17:59 / 14.06.2022
50908

Урушнинг тўртинчи ойи кетмоқда. Бу вақтда Россия нималарга эришди? Украина-чи?

Киевнинг Ғарб билан муносабатлари нимага олиб боради? Музокаралар қачон тикланиши мумкин? Бу саволларга ҳарбий эксперт Михаил Самусь жавоб беради.

Урушнинг 111-куни ўтмоқда. Ҳатто Беларус президенти Александр Лукашенко ҳам ҳарбий ҳаракатлар чўзилиб кетганини айтган бўлса-да, Россия ҳукумати барчаси режа бўйича кетаётганига ишонтиришга уринмоқда. Уч ойдан кўпроқ вақт давомида Россия Киев областида мустаҳкам ўрнашиб ололмади, аммо Херсон ва Запорожье областлари эгаллаб олинди. Баҳорнинг ўрталарида эса Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «махсус амалиёт»нинг иккинчи босқичидаги вазифа — «Донбасс учун жанг»да ғолиб келиш эканини айтишди, аммо ёз бошланиб кетган бўлса-да, Россия буни уддалай олмади. Эндиликда Украина армияси нафақат ўз ҳудудларини ҳимоя қилмоқда, балки айрим ҳудудларда қарши ҳужумлар бошлаган. «Медуза» урушнинг юз кунидан кейин (ҳозирда ҳам долзарблигини йўқотмаган) Украина ва унинг армияси учун қандай кечгани борасида Армия тадқиқотлари, конверсия ва қуролсизланиш маркази ҳарбий эксперти Михаил Самус билан гаплашди.

— Ортга назар ташлаб, Украина 2022 йил 24 февралида бошланган ҳарбий ҳаракатларга қанчалик тайёр эди дейиш мумкин?

— 2016 йил ўрталарида Россия учта янги армияни шакллантириш жараёнини якунлади — булар штаби Москва атрофида бўлган Биринчи танк армияси, Воронеж атрофида 20-армия ва Новочеркасскда 8-армия. Саккизинчи армия Донбассдаги 1 ва 2-армия корпуслари таъминоти билан шуғулланган. 2016 йил августидан мен ўзим матбуот анжуманлари ўтказа бошладим ва марказ [Армия тадқиқотлари, конверсия ва қуролсизланиш] Россия шу вақтдан эътиборан кенг кўламли юришга тайёрланаётганини айта бошлади.

Украина қуролли кучлари Россия кенг кўламли ҳужумга тайёрланаётганидан тўлиқ хабардор эди. Россиянинг юриши сценарийси сир эмасди: ахборот фазаси, киберҳужумлар, махсус топшириқли кучлар ҳаракатлари, ракета, авиация зарбалари, десант тушириш ва кейинчалик қуруқликдаги кучлар ҳаракати.

Россиянинг барча кучлари очиқчасига тўплана бошланди, шундай экан Украина воқеаларнинг бундай ривожига тайёр эди. Аммо [кўпчилик] ҳарбий-сиёсий, геосиёсий, иқтисодий нуқтайи назардан Путин Украинага ҳужум қиладиган даражада аҳмоқ эмас деб ҳисоблади.

[Аммо] Украинада қуролли кучларни ва бутун халқни эҳтимолий кенг кўламли урушга тайёрлаш бўйича турли тадбирлар ўтказилди. Масалан, 2021 йилда «Миллий қаршилик асослари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра мамлакатни барча таркибий қисмлар билан ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди: Украина қуролли кучлари, кучишлатар органлар, кўнгиллиларнинг ҳудудий мудофаа тузилмалари. [Бу қонун] босиб олинган ҳудудларда қаршилик ҳаракатини ташкиллаштириш имкониятларини ҳам назарда тутади.

Бундан ташқари, Ғарбдаги ҳамкорлар билан Украинага кучлироқ қуроллар етказиб бериш бўйича контактлар бўлган. Аммо ўша вақтда Украинага асосан мудофаа мақсадидаги қуроллар берилган. Афсуски, ракеталарга қарши тизимлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилмаган. Ҳолбуки йиллар давомида Россия бундай кенг кўламли амалиёт ўтказмаслиги учун бизга шундай қуроллар зарурлиги ҳақида бонг уриб келгандик.

Шу туфайли ҳарбий нуқтайи назардан бу юриш Украинада ҳеч ким учун сюрприз бўлмади. Аммо сиёсий, геосиёсий ва иқтисодий томондан — ҳа, бу кутилмаган ҳол бўлди. Чунки, менимча, бунинг натижасида биз 24 февралга қадар билган Россия йўқ бўлади.

— Бундай тайёргарлик қанчалик самарали бўлиб чиқди?

