Жаҳон | 07:57 / 04.09.2023
31697
2 дақиқада ўқилади

Украина мудофаа вазири истеъфога чиқди. Янги вазир Самарқандда туғилган Умеров бўлади

Рустем Умеров бунгача Давлат мулклари фонди раҳбари эди.

Фото: Anadolu Agency

Украина мудофаа вазири Олексий Резников истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат президенти Володимир Зеленский навбатдаги кечки видеомурожаатида эълон қилди. Унинг ўрнига Давлат мулклари фонди раҳбари Рустем Умеров янги мудофаа вазири бўлади.

«Олексий Резников урушнинг 550 кунидан ўтди. Мудофаа вазирлигига янгича ёндашув, янгича қараш керак деб ўйлайман. Ҳам ҳарбийлар, ҳам одамлар билан мулоқотда.

Ҳозир вазирликни Рустем Умеров бошқариши керак деб ўйлайман. Олий радада уни яхши билишади. Шундай экан Умеров ортиқча таништиришга муҳтож эмас. Парламентдан қўллаб-қувватлов кутиб оламан. Ахир куз – кучайиш мавсуми», деди Зеленский.

Маълумот учун, Рустем Умеров қримтатар мусулмонларидан бўлиб, очиқ манбаларга кўра, 1982 йилда Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида туғилган. Муқаддам тадбиркорлик билан шуғулланган. У «Қримтатарлар жамияти» асосчиларидан бири, шунингдек, қримтатар халқи етакчиси Мустафо Жемилевнинг маслаҳатчиси бўлган. 2019 йилда Умеров Олий рада депутати бўлган. 2022 йилдан Давлат мулклари фондига раҳбарлик қилаётганди.

Олексий Резников Украина мудофаа вазирлигини 2021 йил ноябридан буён бошқариб келаётганди. Резников истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар дастлаб 2023 йил бошида, Украинада коррупция можаролари туфайли қатор амалдорлар, жумладан мудофаа вазири ўринбосари ҳам ишдан олингани ҳақидаги хабарлар фонида тарқалганди.

Украина мудофаа вазири ўзгариши мумкинлиги ҳақидаги навбатдаги хабарлар 2023 йил август ойининг биринчи ярмида ҳам тарқалди.

Олексий Резниковнинг энди Украинанинг Буюк Британиядаги элчиси этиб тайинланиши кутилмоқда.

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид