16:41 / 12.06.2022
63784

Киевдагилар Донбасс фронтидаги инқироз ҳақида очиқ айтишмоқда. У ерда ҳақиқий вазият қандай?

Украина қуролли кучлари катта йўқотишларга учрамоқда, аммо Ғарбдан оғир қуроллар етказиб берилиши барчасини ўзгартириши мумкин.

Фото: Alexei Alexandrov / AP / Scanpix / LETA

Донбасс фронтида хорижлик журналистлар билан суҳбатда бўлган украин расмийлари ва ҳарбийлари вазият уларнинг армияси учун жуда оғир эканини тасдиқлашган: Россия қўшинлари отилаётган артиллерия снарядлари сони бўйича катта устунлик қайд этмоқда ва авиациядан фаол фойдаланмоқда. Шу билан бирга, Украина қуролли кучлари аскарининг сўзларига кўра, фронтда яқин масофадан ўт очиш қуроллари орқали тўқнашувлар деярли кузатилмаяпти — яъни Россия армияси оғир қуроллар борасидаги устунлигидан фойдаланмоқда. Украин қўшинларининг йўқотишлари улкан: мудофаа вазирлиги кунига 100 нафаргача аскар ва зобитлар ҳалок бўлаётганини тасдиқлаган (яраланганлар билан қўшганда кунлик йўқотишлар 600 кишигача етади). Украина қўмондонлиги (оддий аскарлар ҳам) бундай критик вазиятдан чиқишнинг йўли — Ғарбдан оғир қуроллар етказиб берилиши ҳажмини кўпайтириш эканини айтмоқда. Лекин бундай таъминот бўлмаган тақдирда ҳам, Украина армияси ҳалокат ёқасида эмас, фронт сочилиб кетмаган. Россия ҳарбийларининг олдинга юриши ҳамон минимал даражада — кунига бир неча километрдан кўп эмас.

Донбасс фронтида нималар бўлмоқда?

Жанглар ҳамон (сўнгги икки ойда бўлгани каби) Шимолий Дон соҳилларида давом этмоқда. Икки томон ҳам янги плацдармлар ўрнатишга (украин армияси — дарёнинг ўнг қирғоғида, россияликлар — сўл қирғоғида), шунингдек рақибнинг плацдармларини яксон этишга уринмоқда. Ҳозирча армияларнинг ҳеч бири бу борада ҳақиқий муваффақиятга эриша олмади.