— Путиннинг дастлабки режаси буткул барбод бўлди. Кремлнинг хаёлида нималар бўлганди? Мен буни «Афғонистон-79» ва «Чехословакия-68» деб атайман. Бир неча соат ичида Киевга диверсия-разведка гуруҳлари ҳамда махсус топшириқли кучлар кириши, бунга параллел равишда Киев атрофидаги аэродромларга десант кучлари туширилиши, Россия кучлари Киевга кириши, Зеленский ва унинг атрофидагиларни ўлдириши ёки қўлга олиши. Унинг ўрнига Януковични қўйиш. Бу ҳазил эмас. Янукович аллақачон тез орада ҳукуматни эгаллаши режалаштирилган аъёнлари билан Беларусда эди. 2014 йил январига қайтиш, Янукович — легитим президент эканини эълон қилиш, украин шаҳарларига россияликларнинг ҳарбий гарнизонлари кириши. «Чехословакия-68»да Росгвардия киритилгани каби.

Россия ҳарбий раҳбарлари фикрига кўра, украинлар воқеаларнинг бундай ривожига бетараф бўлиши ёки ижобий ёндашиши керак эди. [Украинада] ёлланган бешинчи колонна, бу ҳақда Путинга ҳисобот қилишган, янги маъмуриятни шакллантириши, кучишлатар тузилмалар Россия томонига ўтиши ва ҳеч қандай уруш бўлмаслиги керак эди. Яъни Россия қўшинлари уруш қилишга тайёрланмаган.

Амалда эса режалаштирилган ишларнинг ҳеч бири рўй бермади. «Миллий қаршилик асослари тўғрисида»ги қонун туфайли кўнгиллиларнинг ҳудудий мудофаа қисмлари тузилди. Бу доимо мавжуд бўладиган кўнгилли тузилма. Унинг сафларига кирган одамлар одатий ҳаёт тарзида яшашади, ўз бизнесини юритади, аммо ойда бир бор машғулотлар учун йиғилади. Уларнинг алоҳида бўлинмалари ва қуроллари бор. Россияликларнинг диверсия-разведка гуруҳлари ва махсус топшириқли кучлари Киев атрофидаги ўрмонзорлардан шаҳарга кира бошлаганида, шаҳар кўчаларида 20 минг атрофида қуролланган кўнгиллилар ҳаракатланарди. Диверсия-разведка гуруҳлари бутунлай яксон этилди.

Бу модел [ҳудудий мудофаа] тинчлик вақти учун жуда самарадор, ҳарбий вақт учун эса янада самарали, чунки бу одамлар тажовуз рўй берган вақтда нима қилишни билишади. Украинча модел советларникидан мутлақо фарқ қилади, советлар моделига кўра тинч вақтда ҳудудий мудофаа кучлари рўйхати формал тузилган, аммо ҳал қилувчи палла келганида — одамларнинг ярми йўқ, қолгани эса шунчаки жанговар миссиялар учун тайёр бўлмаган.

Кенг кўламли агрессия бошлангач [феврал охири — март ойи бошлари] ҳудудий мудофаа қисмларига ёзилиш учун кўнгиллиларнинг узун навбатлари ҳосил бўлди. Россиялик ҳарбийлар Харковни эгаллай олишмади, чунки у ерда кучли ҳудудий мудофаа қисмлари бор эди, улар энди янада уюшган ва кучлироқ бўлди. Мен ўйлайманки, бу Россия қўмондонлиги учун шок ҳолат бўлган: «Қанақасига?»

24 февралда Россия қўшинлари учун бари нотўғри кетди. Гостомелга вертолётлар билан десант туширилди — вертолётлар уриб туширилди, десант кучлари йўқ қилинди. Киев жанубидаги Васильково ҳарбий аэродромига ҳам десант тушириш бўйича бир неча уринишлар бўлди ва уларнинг барчаси йўқ қилинди.

Россия армияси урушга тайёрланмаганини унинг жуда узун масофага, юзлаб километрларга чўзилган логистик линияси ҳам кўрсатади. Россияликларнинг олдиндаги колонналари [Украина ҳудудига] кирди ва яксон этилди, чунки уларда логистика йўқ эди. Кўриниб турибдики, улар уруш бўлмайди ва хотиржамлик билан Киев ёки бошқа шаҳарларга кирамиз, логистикани эса кейинроқ, бир ҳафтадан кейин, машғулотлардаги каби, тинч муҳитда таъминлашади ва ташкиллаштиришади, деб ўйлашган.

Буларнинг ҳеч бири содир бўлмади. «Амалиёт»нинг биринчи босқичида кирган Россия қўшинлари шахсий таркиби йўқ қилинди.

Россия армиясининг март ойи охирида Украина шимолидан чекиниши Кремл ўйлаган режанинг бутунлай барбод бўлишини англатади. Афтидан, нима учундир Кремлга ҳақиқий разведка маълумотлари етказиб берилмаган. Бундай ахборот ёки ФСБда, ёки ҳарбий разведканинг ўзида, ёки президент маъмуриятида тутилиб қолган. Ким кимни алдаганини россияликларнинг ўзи аниқлаштириши керак.

