2014 йил 12 апрелда «ДХР айирмачилари» — яъни россияпараст кучлар — Словянскни эгаллаганди. Замонавий дунёни буткул ўзгартириб юборган уруш шундай бошланганди.
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини 2022 йил 24 февралда бошланди — аммо бу ўринда «кенг кўламли» ибораси киритилиши бежиз эмас. Амалда уруш 10 йилдан буён давом этмоқда. У шундай бошланганди: 2014 йил 12 апрелда Игор Стрелков (Гиркин) бошчилигидаги 50 нафар жангари Словянскка киради; улар маҳаллий айирмачилар билан бирлашиб шаҳарни тўлиқ назорат остига олади. Словянск Россия ва Украина ўртасидаги шиддатли жангларнинг дастлабки майдонига айланади — кўпдан кўп далилларга қарамай, Москва йиллар мобайнида РФ армияси аскарлари Украина шарқида жанг қилганини рад этиб келади. 5 июл куни Словянск Украина қуролли кучлари томонидан қайтариб олинади, Россия уни яна эгаллаб олишга ҳаракатларини давом эттирган бўлса ҳам, у ҳамон Украина ҳудуди бўлиб қолмоқда. Қуйидаги материалда «Медуза» бугунги ҳаётни бутунлай ўзгартириб юборган уруш қандай бошланганини эслайди.
Қуролланган жангари эгаллаб олинган милиция биноси олдида Словянскнинг Россияга хайрихоҳ аҳолисига салом йўлламоқда. 2014 йил 12 апрел
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Словянскнинг Россияни қўлловчи аҳолиси шаҳар милиция бошқармаси биноси олдида Игор Стрелков (Гиркин) бошчилигидаги россиялик жангариларни олқишламоқда. Кейин жангарилар Украина хавфсизлик хизматининг шаҳар бошқармаси биносини ҳам эгаллайди. Эгаллаб олинган қуроллар маҳаллий айирмачиларга тарқатилади. 2014 йил 12 апрел
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Словянскда россиялик жангарилар ва ўзини ўзи эълон қилган Донецк халқ республикаси «халқ дружинаси»га қўшилган, ёғоч дубинка ва қалқон кўтарган йигит. У босқиннинг кейинги куни, 2014 йил 13 апрелида област милиция бошқармаси атрофида ўрнатилган баррикадани қўриқлайди. Украинанинг Луҳанск, Донецк ва Харкив областларида маъмурий бинолар эгалланиши ортидан бошланган «аксилтеррорчилик операциялари» (АТО) Словянскка ҳам тааллуқли эди.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
13 апрел куни Словянск чеккасида украин махсус топшириқли бўлинмаси билан бўлажак жангга тайёрланаётган айирмачилар. Бир кун олдин жангарилар ДХР «халқ дружинаси» билан биргаликда шаҳар атрофида истеҳкомлар қуриб, блокпостлар ўрнатган, шунингдек асосий трассаларни тўсиб қўйганди.
Anatoly Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Словянскнинг россияпараст аҳолиси вакили айирмачиларнинг Украина кучишлатар тузилмалари билан тўқнашувидан олдин шаҳар чеккасида шиналарни ёқмоқда. Жангларнинг биринчи кунида ҳукумат кучлари Словянскка Краматорск томондан кириб келишдаги иккита йўлнигина очишга муваффақ бўлади. Шаҳардаги қолган блокпостлар, маъмурий бинолар ва кўчалар эса ДХР «халқ дружинаси» назорати остида қолади.
Anatoly Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Словянск аҳолиси вакиллари 15 апрел куни россияпараст митингда. Бир кун олдин шаҳарда бўлиб турган журналистлар Словянск ижроия қўмитаси биноси олдида камуфляж кийган қуролли кишилар улар олдинроқ аннексия қилинган Қримдан келган «хушмуомала яшил одамчалар» экани ва улар Словянскка «шаҳарликларнинг порлоқ келажагини таъминлаш» учун келишганини хабар қилганди. Украина хавфсизлик хизмати жангарилар ўртасидаги телефон мулоқотларини тинглашга муваффақ бўлган. Идора хабарида «Украинанинг шарқий қисмида Россия Федерациясининг кенг кўламли тажовузи амалга оширилаётгани» айтилган.
