зўр бераётганини айтган.

Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай жума куни ўтган кунда региондаги аҳоли турар жойларига 31 бор зарба берилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, россиялик ҳарбийлар Попаснаяни қўлга олгач, шимолга, Орехово йўналишида ва Камишеваха районида юриш штурм ҳаракатлари олиб бормоқда.

Луганск ва Донецк областларидан ташқари дунё Мариуполдаги «Азовстал» заводи қамалини ҳам кузатмоқда. Ҳозирча ушбу заводдаги украин ҳарбийлари эвакуацияси бўйича маълумот йўқ. Мариупол мэри маслаҳатчиси Петро Андрюшченконинг хабар қилишича, россиялик ҳарбийлар ҳаводан қўллаб-қувватлов орқали корхона ҳудудига қуруқликдан бостириб кириш учун ҳаракатларини давом эттирмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top