Буёғига ўққа тутиш бошланди. Афтидан, генераллар Путинга улар барибир вазиятни ўнглашни, аввалига украин армиясини Донбассда яксон қилиб, кейин Киевга, Украина шимолига, марказий ҳудудларга қайтишни ваъда қилишган. Бу ҳам содир бўлмайди. Россия армияси юз кун ичида Попаснаяни олгани билан мақтанмоқда. Бу, албатта, яхши натижа, аммо уни стратегик муваффақиятга тенглаштириб бўлмайди. Бундай темпда Россия учун уруш ўн йил давом этиши мумкин.

— Украинада мобилизация қандай кетаётгани ҳақида очиқ маълумотлар деярли йўқ, фақат ҳарбий хизматдан бўйин товлаганларга қарши очилган ишлар сони бундан мустасно. Сизнингча, ҳукумат ҳарбий кучларни жиддий равишда кенгайтиришда муаммоларга учрамадими?

— Бу жараён ҳақида чиндан ҳам маълумот йўқ ва бўлмайди ҳам. Россиядан фарқли равишда, бизда ҳарбий ҳолат. Президент офиси очиқлаган маълумотларга кўра, урушга қадар армия 200 минг кишидан таркиб топган, ҳозир эса — 700 минг, буни миллионга етказиш ҳам ният қилинган.

Муаммолар ҳамиша бўлади, аммо қандайдир категорик муаммолар кўзга ташланмаяпти. Мен [мамлакатда] намойишлар, «биз урушни истамаймиз» деяётганларни кўрмаяпман. Кайфият буткул бошқача. Қолаверса уруш саккиз йилдан буён давом этмоқда. Бизда 2014–2016 йилларда мобилизациянинг олти тўлқини кечган. Ташкиллаштиришда қандай муаммо бўлиши ҳам мумкин? Бу тизим яхши ишлаб чиқилган. Ҳозирда еттинчи тўлқин кетмоқда.

2014 йилда муаммолар бўлган, чунки 20 йилдан ошиқ вақт мобайнида тузилган армия яксон этилгач, тарқоқлик юзага келган, Янукович қочган, мудофаа вазири [Павел Лебедев] қочган. Амалда бирорта ҳарбий-сиёсий раҳбар қолмаган, барчасини ғилдиракдан бошлаб қайта қуриш талаб этилган. Урушнинг саккиз йилидан кейин бутун тизим мукаммалликка эришган. Эҳтимол, инсон омилига боғлиқ қандайдир муаммолар кузатилган бўлиши мумкин, аммо глобал қийинчиликлар сезилмади.

— Ўтган вақт мобайнида Украина ҳарбий стратегиясида қандайдир туб ўзгаришлар бўлдими?

— 2016 йилдан буён украин қўмондонлиги юриш бирданига олти-етти йўналишда олиб борилишини биларди. Ягона муаммо шунда бўлдики, улар жанубдаги кучлар концентрациясини ҳисоблай олишмади. У ерда Россия кучлари босиб олинган Қримдан чиқиб анча ичкари киришга муваффақ бўлишди. Бошқа барча йўналишларда россиялик ҳарбийларни дарҳол тўхтатишнинг уддасидан чиқилди.

Украина стратегияси мудофаа амалиётлари ўтказиш асосида шаклланган бўлиб, шароитга қараб қарши ҳужум ва ҳужумга ўтилади. Шимолда шундай бўлди: Киев, Харкив, Суми, Черниговда. Бу шаҳарларни россиялик ҳарбийлар эгаллаб ололмади. Маълум тайёргарлик давридан кейин қарши ҳужум ҳаракатлари амалга оширилди, ва [март ойи охирида] россиялик ҳарбийлар шимолий ҳудудлардан сиқиб чиқарилди.

Бошқа йўналишларда ҳам стратегия худди шу принципда ташкил этилган, вазифа жуда оддий: Украина ҳудудларини, шу жумладан Қрим ва Донбассни ҳам деоккупация қилиш.

Денгиз йўналишининг ўзига хосликлари мавжуд. «Москва» ракета крейсери [апрел ойи ўрталарида] йўқ қилиниши Қора денгиздаги вазиятни жиддий даражада ўзгартирди. Иккинчи жаҳон урушидан кейин илк бор россияликлар флоти [регионда] илк бор тўлиқ устунлигини йўқотди. Энди флот денгизга чиқишга қўрқмоқда, чунки Украинада [Ғарб давлатларининг баҳорги етказмалари туфайли] нафақат «Нептун», балки «Гарпун» ракеталари ҳам бор, унинг учиш масофаси 300 километрни ташкил этади, бу эса бутун Қора денгиз бўйлаб нишонларга зарба бериш имконини тақдим этади. Бу россиялик денгизчилар учун янгича ҳиссиёт.