Pierre Crom / Getty Images
Украинанинг МиГ-295 русумли қирувчиси Словянскка қўшни бўлган Краматорскда Украина қуролли кучлари колоннаси йўлини тўсишга уринаётган россияпараст фаоллар устидан учиб ўтмоқда. Словянск каби Краматорск ҳам 12 апрел куни айирмачилар назоратига ўтганди
Anatoly Stepanov / AFP / Scanpix / LETA
Краматорскнинг россияпараст аҳолиси вакиллари Украина авиабазаси деворларидан ошиб тушмоқда. 15 апрел куни Украина қуролли кучлари аввалига вертолётлардан маҳаллий «ўзини мудофаа қилиш» отрядини ўққа тутади, улар аэродромни ўраб олишганди, кейин эса қуруқликдаги кучлар ўртасида отишма давом этади — натижада бир неча киши жароҳат олади, уларнинг аниқ сони маълум қилинмаган. Бундан ташқари, Россия нашрлари айирмачилар орасида қурбонлар бўлгани ҳақида ёзган — бу миқдор тўрт нафардан бир неча ўн кишигача бўлиши мумкинлиги айтилган. Бу маълумотларни томонларнинг ҳеч бири тасдиқламаган. Аэродром Украина қуролли кучлари назорати остида қолган.
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбийлар Краматорскнинг Россия тарафдори бўлган аҳолиси вакиллари билан муштлашмоқда. 16 апрел куни айирмачилар Украина қуролли кучлари назоратидаги аэродромни эгаллаб олишга ҳаракат қилади, аммо украин кучишлатарлари уни ўзида сақлаб қолади. Украина томони баҳоларига кўра, авиабазани штурм қилишда Калашников автоматлари, мерганлик милтиқлари ҳамда гранаталар билан қуролланган юзлаб кишилар иштирок этган.
Marko Djurica / Reuters / Scanpix / LETA
Айирмачилар ва Краматорскнинг россияпараст аҳолиси Украина зирҳли техникалари колоннаси йўлини тўсмоқда. Украина қуролли кучлари колоннани 16 апрел куни жўнатган, ушбу техникалар кўп вақт ўтмай қўшни Словянск кўчаларида Россия байроқлари остида пайдо бўлган. Украина президенти вазифасини вақтинча бажарувчи Олександр Турчинов ҳарбий хизматчиларни қуроллар ва жанговар техникаларни бериб юборишда айблаганди
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий Краматорскда россияпараст айирмачилар сафида жанг қилган дўсти билан қучоқлашиб кўришмоқда
Manu Brabo / AP / Scanpix / LETA
Украина армиясидан тортиб олинган зирҳли техникалар Словянскда. Кейинги куни, 17 апрелда, жангарилар шаҳар марказидаги Карачун тоғидаги телеминорани қўлга олади ва Россия каналларини эфирга қайтаради, бу каналлар 1 март куни Украина ҳукумати томонидан тўхтатилганди. Украина қуролли кучлари эса бу вақтда шаҳарга ёндош жойлашган Сергийивка қишлоғидаги блокпостни яксон қилади.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
ОАВ ходимлари, жумладан россиялик журналистлар ҳам (фотосуратда — «Коммерсант» фотокорреспонденти Иья Питалев) эгаллаб олинган шаҳарда фаолият юритиши жуда қийин эди. Айирмачилар улардан кўпчилигини қўлга олиб, сўроқ қилган ва бўлиб ўтаётган ҳодисаларни тасвирга олишга тўсқинлик қилган. 21 апрел куни эса Словянскда Американинг Vice нашри мухбири Симон Островский ўғирлаб кетилади — айирмачилар уни ертўлада сақлашган ва калтаклашган; у жосусликда айбланганди. У айнан қаердалигини ҳеч ким айта олмасди. Островскийни 24 апрел куни ҳеч қандай изоҳ бермасдан қўйиб юборишади
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Словянскдаги баррикадада иконалар
Sergei Grits / AP / Scanpix / LETA
Айирмачилар Словянскдаги област маъмурияти биносини қўриқламоқда
Кирилл Кудрявцев / AFP / Scanpix / LETA
Вячеслав Пономарёв (чапдан иккинчи) — россиялик жангарилар етакчиси — Словянск марказида 18 апрел куни ўтказилган митингда чиқиш қилмоқда. Бундан беш кун олдин айирмачилар мэр Неля Штепани шаҳар раҳбарлигидан четлатганди (кейинроқ Украина прокуратураси жангарилар билан алоқа қилгани учун унга қарши жиноий иш очади) — Пономарёв ўзини Словянск коменданти деб эълон қилади. 18 апрелга келиб россияпараст кучлар Украинанинг ўндан ортиқ шаҳарларини эгаллаб олган ва Украинанинг вақтинча ҳукумати истеъфога чиқмагунича ушбу шаҳарлардан чиқмаслигини маълум қилганди.
