22:59 / 15.05.2022
49359

Украина урушнинг янги даври бошлангани ва миллион ҳарбий қуроллантирилишини эълон қилди. Сулҳ кутиш ўринсизми?

Украина мудофаа вазири Олексий Резников урушнинг узоққа чўзилувчи янги босқичи бошланганини эълон қилиб, мамлакатни «фавқулодда оғир ҳафталар» кутаётганидан огоҳлантирди ва бир миллион кишилик армияни қуроллантиришни ваъда қилди. Бу вақтда Ғарб давлатлари вакиллари Владимир Путин билан контактларни қайта ўрнатмоқда ва сулҳ тузиш зарурлиги ҳақида гапиришмоқда, аммо украинлар етакчиси Володимир Зеленский икки давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар бошланиши учун Россия армияси Украина ҳудудидан олиб чиқилиши шарт эканини маълум қилди.

Фото: AFP

Резников фейсбукдаги саҳифаси орқали Украина аҳолисига мурожаат қилди. У Москвадагилар ҳужумдан кейин бир неча кун ичида Украина капитуляция қилишидан умид қилишганини айтди. Аммо, украинлар вазирининг сўзларига кўра, украин халқи бу режаларни барбод қилган ва Россия стратегик мағлубиятга учраган, Киев остонасида катта йўқотишлар бериб, бирорта стратегик мақсадга эриша олмаган рус қўшинлари эса тактикани ўзгартиришга мажбур бўлган.

«Бу фонда биз урушнинг янги - узоқ давом этувчи даврига кирмоқдамиз. Унда ғолиб бўлиш учун ресурсларни пухталик билан режалаштириш, хатолардан сақланиш ва ўз кучимизни шундай лойиҳалаштиришимиз керакки, охир-оқибат душман дош бера олмасин», дея қайд этган Украина мудофаа вазири.

Март ойи охирида Россия ўз қўшинларини Украинанинг шимолий ҳудудларидан, жумладан Киев атрофидан олиб кетишини эълон қилди. Москва Истанбулдаги музокаралардан кейин «ўзаро ишончни мустаҳкамлаш» сифатида шундай йўл тутаётганини билдирди. Аммо ғарблик экспертлар ва украин ҳукумати бу чекиниш Россия ҳарбийлари Украина пойтахти атрофидаги жангларда кенг кўламли ҳарбий мағлубиятга учрагани билан боғлиқ эканини маълум қилди.

Донбассдаги юришлар

Апрел ойида РФ армияси Украинадаги махсус амалиётнинг иккинчи босқичи бошлангани ҳақида маълум қилди: бу босқич Донецк ва Луганск областларининг бутун ҳудудини эгаллашни, яъни Донбасснинг 2014-15 йиллардаги урушлардан кейин ҳам Киев назоратида қолган ҳудудларини ушбу ҳудуддаги тан олинмаган «республикалар»га қўшишни назарда тутади.

Аммо «Донбассдаги катта юриш»нинг уч ҳафтасидан кейин ҳам россиялик ҳарбийлар Луганск ва Донецк областларида атиги бир неча аҳоли пунктларини эгаллай олишди. Қолаверса жанубда Мариупол устидан ҳам ҳали тўлиқ назорат ўрнатилгани йўқ: шаҳарнинг аксар ҳудуди вайрон қилинган ва РФ армияси назоратига ўтган бўлса-да, «Азовстал» металлургия комбинатидаги украин ҳарбийлари қаршилик кўрсатишда давом этишмоқда.

Бунга параллел тарзда украин армияси Харков областида қарши ҳужумга ўтган, натижада россиялик ҳарбийлар кўплаб позицияларидан чекиниб, Украина чегарасига қадар улоқтирилган.

«Хулоса қилиб айтадиган бўлса, Украина фойдасига стратегик бурилиш рўй берди. Бу жараён маълум вақт давом этади. Узоқ муддатда эса бу тенденциялар Россиянинг мағлубиятини муқаррар қилади», дея ҳисоблайди Резников.

Украина армиясининг асосий умиди фронт чизиғига янги кучлар жалб этилишидан. Армия Ғарб техникалари билан жиҳозланишига ҳам умид қилинмоқда - Ғарб Киевнинг ҳарбий қудратига амин бўлгани ҳамда россиялик ҳарбийларнинг Киев атрофида, Суми ва Черниговда содир этган ҳарбий жиноятларининг даҳшатли далилларига гувоҳ бўлганидан кейин Украинага фаол ҳарбий ёрдам кўрсатишга киришди.

«Бизни фавқулодда оғир ҳафталар кутмоқда. Уларнинг сони қанча бўлишини ҳеч ким аниқ айта олмайди. Бу давр мобайнида биз мудофаани асосан ўз кучимиз билан ушлаб турамиз», деган Резников ва айни вақтда бир ярим минг украин ҳарбийси ўқитилаётгани, улар Ғарбнинг янги техникаларидан фойдалана олувчи инструкторлар бўлиб етишишини қўшимча қилган.

Миллионлик армия

Резниковнинг сўзларига кўра, Украина ўз мудофаа салоҳиятини ўстирмоқчи. «Бу зарур воситаларни харид қилиш ва ишлаб чиқаришга ҳам тааллуқли. Биз асосий эътиборни душманга қарши курашувчи бир миллион одам билан таъминлаш заруратига қаратамиз», дея ёзган Украина мудофаа вазири.