Ўйлайманки, денгиздаги жанг Қора денгиз флоти яксон этилиши ва Қрим демилитаризация қилиниши билан тугаши керак. Бу айнан шундай. Украина Қора денгизда Қора денгиз флоти туришига ортиқ тоқат қила олмайди, чунки бу — регион учун беқарорлаштирувчи омил. Бу қандай ғалати эшитилмасин, мен ўйлайманки, Украина ҳарбий денгиз кучлари қаршисида айнан шундай вазифа турибди, чунки дипломатик йўналишда Россияга ҳеч қандай ишонч йўқ.

— Донбасс учун жанг деб ном олган ҳарбий ҳаракатлар апрел ойи ўрталаридан буён давом этмоқда. Россия ҳукумати Северодонецкни эрта-индин қўлга олишини айтмоқда, параллел равишда Славянск ва Краматорск томон юриш қилинмоқда. Сизнингча, Украина қуролли кучларининг мазкур региондаги истиқболлари қандай?

— Сиз берган таъриф, бу, албатта, Россия томони истаган нарса. Аслида вазият бироз бошқача.

Россия Донбасс учун жангни катта режалар билан бошлаганди: шимолдан — Харкивдан жанубга юриш қилиб, жанубдан — Запорожьедан шимолга ҳаракатланиб, Днепрда учрашиш. Иккинчи ўқ [харитадаги юриш чизиғи] қуйидагича чизилганди — шимолда Изюмдан, жанубда Гуляйполдан чиқиш ва Краматорск — Славянск атрофида учрашиш. Учинчиси, энг кичик «клешчи» (душманни икки томондан қуршовга олиш) — бу Северодонецк ва Попаснаядан ҳужум қилиш, яъни ҳозирда шу амалга ошмоқда.

Дастлабки икки режа барбод бўлди. 9 май арафасида Изюм атрофида жуда кескин вазият ҳукмрон эди, бу ерга ҳатто, айтишларича, [РФ бош штаби бошлиғи Валерий] Герасимов ҳам келган. У келганми, йўқми билмайман, аммо шундан кейин қаергадир ғойиб бўлди.

Шимолдаги муваффақиятсизликдан кейин Путинга [афтидан] 9 майгача Донбасс эгалланишини ваъда қилишган: [Украина] қуролли кучлари қуршовга туширилиши ва яксон этилиши, [россиялик ҳарбийлар] яна Киев ва Одессага юриши. 9 майгача ҳеч қандай муваффақиятга эришилмади. Изюмда ёриб ўтишга уринишлар бўлди, аммо жанубда, Гуляйполеда, илгарилаш кузатилмади.

Донбасс учун катта жанг бўлмаслиги ойдинлашгач, [Кремлда] ҳеч бўлмаганда сиёсий мақсадга эришишга қарор қилинди — Северодонецк ва Лисичанскни эгаллаш, бу орқали «ЛХР» энди мустақил экани, Россия «махсус ҳарбий амалиёт»даги мақсадига эришганини эълон қилиш мумкин бўларди.

Ҳозирда Россия [Донбассда] жуда кўп кучларини жамлаган: менинг баҳоларимга кўра, 25 та батальон тактик гуруҳ кичик участкада Украина қуролли кучлари мудофаасини ёриб ўтишга ҳаракат қилмоқда. Украина қуролли кучлари қуршовга тушиб қолмаслик учун доимий равишда чекинмоқда. Улар Северодонецк бой берилиши амалда Россия армияси учун ҳам, Украина армияси учун ҳам деярли ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини билишади. Бу ерда фақат сиёсий вазифалар бор. Бу сиёсий вазифаларни бажариш учун ҳозирда россияликлар армияси жуда катта ресурсларни сарфламоқда.

Мен ўйлайманки, уларнинг ўрнини тўлдириш жуда қийин бўлади, чунки жангга яроқли техникалар тугамоқда. Улар аллақачон эскирган техникаларни омборлардан олиб чиқишмоқда: ҳозирда Т-62 танклари Украина жанубига олиб келинган. Ишончим комилки, улар ҳозир яхши ҳолатда бўла олмайди, чунки камида 25–30 йил мобайнида сақловда турган.

Украина армияси учун Северодонецкда мудофааланишдан фойда йўқ. Агар улар Лисичанскка чекинишса, нисбатан қулай тактик шароитга ўтишади. Шунинг учун украин армияси доимий равишда ортга чекинмоқда ёки Северодонецкдан чиқмоқда, бунинг баробарида ҳарбий вазифа бажарилмоқда. Ҳарбий вазифа — душман қўшинларини йўқ қилиш ва ҳужумлар уюштириш. Ҳозирда Харкив ва Херсон йўналишларида ҳужум қилинмоқда, Россия эса Донбассга боғлаб қўйилган. 