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Словянск аҳолиси вакиллари шаҳар марказидаги Ленин ҳайкали олдидаги митингда Пономарёвни тинглашмоқда
Efrem Lukatsky / AP / Scanpix / LETA
Ўнгда — Игор Стрелков (Гиркин)нинг штаби жойлашган бино. 26 апрел куни ўзини эълон қилган ДХРнинг вақтинча ҳукумати Стрелковни «Донбасс халқ лашкари» раҳбари деб эълон қилади. Украина ҳукумати Стрелковни Словянскда қийноқ ва судсиз қатллар амалга оширишда айблаган . Украина бош прокуратурасига кўра, унинг талаби билан Ҳорливка депутати Володимир Рибак (у Ҳорливка мэрияси биносига Украина байроғини қайтаришга ҳаракат қилганди), шунингдек Евромайдан иштирокчилари Юрий Поправка ҳамда Юрий Дяковский қийноққа солинган ва ўлдирилган, уларнинг жасадлари 2014 йил апрел ойи охирида Казенний Торец дарёсидан топилган. Словянск Киев назоратига қайтганидан кейин штаб биносида қийноқлар амалга оширилган ертўла ҳамда «трибунал» ва отувлар бўйича ҳужжатлар аниқланган.
Bahtiyar Abdukerimov / Anadolu / Getty Images
Словянскка ғарбдан кириб келишдаги Билбасовка посёлкасидаги блокпост яқинида ёниб кетган автомобиллар. 20 апрелга ўтар кечаси блокпостда отишма рўй бериши оқибатида уч киши ҳалок бўлган, улардан икки нафари маҳаллий аҳоли вакиллари эди (Украина томони қурбонлар ҳақида хабар бермаган). Россияпараст жангарилар ва РФ ТИВ бу ҳодисада «Ўнг сектор»ни айблайди. Киев аввалига буни рад этади, аммо икки йил ўтиб «Ўнг сектор» раҳбари Дмитро Ярош ўзининг «биринчи жанги Пасхада, 20 апрел куни, Словянск яқинида» рўй берганини тан олган.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Словянскда «халқдан чиққан мэр» Вячеслав Пономарёв журналистлар билан мулоқот қилиб, блокпостдаги отишмадан кейин топилган ўқ-дори гилзаларини намойиш этмоқда. Ўша ойларда айирмачиларнинг ҳақиқий етакчиси Игор Стрелков (Гиркин) жамоатчиликка кўринимш бермасди — бу функцияни Пономарёв бажарган. Столда чап томонда — «Ўнг сектор»нинг отишмада ҳалок бўлган аъзоларидан бирининг ёнидан чиққани айтилган Дмитро Ярошнинг ташриф қоғози. Ҳаракат мазкур визитка — фейк эканини маълум қилган. Кейинчалик бу гап мемга айланган.
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Ўлдирилган айирмачиларнинг жасадлари
Genya Savilov / AFP / Scanpix / LETA
Славянск аҳолиси вакиллари блокпостдаги отишмада ўлдирилган уч кишининг дафн маросимида. Ўша куни, 22 апрелда, Словянск чеккасидан оқиб ўтувчи дарёда ҳорливкалик депутат Володимир Рибак ҳамда киевлик талаба Юрий Поправканинг жасадлари топилади — уларнинг танасида қийноқ излари аниқланганди
Pierre Crom / Lejournal / SIPA / Shutterstock / Vida Press
Блокпостдаги отишмада ҳалок бўлганлар шарафига тантанали залп. Словянск ва унинг атрофидаги жанглар яна бир неча ой давом этади. Украина ҳуқуқ-тартибот органлари ва ҳарбийлар эгаллаб олинган шаҳарларни штурм қилишади — апрел ойи ўрталаридан 2014 йил июнига қадар тўртта штурм кузатилади. Словянск қуршов арафасида қолганида Игор Стрелков (Гиркин) ва россияпараст айирмачилар шаҳардан қочиб қолишади. 5 июл куни Словянск Украина қўшини назоратига қайтади. Словянск учун жангларда 2014 йил баҳори ва ёзида Украина томонидан 70 киши, РФ ва айирмачилар томондан эса, турли баҳоларга кўра, 34 да 54 нафар киши ҳалок бўлган. Ҳарбий ҳаракатлар чоғида тинч аҳоли вакиллари орасида қанча қурбон бўлгани — номаълум. Донбассдаги уруш 2022 йил февралида Россия босқинига олиб келади, Игор Стрелков эса РФ мудофаа вазирлиги манзилига қаратилган танқидлари туфайли Кремл эътиборидан қолади ва экстремизм ҳақидаги модда бўйича тўрт йил муддатга қамалади.
Pierre Crom / Lejournal / SIPA / Shutterstock / Vida Press