  • Россия ҳарбийлари дарёнинг чап соҳилидаги деярли барча ҳудудларни эгаллаб олган (яъни Россия чегараси томонни) — украин қўшинлари томонидан бир ойдан ошиқ вақт давомида мудофаа қилинган Лиман ва Святогорск шаҳарлари руслар назоратига ўтган.
  • Украина армиясида чап соҳилда фақат икки плацдарм қолди —  Северодонецкдаги саноат ҳудуди ва Харковдан шарқда жойлашган Старий Салтовда.
  • Россия ҳарбийлари Изюм жанубида, Шимолий Дон дарёсининг ўнг соҳилидаги ўрмонли ҳудуддаги плацдармда қамалиб қолган. Бу ердан юришлар апрел ойидаёқ тўхтаб қолган, қўшинларнинг катта қисми плацдармдан олиб кетилган — уларнинг бир қисми Россияга, тўлдирилиш учун қайтарилган, бошқа қисми Северодонецк ҳудудига ўтказилган.
  • «ДХР»нинг деярли бутун ҳудуди Шимолий Доннинг ўнг соҳилида (дарё жануброқда Россия томон бурилади) жойлашган. Аммо бу ерда россиялик ҳарбийлар ва тан олинмаган республика «халқ милицияси» 2014 йилдаёқ, Донецк аэропорти ва унинг атрофидаги ҳудудлар учун жанглардан кейин юзага келган «туташув линияси»ни ёриб ўта олмайди. Линия украин ҳарбийлари билан жиддий мустаҳкамланган, саккиз йил мобайнида бу ерда чуқур мудофаа (эшелонли) ташкил этилган.
  • Линияни ёриб ўтиш билан боғлиқ ягона ҳолат май ойи бошида кузатилганди, ўшанда «Вагнер» жангчилари ва россиялик ҳарбийлар Попаснаяни эгаллаб олишган, шаҳардан чекинтирилган 24-механизациялашган бригада эса янги мудофаа линияси ташкил эта олмаганди.
  • Айнан ўшанда россиялик ҳарбийлар шимол томон ичкарилаб, украин мудофаасида катта ёриқ ҳосил қилишган, натижада Лисичанск ва ундан шарқда, дарёнинг нариги соҳилида жойлашган Северодонецк шаҳри мудофаачиларнинг ортига ўтишган, бу шаҳарлар жануби-ғарбдан зарба остида қолганди.
  • Шу билан бир вақтда Россия қўмондонлиги Попаснаядан ёриб ўтган гуруҳ ва шимолдан — россияликлар апрел ойидаёқ эгаллаб олган Ямполдан жануб томон ҳаракатланувчи гуруҳ бирлашиб зарба беришини режалаштирганди. Мақсад аён: агар икки гуруҳ бир-бири билан учрашганида, Лисичанск ва Северодонецкдаги украин гуруҳи (10–15 минг киши) қуршовда қолган бўларди. 
  • Аммо бунинг учун россиялик ҳарбийлар (Марказий ҳарбий округ бригадалари) Шимолий Донни кечиб ўтиши талаб этиларди. Май ойида дарёдан ўтишга бўлган уринишлар ҳалокатли якунланди: илғор қисмлар дарёнинг ўнг қирғоғига ўтганида украин артиллерияси томонидан яксон этилди. Бу муваффақиятсизликдан кейин Россия қўмондонлиги шимолдан зарба бериш режасидан воз кечди (эҳтимол — вақтинчаликка).
  • Жанубдан ёриб ўтилиши мумкин бўлган нуқталарга (Бахмут — Лисичанск трассаси атрофи, шунингдек Камишеваха посёлкаси) украин қўмондонлиги катта қўшимча кучлар юборди, шундан кейин жанглар позицион характер тус олди. Украин ҳарбийлари ҳатто (вақтинча) Северодонецкнинг Россия армияси томонидан эгаллаб турилган бир қисмини қайтариб олишни уддалашди. Бир неча кун давом этган жанглардан кейин украин кучлари шаҳар ғарбидаги «Азот» заводи ҳудудига чекинишди. Россия армияси бу ҳудудни тўғридан тўғри жанг орқали олиши қийин бўлади: Северодонецк мудофаачиларини Лисичанскдаги артиллериячилар қўллаб-қувватламоқда. Бу ҳудуддан ўт очиш самаралироқ, чунки Шимолий Доннинг ўнг соҳилидаги ҳудуд сўлдагисидан бир неча ўн метрга баланд. Аммо «Азот» мудофаасини тутиб туриш ҳам осон кечмаяпти: завод таъминоти биргина кўприкка боғлиқ бўлиб қолган ва уни танаффуссиз ўққа тутишмоқда.
  • Северодонецкни мудофаа қилиш, агар у Лисичанск билан биргаликда қуршовга тушиб қолса, ўз маъносини йўқотади. Россия қўшинлари Попаснаядан шимол томон юриш қилишда давом этмоқда: 10 июн ҳолатига кўра Камишеваха ва ундан шимолда жойлашган Светлановка станцияси эгаллаб олинган. Соледардан шимоли-ғарбда Бахмут — Лисичанск трассаси яқинида ҳам жанглар давом этмоқда. Бу ерда (Николаевка райони) 5 июн куни «ДХР» 1-армия корпуси қўмондони, россиялик генерал Роман Кутузов ҳалок бўлган (у бу корпусни 24 февралга қадар ҳам бошқаргани аниқ эмас). Агар россиялик ҳарбийлар трассани тўсиб қўйишга эришса, шунингдек шимол томон яна 10 километр илгарилай олса, Лисичанск ва Северодонецкдаги барча украин гуруҳи ўраб олинади. Ҳозирда уларни бу ҳудуддан олиб кетиш ҳам қийин: зарбалар остида чекиниш катта йўқотишларга (айниқса оғир техникалар бўйича) олиб келиши мумкин.
  • Фронтнинг яна бир қайноқ участкаси Святогорск районида жойлашган. Бу ерда ҳам россиялик ҳарбийлар Шимолий Донни кечиб ўтишга ҳаракат қилмоқда, дарё уларнинг Славянск томон ҳужум қилишига тўсқинлик қилмоқда. Аммо Россия армияси Славянскка дарёни кечиб ўтмасдан ҳам юриш қилиши мумкин, бунинг учун Изюм плацдармидан дарёнинг ўнг соҳили бўйлаб катта масофага ҳаракатланиш керак бўлади. Агар бундай юриш муваффақиятли кечса, россиялик ҳарбийлар Славянск ва Краматорскка (бу шаҳарда Донбассдаги украин гуруҳи бош штаби жойлашган) икки томондан яқинлашиб келади. 
  • Харков шимоли ва шарқида апрел ва май ойларида украин ҳарбийлари Россия армиясининг Изюмдаги плацдармини ўраб олиш мақсадида муваффақиятли қарши ҳужумлар уюштирганди, аммо ҳозир вазият улар учун ёмонлашган: Россия қўмондонлиги бу ерга қўшимча кучлар ташлаган, Украина эса, аксинча, бу ердаги қисмларни Северодонецк ва Бахмутга юборишга мажбур бўлган.
  • Украинларнинг Херсон областидаги қарши ҳужумлари ҳам тўхтаб қолган. Украина қуролли кучлари бу ердаги бўлинмаларнинг ҳам бир қисмини Северодонец ва Бахмутга ўтказишига тўғри келган (украин қўмондонлиги Лисичанск ва Северодонецкдан чекиниш эҳтимолини ҳисобга олиб, Бахмутда иккинчи мудофаа линияси ташкил этмоқда).

