10:27 / 02.06.2022
54307

Ўзбекистонда шакар нархи бўйича расмий изоҳ берилди

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан кўплаб хабарлар тарқалди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: Fotolia

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9 500 – 13 000 сўм доирасида шаклланмоқда, шунингдек, айрим савдо нуқталарида шакар нархининг 14 000 сўмгача кўтарилгани кузатилмоқда.

Шу билан бирга, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга (сўм эквивалентида қўшни мамлакатларда 14 000 сўмдан 21 000 сўмгача) ўсиши билан бир қаторда, ушбу маҳсулот тақчиллиги билан боғлиқ муаммо ва хатарлар юзага келаётгани кузатилмоқда.

Қайд этилишича, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида нархлар ошиши, ўз навбатида, Ўзбекистон ички бозорида аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ҳам шакар нархи бўйича инфляцион кутилмалар кучайишига маълум маънода таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлган.

“Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди”, дейилади расмий изоҳда.

Билдирилишича, жорий йил мамлакатда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январь-май ойларида ўтган йил шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилган.

Шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёнилғи ресурслари нархлари ўсиши таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, бугунги кунда Лондон биржасида шаклланган шакарнинг нархи (500 доллардан 575 долларгача) 15 фоизга ошган бўлса, унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, DAP Uzbekistan шартида Ўзбекистон чегарасигача етказиб бериш тайёр шакарнинг қиймати (божхона ва солиқ тўловларисиз) йил бошидаги 674 доллардан 840 долларгача ёки 25 фоизга ошган.

Анъанавий денгиз портларининг ёпилиши ҳамда альтернатив портлар ўтказувчанлик сиғимлари пастлиги товарларни узоқ муддат қолиб кетиши ҳамда сақлаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни юзага келтираётгани айтилган.

Юзага келган мазкур шароитда минтақадаги экспортёр давлатлар ҳамда Ҳиндистон томонидан экспортга чекловнинг киритилиши кузатилмоқда.

Россия ҳукуматининг 2022 йил 14 мартдаги тегишли қарорига асосан 2022 йил 31 августгача, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2022 йил 4 майдаги буйруғига асосан 6 ой муддатга шунингдек, Ҳиндистонда 2022 йил 25 майдан шакар экспортига чеклов ўрнатилган.

Вазирлик изоҳида айтилишича, республикада эса шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган. 

Жумладан, шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2 000 тоннадан 3 000 тоннагача оширилади.

Жорий йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 720 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпроқни ташкил этади. Бунда шакар ва унинг хомашёси импорти ҳажми ўтган йилги 643 минг тоннадан 900 минг тоннагача оширилади. 

“Натижада, жорий йил якуни билан ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган тайёр шакар қолдиғи 118 минг тоннадан кўпроқни ташкил этиши кутилмоқда”, дея якунланган расмий изоҳ.

Бундан олдин Ўзбекистонга 2022 йилнинг январь-апрель ойларида 119,6 млн АҚШ долларига шакарқамиш импорт қилингани хабар берилганди.

Top