— Шу билан бирга Украина президенти офиси маслаҳатчиси Алексей Арестович 25 май куни Украина Донбассда захира кучларни шакллантириш темпида ортда қолаётганини айтганди.

— У буни 25-санада [май] айтганди, кейин эса снарядлар келтирилгани, улар жуда зўр қўлланганини айтди: қўмондонлик пункти ва ўқ-дори омборлари йўқ қилинган. Донбасс учун жангнинг ўзгачалиги нимада? Россия ўз техникаларини йўқотмоқда, Украинада эса кўпроқ техника бўлади, чунки ҳар куни Ғарбдан артиллерия келиши давом этади.

Советлар техникаси мунтазам равишда ўз ресурсини тугатиб бормоқда, параллел равишда биз тўлиқ НАТО артиллериясига ўтмоқдамиз: америкаликларнинг, французларнинг, польшаликлар, чехлар, словакларнинг моделлари мавжуд. НАТО артиллерияси — советларникига қараганда бироз бошқа даража. Бу узоқроққа ва аниқроқ отади, барча жараёнлар автоматлаштирилган. Бу шуни англатадики, батареялар курашида рақиб 20 километрга отса, сен — 30 километрга отасан. Қолаверса қўллаш тезлиги юқорироқ: келади, дрондан координаталарни олади, қайта ишлайди, кетади. Барчаси учун беш дақиқа сарфланади.

Россия томонининг муаммоси шундаки, операция темпи жуда паст, техника ва мутахассислар етишмайди: 60 ёшда бўлган генерал-майор [Канамат Боташев] уриб туширилди. [Афтидан] Россияда учувчиларни тайёрлашда ҳам муаммо бор. Ҳарбий авиация пилоти — доналик маҳсулот ва уни тезда тайёрлаб бўлмайди.

— Агар Россия Северодонецкда шартли сиёсий мақсадга эришса, воқеалар қандай ривожланиши мумкин?

— Ҳозирда Изюмда туриб қолган [Россия] гуруҳ Россия чегарасидан маълум масофада жойлашган. Уни логистикадан узиб қўйиш учун Украина Харкив йўналишида қарши ҳужумлар уюштирмоқда. Бу гуруҳ Славянскка ҳужум қилиш ўрнига ортига бурилиб, Россия ҳудудига қайтиб кетишга уриниши ҳам мумкин. Украинада Изюмда ҳам, бошқа йўналишларда ҳам шундай вазият яратиш учун барча имкониятлар мавжуд.

Гап шундаки, Украина Россиядан кўра фарқлироқ жанг олиб боради. Украина юзма-юз тўқнашиш тактикасини эмас, артиллерия зарбалари орқали [душман] логистикаси, бошқарув тизими, таъминот тизимини узиб қўйиш тактикасини қўллайди. Уёғига нима қилиш рақибнинг ўзига ҳавола: ёнилғи ва ўқ-дори таъминотисиз олдинга юриш ёки ортга қайтиш. 

— У ҳолда Арестовичнинг Россия армияси Украина шимолига қайтиши ва мамлакат жанубида босимни кучайтириши эҳтимоли ҳақидаги хавотирлари қанчалик асосли? 

— Россияда ҳозир амалиётни янгидан бошлаш учун куч йўқ. Украина шимолида ниманидир режалаштириш учун аввал Донбассда нимагадир эришиш керак бўлади. [Бунинг учун россиялик ҳарбийлар] ҳеч бўлмаса [шимолда] Изюмдан ва [жанубда] Гуляйполедан катта амалиёт бошлаши талаб этилади. Ҳозирча Россия бу даражада кўзга кўринарли муваффақиятларга эриша олмади.

Такрорлайман, тактик нуқтайи назардан вайрон қилинган Северодонецк ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Бу Россия армияси учун қандай фойдаси бўлиши мумкин бўлган харобалар. Жанубда эса Украинада барча имкониятлар мавжуд, масалан, Херсон ва бошқа ҳудудларни озод қилиш ва Қора денгиз флотига зарба  бериш. Қодиров Северодонецкни олишга уринаётганида, Россияни бир қанча сюрпризлар кутиши мумкин. Ва бу ҳатто тактик эмас, балки стратегик картинага таъсир қиладиган оператив пландаги сюрпризлар бўлиши мумкин.

— Шундай тасаввур уйғонадики, АҚШ ва Европа давлатлари томонидан Украинани қўллаб-қувватлаш даражаси энг юқори нуқтасидан ўтиб бўлган. Объектив қаралса, шундай эмасми? 

— Ҳозирда Қўшма Штатлар ҳарбий иқтисодиёти – бу Украинанинг ҳарбий иқтисодиётидир. Бундан кўп ҳам эмас, кам ҳам эмас, чунки ленд-лиз тўғрисидаги қонун имзоланган, биринчи босқичда [Украинага ёрдам учун] 40 миллиард доллар ажратилган. Ҳозирда АҚШ ҳарбий иқтисодиёт томондан бизнинг асосий ёрдамчимиздир.