Украина армиясидаги инқироз ҳақида нима дейиш мумкин?

Эҳтимол, ҳеч қандай стратегик инқирознинг ўзи йўқ.

Фронтдаги ҳолат бўйича юқорида келтирилган жанглар тавсифидан кўриниб турибдики, украин қўшинлари йўқотишларга учрамоқда, айрим аҳоли пунктларини бой бермоқда, аммо барибир ҳали бу мағлубият дегани эмас. Украина армияси ҳалокатга учрамаслиги учун вазифа ҳамон ўзгармаган - Донбассда рус қўшинлари қуршовига тушиб қолмаслик (фронт парчаланмаслиги ва россиялик ҳарбийларнинг минтақага чуқур кириб боришига йўл қўймаслик учун).

Украина қуролли кучларида икки вариант бор: ёки Камишевахадан шимолда ва Бахмут — Лисичанск трассасида, шунингдек Шимолий Дон бўйлаб Святогорскдан Лисичанскка қадар фронт участкаларини мудофаа қилишда давом этиш, ёки Лисичанск ва Северодонецкдаги қўшинларни ўз вақтида эвакуация қилиш.

Асосий мақсад — армияни Ғарб қуроллари билан қайта қуроллантириш ҳамда янги бирлашмалар тузиш учун вақтдан ютиш ҳисобланади. Ҳарбий экспертлар бу мақсад амалга ошган тақдирда Украина армиясида умумий ғалаба учун имкониятлар юқори бўлади деган фикрда.

Агар бу стратегик инқироз бўлмаса, унда нима? 

