Жамият | 16:19 / 29.05.2022
31152
1 дақиқада ўқилади

Самарқандда хорижий сайёҳлар ўтирган автобус ЙТҲга учради

Ҳодиса оқибатида автобус ҳайдовчисининг шериги воқеа жойида ҳалок бўлган. Руминия фуқароси тан жароҳатлари олган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича 2022 йил 22 май соат 1:00 ларда М37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши халқаро автомобил йўлининг Иштихон туманидан ўтган қисмида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Бухоро-Самарқанд йўналишида хорижлик сайёҳларни олиб кетаётган автобус Иштихон тумани Халқабод маҳалласи ҳудудида ўзидан олдинда кетаётган Камаз юк машинасининг ортидан бориб урган. Сўнг йўл четидаги тўсиққа урилган.

Оқибатда, автобус ҳайдовчисининг шериги оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, автобусда бўлган Руминия давлати фуқароси тан жароҳатлари олиб, шифохонага мурожаат қилган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, сайёҳларни олиб кетаётган автобус ҳайдовчиси бошқарув пайтида ухлаб қолган. Оқибатда мазкур ҳодиса содир бўлган.

Мавзуга оид