Қўшма Штатлар бу жараёнда етакчи сифатида Рамштайн коалициясини йиғди. Икки мажлис бўлиб ўтди, улар Украина учун ёрдамни мувофиқлаштиришга бағишланган, мақсад хаосга йўл қўймаслик. Тасаввур қилинг, агар 40 давлатнинг ҳар бири Украинага алоҳида ёрдам кўрсатса, масалан, 18 тадан артиллерия тизимлари, биттадан самолёт, яна қандайдир ўзининг маҳсулотларини юборса — бу ҳолда украин армиясининг моддий-техник таъминотида тартибсизлик юзага келади. Шунинг учун Қўшма Штатлар барчасини мувофиқлаштиради.

[Рамштай коалицияси иши] схемаси шундай бўлиши мумкин: агар кимдадир советлар техникаси қолган бўлса, уларни Украинага бериш мумкин, Қўшма Штатлар эса эвазига ўз техникаларини юборади, бу давлат армиясининг жанговар қобилияти пасайиб кетмаслиги учун. Масалан, Словакия билан шундай бўлди, улар Украинага ўзларининг С-300 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини берди, Қўшма Штатлар эса уларга Patriot зенит ракета комплексини жўнатди. Полша Украинага советлар даврига мансуб самолётларини бериб, Американинг F-16 қирувчиларини қабул қилиб олган.

Шундай экан, умуман олганда, Ғарб ёрдами энди тезлаша бошлади. Ҳозирда ёппасига артиллерия юборишмоқда, MLRS М270 ва HIMARS баравар ўт очиш тизимлари юборилиши кутилмоқда. Кемаларга қарши ракеталарни етказиб беришган. Ҳар доимгидек етказмалар тезлигига эътирозлар бор, аммо ҳар кимнинг ўз бюрократия даражаси бўлади. Агар кимдир уч ой муқаддам бизга HIMARS ёки кемаларга қарши ракеталар етказилишини айтса, мен ишонмаган бўлардим. Аммо бу реалликка айланди, [Украинада] буни норма сифатида қабул қилишмоқда, қолаверса тезлаштиришни талаб қилишмоқда.

Ҳозир Украинага оператив-тактик ракеталарни юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Ҳозирча Қўшма Штатлар бундай ракеталарни юбормайди. Ўйлайманки, ҳозирда бизга бу керак ҳам эмас: бор эътиборни ҳудудларни оккупациядан озод қилишга қаратиш керак. Бу вазифа учун — рақибнинг фронт ортидаги позицияларида бошқарув пунктларини, таъминот тизимларини, логистикасини йўқ қилмоқ керак — бунда 100–150 километр масофага учувчи ракеталар кифоя қилади. 

— Шу билан бирга, украин расмийлари кўпинча ёрдам етарли эмаслигини айтиб, бунда хусусан Германияни айблашади. Ушбу мамлакат қурол етказиб беришда камтарлик қилаётгани ҳақида немис нашрлари ҳам ёзмоқда. 

— Тўғрисини айтсам, мен Германияга босим қилмаган бўлардим. Унинг армияси тарқоқ, уларда совуқ уруш давридан қолган қуроллар. Биз уларнинг қуролли кучлари арсеналидаги қайсидир қуролларни талаб қиляпмиз, аммо бундай техникалардан фойдаланишни бошлаш учун уларни модернизация қилиш керак бўлади. Булар учун ресурслар ва вақт талаб этилади. Бундан ташқари, ҳозирда Германия қуролли кучларида техникалар кўп эмас. 

Германия мудофаа-саноат комплекси чиндан ҳам жуда кучли, экспорт бўйича дунёда етакчилардан бири, аммо бу ерда яна бир муаммо бор. Қандайдир тизимни ишлаб чиқариш учун вақт керак, бу борада музокаралар кетмоқда. Германия Украинага бошқача исталган воситалар билан ёрдам бериши мумкин — молиявий ёки ресурслар орқали. Мен ўйлайманки, биз бунга ҳам босқичма-босқич борамиз.

— Бошқа томондан, май ойи ўрталарида Зеленский Франция президенти Эммануэл Макрон Украинага «суверенитет бўйича» ён беришни таклиф қилганини айтганди. Қолаверса, Евроиттифоқнинг етакчи давлатлари Украинага ЕИга аъзоликка номзод мақоми берилишига қарши чиқмоқда. Украина ҳозир Ғарбдаги ҳамкорларидан нима кутиши мумкин?

— Украина олдига вазифа қўйилган — ўз ҳудудларини деоккупация қилиш, бунда Россияни мағлуб этиш. Бошқа мамлакатларнинг ҳам ўз вазифалари бор.