Украина қуролли кучларида тактика даражасида инқироз борлиги кўриниб турибди. Бу Россия армияси камчиликларнинг бир қисмини бартараф этгани билан боғлиқ:

  • ўнлаб километр ичкарига олдиндан тайёрланмаган ҳолда ёриб кириш тактикасидан воз кечилди, бу эса қўшинлар таъминотини, жумладан, темирйўл орқали йўлга қўйиш имконини берди;
  • кучларни, энг муҳими ўт очиш воситаларини асосий йўналишларга тўплашнинг уддасидан чиқилди, бунда иккинчи даражали йўналишларда ҳужум қилишдан воз кечилди (вақтинча) — масалан, Харков областидаги ҳудудлар, Донецк, Херсон ва Запорожье атрофида;
  • асосий йўналишлардаги вазиятни пиёда кучлар ёрдамида яхшилашга муваффақ бўлинди: «Вагнер» ёлланма жангчилари ва бошқа «кўнгилли» қисмлар, тан олинмаган «ДХР» ва «ЛХР» республикаларида сафарбар этилган аҳоли, «қодировчилар», Мариупол қамалидан бўшаган кучлар ва бошқалар Донбассга юборилди;
  • Артиллерия ва йўналтирувчилар боғлами муваффақиятли ташкил қилинди, хусусан учувчисиз учиш аппаратлари орқали разведка ҳисобига. Россия артиллерия стволлари ва ўқ-дорилар миқдори бўйича устунлиги ўз сўзини айтмоқда. Айниқса асосий йўналишларда бу яққол сезилади: Россия ҳужуми йўналиши ўзгарганини артиллерия қуролларининг қайта дислокация қилинишидан ҳам билса бўларди (улар кўпинча маҳаллий аҳолининг видеоларига тушиб қолган).

Россия қўмондонлигининг бу «янги тузатишлари» Украина қуролли кучлари қийинчилик ва йўқотишларга дучор бўлишига сабаб бўлмоқда. Энди украин ҳарбийлари ўзининг асосий устунлигидан — кўп миқдордаги, танкка қарши ракеталар билан яхши қуролланган пиёдалардан тўлиқ фойдалана олмайди. Жанглар 10 ва ундан ортиқ километрлик масофадан туриб олиб борилар экан, енгил қуролланган жангчилар самара келтирмайди.

Шундан ҳам Украина ҳукуматининг имкон қадар тезроқ ва кўпроқ артиллерия тизимларига эга бўлиш истагини тушуниш мумкин. Украина армияси россияликлар билан тенг кучларда жанг қила олиши учун, унга НАТОнинг юзлаб 155 миллиметр калибрли «стволлари» керак (уларда ҳозирда мавжуд бўлган советларнинг 152 миллиметр калибрли қуролларига тез орада снарядлар қолмайди; қолаверса, Украина қуролли кучларида 24 февралга қадар мавжуд бўлган бу каби кўплаб қуролларнинг катта қисми йўқ қилинган).

Эҳтимол, украин ҳарбийларининг Ғарб матбуоти орқали катта йўқотишлар ва Россия артиллерияси қарши жавоб қайтмаган ҳолда ишлаётгани ҳақидаги ҳикоялари ҳам оғир қуроллар етказиб бериш ҳажмини ошириш зарурлигини кўрсатиб беради.

Украина армиясидаги тактик инқироз стратегик даражага чиқиши ҳам мумкин (эҳтимоли юқори)

Биринчидан, ҳозирги вазиятда украин қўмондонлигининг хатоси жуда ҳам қимматга тушади: Лисичанск ва Северодонецкни қуршовга олиш учун ҳаракат қилаётган Россия армиясининг шимол ва жанубдаги гуруҳлари оралиғидаги масофа 30 километрдан кўп эмас. Украина мудофаасининг ҳар қандай ёриб ўтилиши минглаб украин ҳарбийлари ва зобитларини уларнинг барча оғир техникалари билан биргаликда қутқариш учун имконсиз қилиб қўяди.

Иккинчидан, фронтда ҳозирча Россиянинг йирик кучлари кўринмаяпти. Масалан, бутун 1-танк армияси айни вақтда қаерда экани тушунарсиз. Шунингдек, апрел ойи охирида Изюм плацдармидан олиб кетилган ҳарбий-ҳаво кучлари дивизиялари ва бригадаларининг катта қисми Россияга қайтариб кетилган ва улар катта эҳтимол билан қайта гуруҳлаш жараёнида. Эҳтимол, улар келгусида қандайдир муҳим йўналишлардан бирига — украин қўшинлари сўнгги кучлари билан ҳимояланаётган йўналишлардан бирига ташланиши мумкин.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top