18:39 / 20.06.2022
10619

Икки нафар фуқарони Қарши давлат университетига ўқишга киритмоқчи бўлган самарқандлик шахс ушланди

У икки нафар шахсдан 10 минг доллар олаётганда қўлга олинган.

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 13 июн куни вилоят ИИБ ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари иштирокида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда, Самарқанд вилояти Нуробод туманида яшовчи шахс икки нафар фуқарони танишлари орқали Қарши давлат университетининг Тарих ҳамда Бошланғич таълим факултетига ўқишга киритишини айтиб, улардан 10 минг доллар талаб қилиб, пулни олаётганда ашёвий далиллар билан ушланган.

Фото: Видеодан кадр

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, Самарқанд, Тошкент ва Андижон вилоятларида пул эвазига фуқароларни ўқишга киритмоқчи бўлган университет ўқитувчиси, талаба ва техникум директори ушланганди.

Top