Жаҳон | 22:01 / 31.05.2022
19244
1 дақиқада ўқилади

Туркия НАТОнинг Қора денгизда ўтказилиши режалаштирилган ҳарбий машғулотларини бекор қилди 

Россия Украинага бостириб кирганидан бир неча кун ўтиб, Анқара Монтрё конвенциясига мувофиқ Россия ва Украина ҳарбий кемалари учун Босфор ва Дарданелла бўғозларини ёпганди.

Фото: nato.int

Туркия Монтрё конвенциясининг Қора денгизга ҳарбий кемаларни киритмаслик тўғрисидаги моддасига асосан НАТОнинг ҳарбий машғулотларини бекор қилди ва ортга сурди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли маълум қилди

«НАТОнинг аввалдан режалаштирилган машғулотлари бор эди. Уларни бекор қилдик, қолдирдик», — деди у.

1936 йилда қабул қилинган Монтрё конвенцияси Туркиянинг Босфор ва Дарданелла бўғозлари устидан суверенитетини тиклаган ҳужжат ҳисобланади.

Конвенциянинг 19-моддасида Туркия иштирокчи бўлмаган уруш вақтида низо томонларининг ҳарбий кемалари бу бўғозлар орқали ўтказилмаслиги кўзда тутилган.

Россия Украинага бостириб кирганидан бир неча кун ўтиб, Анқара Монтрё конвенциясига мувофиқ Россия ва Украина ҳарбий кемалари учун мазкур бўғозларни ёпганди.

Босфор ва Дарданелла Қора денгизни Ўртаер денгизи билан боғлайди. Бу бўғозларнинг ҳар икки соҳилини Туркия назорат қилади. 

 

Мавзуга оид