Агар Германиядаги катта бизнесга назар ташласак, у ҳозирда шок ҳолатида экани тушунарли бўлади, сўнгги 50 йил давомида ўзаро муносабатлар тизимини, жумладан СССР ва Россия билан газ соҳасидаги ҳамкорликни қурган одамларнинг меҳнати буткул йўққа чиққан. Нега? Немислар учун бу тушунарсиз. Қадрли дўст Владимир [Путин] буларнинг барини яксон этишга қарор қилди. [Немис олигархияси] шок ҳолатида: агар шундай давом этса, уларнинг яхши даромадли, бой ва вақтичоғ ҳаёти тугайди. Немисларнинг энергетика тизими амалда Россия гази ва нефтига асосланган, энди эса бу компонент бирдан йўқ бўлиб қолади, энергиянинг муқобил вариантларига ўтиш керак бўлади. Дарвоқе, шу кунларда [нефтга] эмбарго жорий этилди — тўлиқ эмас, аммо йўқдан кўра бор.

Европа элитасидаги шок ҳолати жуда сезиларли бўлмоқда, буни Макрон доимий равишда Путинга алоқага чиққанидан ҳам билиш мумкин. У француз бизнесини қутқариши керак, Россияда жуда кўп француз бизнеслари бор. Улар [француз тадбиркорлари] у ерга катта пул тикишган ва ҳозирда бу пулларни йўқотаётганини тушуниб туришибди. Француз ҳукумати Путиндан тўхташни сўради, Путин эса юзини бурди. Чунки бу қандай бўлиши мумкин — у тўхтайдию, украинлар йўқ? У КГБдан чиққан йигит.

Натижада Ғарбдаги катта бизнес учун жуда оғир дамлар келди. Албатта, Европа мамлакатлари учун энг яхши вариант қандай қилиб бўлмасин бу урушни тўхтатиш бўлади. Қадрли дўст Владимир [Путин] чекинишни истамагач, украинларга босим қилинди ва айтилди: «Келинг, бир нарса ҳақида келишиб оламиз. Келинглар ниманидир имзолаймиз. Ҳа, сизнинг бироз ҳудудингиз, сизнинг манфаатларингиз… Аммо биз бунинг учун тўлаймиз. Асосийси — келинг биз қурган ҳамма нарсани бузмайлик».

Аммо Украина бунга рози бўла олмайди. Агар 2014–2016 йилларда Украина Минск келишувларини имзолаб, қандайдир ён берган бўлса ва кейин ҳам Кремл билан қандайдир музокаралар олиб борган бўлса, ҳозирда бу деярли имконсиз. Россиялик аскарлар Украинада — Киев области, Черниговда қилган ишлардан кейин, бу оммавий қотилликлардан кейин…

Украинлар шунчаки ён бера олишмайди. Биз бу ҳудудларни озод этишимиз ва Россия билан ҳеч қандай иш қилмаслигимиз керак. Қачондир қандайдир келишув тузилиши мумкин, аммо ҳозир эмас. Ғарбдаги дўстларнинг барча уринишлари тушунарли. Улар нефт ва газга эмбарго жорий этишни жуда ҳам исташаётгани йўқ, аммо бошқача чора йўқ, чунки Россиянинг тажовузи ва ҳарбий жиноятлар давом этмоқда. 

Албатта, бизнес-манфаатлар бор, аммо умуминсоний қадриятлар ҳам мавжуд. Европа учун бу таянчни сақлаб қолиш жуда муҳим. Демократия қадри пулда эмас, балки сўз эркинлигига, одамлар тенглигига содиқликдадир.  Шу туфайли олигархия мавжуд моделни [Европа ва Россия ўртасидаги муносабатларни] сақлаб қолишга ҳарчанд уринмасин, Ғарб жамияти бунга йўл қўймайди. Айнан Европа мамлакатлари жамиятлари Украина томонида туришибди ва ўз сиёсатчиларини фикрларини ўзгартиришга мажбур қилмоқда. Сиёсатчилар ёки бизнес бунга қанчалик қаршилик қилмасин, Украинанинг Европа билан яқинлашувидан ўзга чиқиш йўли бўлиши мумкин эмас. Европа иттифоқига аъзолик мақоми тақдим этилишини тўхтатишга уринишлар — Путин билан ўзаро тил топишишга уринишдан бошқа нарса эмас.

Лекин, хайриятки, европалик сиёсатчиларни сайловчилар танлайди. Булар ҳали ҳам демократик давлатлар, шунинг учун улар жамиятдаги кайфиятга қараб йўналиш олади. Нега европалик сиёсатчилар Зеленскийни тик туриб олқишлайди? Сиёсатчиларга Зеленский ёқмаслиги мумкин, аммо у европаликларда симпартия уйғотган: уларни украинлар оёққа туриб, кураш бошлашдан қўрқмагани мафтун этади. Шундай экан, Европадаги катта бизнес ва сиёсатчиларда имкон йўқ. Агар улар ҳозир ўзгармаса, кейинги сайловларда Украина билан янада фаол ишлайдиган бошқалар келади. Бу ҳаёт ҳақиқати.

