Ўзбекистон | 21:44 / 08.04.2024
8038
3 дақиқада ўқилади

Россиянинг шакар экспортига тақиқи Ўзбекистонга таъсир қилмайди — Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, Россия Федерацияси томонидан шакар экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилиши Ўзбекистонга таъсир қилмайди.

Россия шакари. Фото: ksonline.ru

Аввалроқ Россия Федерацияси қишлоқ хўжалиги вазирлиги 2024 йилнинг 31 августигача шакар экспортига вақтинчалик тақиқ жорий этилишини маълум қилган эди. Бу хабар ортидан ижтимоий тармоқларда шакар нархи ошиши мумкинлиги тўғрисида хабарлар тарқатилган.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шакар экспортига Россия томонидан жорий этилган ушбу тақиқни шарҳлаб ўтди.

Вазирликнинг маълум қилишича, Ўзбекистоннинг шакарга бўлган йиллик эҳтиёжи 700 минг тоннани ташкил этади.

«Ўзбекистонда шакар маҳсулотига бўлган йиллик талаб ўртача 650-700 минг тоннани, шундан аҳоли истеъмоли учун (аҳоли сони 36,8 млн киши, тиббий меъёр бўйича 1 кишига 9,1 кг/йил) 335 минг тоннани ва озиқ-овқат саноати корхоналари талаби учун 300-350 минг тоннани ташкил этади», дейилади вазирлик баёнотида.

Ўзбекистон шакар бозорида Россия шакарининг улуши жуда кам. Ўзбекистонга олиб кирилаётган шакарнинг 98 фоизи Бразилия ва Ҳиндистондан келтирилади.

2023 йилда бу икки давлатдан Ўзбекистонга 762 минг тонна шакар олиб кирилган.

Республикада фаолият юритаётган «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» МЧЖ шакар ишлаб чиқариш корхоналарининг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 900 минг тоннадан кўп бўлиб, бу ички бозорни талабидан ортиғи билан таъминлашга етарлидир. Ушбу корхоналар томонидан 2023 йилда 600 минг тоннадан зиёд шакар ишлаб чиқарилди.

Шунингдек, 2023 йилда шакар импорти 150 минг тоннани ташкил этиб, нафақат Россиядан, балки Покистон, Қозоғистон, Тайланд, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлардан ҳам шакар импорт қилинмоқда.

Шунингдек, вазирликликнинг маълумотига кўра, Ўзбекистондаги иккита шакар заводида кунига 2,1 минг тонна шакар ишлаб чиқарилади.

«Бугунги кунда иккита шакар ишлаб чиқариш заводлари томонидан биржага ички бозор учун ҳар куни 2100 тонна маҳсулот чиқарилаётган бўлиб, шакар кўплигидан унинг атиги ўртача 300 тоннаси сотилмоқда, холос. Шакар сотилмаётганлиги натижасида корхоналар бозор баҳосидан ҳам паст нархга таклиф қилмоқда», дейилади баёнотда.

Бугунги кунда ички бозорда шакарнинг ўртача чакана нархи килограммига 13,8 минг сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 2,8 фоизга ошган.

«Мамлакатимиз халқини турли даражада ҳаяжонлантирадиган ва ваҳимага тушишига олиб келадиган ахборотларни тарқатиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишига асос бўлади», — дейилган баёнотда.

Мавзуга оид