100 нафар ёш олим «Мирзо Улуғбек ворислари» Республика танлови ғолибига айланди
Куни кеча «Мирзо Улуғбек ворислари» Республика танловининг сўнгги босқичи ўз ниҳоясига етди. 21 май куни ўтказилган тақдирлаш маросимида 100 нафар ғолибга ваъда қилинган пул мукофотлари топширилди.
Жорий йилнинг 19-21 май кунлари Тошкентдаги ИННО технопаркда «Мирзо Улуғбек ворислари» кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди. Аввалига қарийб 24 минг ўғил-қиз рўйхатдан ўтган мусобақанинг дастлабки икки босқичида лойиҳалар сараланиб, финалга 280 нафар иштирокчи етиб келди.
Мактаб ўқувчилари ва талабалардан иборат интилувчан ёшларнинг ихтиролари, ғоя ва ишланмалари ҳайъат аъзоларида катта қизиқиш уйғотди. Айрим лойиҳаларнинг аллақачон монетизация қилинаётгани юқори баҳоланди. Лойиҳаларнинг аксарияти чекка ҳудудларда мавжуд муаммолар, жумладан, ичимлик суви, газ ва электр энергияси каби масалаларга ечим сифатида илгари сурилгани эътиборга молик жиҳатлардан бири бўлди. Бундан ташқари, IT-йўналишидаги стартаплар сони ҳам салмоқли бўлди: робо-кулер, сунъий протез қўл, ақлли сейф, сунъий интеллектли дастурий таъминотлар шулар жумласидандир.
Танловда имконияти чекланган иштирокчиларга ҳам бирдек шарт-шароит, тенг имкониятлар яратилганини эътироф этиш жоиз. Улар ҳам ўз тенгдошлари каби бир қатор долзарб муаммоларни ўртага ташлаб, уларнинг ечими сифатида ўз ишланмаларини тақдимот қилишди. Жумладан, жиззахлик ёш дастурчи Шоҳрух Мамадалиев мактаб ўқувчиси ва жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамай, онлайн бепул таълим беришга мўлжалланган сайт яратиб, уни ҳайъат аъзоларига таништирди.
3 кун давом этган қизғин интеллектуал беллашувда рақобат муҳити ва дўстона муносабат сезилиб турди. Мазкур танлов ёш олимларнинг ўзаро мулоқотга киришиб, тажриба алмашишларига хизмат қилди, дейиш мумкин.
Бир-биридан қолишмайдиган прототип лойиҳалар, стартаплар улар орасидан энг яхшиларини саралаб олишда комиссия аъзоларига бироз қийинчилик ҳам туғдирди. Якунда энг муносиб 100 нафар ёш олим кўрик танлов ғолиблигини қўлга киритди. Уларнинг ҳар бири БҲМнинг 20 баравари (5 400 000 сўм) миқдоридаги пул мукофотлари билан моддий рағбатлантирилди. Ғолиблар, шунингдек, «Улуғбек» жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул ўқиш имкониятига эга бўлишади. Бундан ташқари, яна 11 нафар қатнашчи “Ижтимоий тармоқларда энг фаол иштирокчи”, “Энг яхши прототип муаллифи”, “Энг долзарб муаммога ечим”, “Ҳудудий босқичлардаги энг тиришқоқ иштирокчи” каби бир қатор номинацияларга муносиб кўрилди.
Реклама ҳуқуқи асосида