— Буча воқеаларидан кейин Украина ва Россия икки томонлама музокаралар жараёнидан чекинди. Володимир Зеленский эса мулоқот эртами-кечми тикланишини айтади. Бу тез орада бўлишини тахмин қилиш учун асослар борми?

— Бу музокаралар бўлмаганди — бу маслаҳатлашувлар эди. Томонлардан бири «Йигитлар, биз сизни денацификация қилмоқчимиз, сиз эса сиз билан нимани имзолашимизни ўзингиз ўйлаб топинг» деб турса, буни музокара деб бўлмайди.

Барча умуман нималар бўлаётганини, Путин нимани ўйлаётгани, у нега бундай йўл тутганини, нима учун у Европа иқтисодий моделини вайрон қилгани, нега у Россияни вайрон қилишга қарор қилгани, нега Украинани азоблаётганини тушунишга уринарди. Барча буни билишга уринаётганди. Музокаралар ёрдамида. Барибир ҳеч нарса тушунарли бўлмади, чунки Мединский ҳам музокаралар давомида ўша сафсатани такрорлади — «денацификация». Яхши, окей. Путин украинларни йўқ қилишни истаган. Супер, XXI аср учун — ажойиб мақсад. У буни ўзи учун қандай тасаввур қилган — билмайман. Бу ерда қандай музокаралар бўлиши мумкин? Афсуски, ҳозирча гаплашадиган гап йўқ.

Эҳтимолий музокаралар фақат Россиянинг Донбассдаги юриши барҳам топиб, Украина қарши ҳужумга ўтганида бошланади. Қачонки россиялик генераллар Путинга вазиятни тезда тузатиш кераклигини айтганида — буёғига янада ёмон бўлиши мумкин, агар қурбонлар сони 40-50 мингга етса, халқ бунга қандай муносабатда бўлиши тушунарсиз. Ярадорлар эса аллақачон 100 минг. Одамлар ошхоналарда шивирлаб, етакчи умуман холис эмаслигини айта бошлаши мумкин. Бундай вақтда, мен аминманки, Путин Россия ҳамиша музокаралар тарафдори бўлганини айтади. У Киевдаги неонацистларни шафқатсиз сиёсати ва «Донбассдаги халқларни» яксон этишини бас қилишга мажбурлашни Ғарбдан талаб этади.

— Сизнингча, у ҳолда мулоқот қандай шароитда бошланиши ва нима ҳақда кечиши мумкин? 

— Шартномалар ҳар доим жанг майдонидаги воқеалар аниқлаб олинганидан кейин тузилади. Худди Минск келишувлари билан бўлгани каби, ўшанда Иловайск ва Дебалцевода Украина учун ноқулай сулҳлар тузилганди. Путин ўз урушини Украинанинг денацификацияси ва демилитаризацияси талаблари билан бошлади. Музокаралар Россия қўшини Киев остонасида турганида олиб борилди. Энди жанг майдонида нима бўлишини кўрамиз. Вазият бироз — мен ҳатто «анча» деган бўлардим — ўзгарган.

Зеленский эҳтимолий музокаралар Украинанинг 24 февралгача бўлган чегаралари бўйича бўлиши ҳақида гапирган, аммо мен бу ҳозир қанчалик долзарб эканини айта олмайман. Мен Қрим ва Донбасснинг тўлиқ озод этилиши ҳақида гапирган бўлардим. 24 февралгача бўлган чегара масаласида Кремл ўзининг баъзи истакларини қайтариб олиши мумкин, аммо Украина учун улар етарли даражада бўлмайди. Барибир Қрим бўйича, айниқса Донбасс бўйича муҳокамаларни бошлаш керак. Мединский бошчилигидаги делегация билан кўриб чиқадиган музокаралар пунктларида ҳам Қрим бўйича 15 йиллик музокаралар ҳақида сўз борганди. Мен ўйлайманки, ҳозир бу бошқачароқ кўринади, аммо Путин Қрим ва Донбасс масаласидан ҳеч қаёққа қоча олмайди.

Музокаралар бўлади, қачонки Украина фаол қарши ҳужум бошласа, Россия қўшинлари парчаланса, ҳукумати эса сочиқни ташлаб, деса: «Бизга танаффус керак». Кучларни сафарбар қилиш, тиклаш ва жамлаш учун Россияга ярим йил, бир йил керак бўлади, афтидан, у шундай танаффус олишга ҳаракат қилади. Аммо мен барибир умид қиламанки, Украина Россия қўшини учун танаффус тақдим этишга бормайди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top