Олексий Резников
THOMAS LOHNES/GETTY IMAGES

Агар украин армияси фаоллик билан янги тузилмаларни шакллантиришда давом этса ва ўз қурол-яроғ захираларини тўлдиришга эътибор қаратса (ҳажми ва қудратига кўра бу борада ҳозирча Россия катта устунликка эга), россиялик ҳарбийлар ҳам фронтга янги ҳарбий кучларни жалб қилишга зўр беради. ОАВдаги маълумотларга кўра эса Россия расмийлари учун буни амалга ошириш умуман осон эмас.

Арлингтондаги CNA институтининг Россия бўйича тадқиқотлар бўлими директори Майкл Кофман твиттердаги саҳифасида Россия ҳозирча катта йўқотишларга учраган асосий тузилмаларини тўлдириш заруратини бажара олмайди ва бу муаммони ҳал қилиши мумкин бўлган чораларни (Украинага расман уруш очиш, захирадагиларни сафарбар этиш ёки муддатли ҳарбий хизмат ўташга чақирилганларни фронтга юбориш каби) кўришни истамайди.

«Айни вақтда Россия учун имкониятлар доираси торайиб бормоқда. Улар қанча ортга сурса, урушни қўллаб-қувватлаш қобилияти шунчалик кўп зарар кўради ва воқеаларнинг кейинги ривожи бўйича вариантлар улар учун ёмонлашиб боради», деб ҳисоблайди Кофман.

Ҳарбий экспертлар - Ғарбдагилар ҳам, украиналиклар ҳам Резников айтган «урушнинг янги фазаси» айнан қанча вақт давом этиши борасида аниқ прогнозлар беришдан тийилмоқда. «Афсуски, мен бу биргина ой бўлади деб ўйламайман, беш ой ҳам, олти ой ҳам бўлиши мумки», деган ҳарбий эксперт Олег Жданов Украина телевидениеси эфирида.

Сулҳ тузилиши мумкинми?

Урушнинг биринчи босқичида Володимир Зеленский бир неча бор ватандошлари ҳаётини сақлаб қолиш учун Владимир Путин билан ўзаро учрашув ўтказишга тайёрлигини маълум қилганди. Аммо энди унинг риторикаси бошқачароқ.

Володимир Зеленский энди Кремлга ён бериш ҳақида ўйламаяпти. Фото: EPA

Жума куни Зеленский Италиядаги RAI1 телеканалига берган интервьюсида икки давлат етакчиси ўртасида қандайдир музокаралар бошланиши учун россиялик ҳарбийлар Украина ҳудудидан олиб чиқилиши шарт эканини қайд этди.

«Президент сифатида мен Путин билан гаплашишга тайёрман. Лекин фақат унинг ўзи билан. Қандайдир воситачиларисиз. Ва ултиматум шартлари бўйича эмас, мулоқот шартлари бўйича. 24 февралдан кейин оккупация қилинган ҳудудлардан чиқиб кетинг. Бу ҳар қандай мулоқот учун биринчи навбатдаги шарт», деди Украина президенти.

Сўнгги кунларда Ғарбдаги нуфузли сиёсатчилар Россияни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирди.

Аввалига Германия канцлери Олаф Шолц Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. У твиттердаги саҳифасида бу мулоқот ҳақида шундай ёзади: «Бугун Путин билан узоқ давом этган телефон мулоқотидан асосий учта гап: Украинада имкон қадар тез фурсатда ўт очиш тўхтатилиши керак. У ерда нацистлар ҳукмронлик қилаётгани тўғрисидаги даъволар ёлғон. Шунингдек, Россия глобал озиқ-овқат билан боғлиқ вазият учун жавобгар эканини таъкидладим».

Ўз навбатида, Кремл сайтида хабар беришларича, Путин ўз суҳбатдошига «Донбассдаги халқ республикаларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий амалиётнинг асосий вазифалари ва мантиғи» ҳақида сўзлаб бергани ва Шолцга «нацистлар мафкурасига амал қилувчи украин жангарилари» томонидан халқаро ҳуқуқ бузилиши ва уларнинг террорчилик методларидан шикоят қилган. У шунингдек Россия-Украина музокаралари «моҳиятан Киев томонидан блоклангани»дан нолиган.

Бундан ташқари, уруш бошланганидан буён Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу илк бор Украинадаги вазиятни америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан муҳокама қилди. «Остин зудлик билан Украинада ўт очишни тўхтатишга чақирди ва ўзаро алоқа линияларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади», дейилади Пентагон баёнотида.

Шу билан бирга, кўпчиликда Россия катта ҳудудларини, жумладан деярли бутун Херсон областини, шунингдек, Запорожье, Харков, Донецк ва Луганск областларидаги районларини эгаллаб турар экан, сулҳ тузиш Украина учун қанчалик фойдали бўлиши борасида савол туғилади.

Шолцнинг Путин билан мулоқоти борасида россиялик мухолифатчи ва шахмат бўйича собиқ жаҳон чемпиони Гарри Каспаров твиттери орқали шундай муносабат билдирган: «Шолцнинг Россия ҳамон Украина ҳудудларини эгаллаб турган вақтда сулҳ ҳақидаги гаплари - бу масхара қилиш. Бундай сулҳ қотилликларни, зўравонликларни ва украинларнинг оммавий равишда ўғирланишини тўхтатмайди».

Яқинда Путин ва Зеленский билан учрашувлар ўтказган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳафта якунидаги чиқишида ҳозирда Украина ва Россия ўртасида сулҳ тузиш имконияти мавжуд эмаслигини айтди.

Аввалроқ АҚШ, Буюк Британия расмийлари ва Евроиттифоқ раҳбарлари бир неча бор Украина ва Россия ўртасидаги уруш тақдири жанг майдонида ҳал бўлиши кераклиги ва улар Москва бу жангда мағлубиятга учраши учун имкон доирасидаги барча ишни қилишлари ҳақида гапиришганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top