Тошкентда Ҳайдар Алиев хотирасига бағишлаб барпо этилган кўча ва ёдгорлик очилди
Озарбойжон президентининг давлат ташрифи Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўча ва унинг ёдгорлиги очилишидан бошланди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев иштирок этди.
Президент Шавкат Мирзиёев Озарбойжоннинг умуммиллий етакчиси ва биродар озарбойжон халқига ўз ҳурмат-эҳтиромини билдирди.
- Президент Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи Озарбойжон халқининг умуммиллий етакчиси, ўзбек халқининг яқин дўсти Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўчанинг очилиш маросимидан бошлангани катта рамзий маънога эга. У киши XX асрнинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбойжон асосчиси сифатида тарихга кирди. Ҳайдар Алиевнинг қатъияти, кучли сиёсий иродаси ва беқиёс етакчилик сифатлари туфайли ёш суверен давлат барча қийинчилик ва синовларни муносиб енгиб ўтди, - деди президентимиз.
Ўзбекистон раҳбари Озарбойжон умуммиллий етакчиси мамлакатлар ўртасидаги дўстлик муносабатлари ва қардош халқларимизнинг тарихий ришталарини изчил мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
Озарбойжон президенти ташриф унинг пандемиядан кейинги илк хорижий ташрифи эканини қайд этиб, давлат раҳбари ва Ўзбекистон халқига Ҳайдар Алиевнинг ёрқин хотирасини асраб-авайлашга қаратилаётган доимий эътибор учун миннатдорлик билдирди.
- Азиз қардошим Шавкат Миромоновичдан Тошкент марказида отам Ҳайдар Алиев хотирасига бағишлаб шундай кўркам гўшани барпо этиш ташаббуси учун жуда миннатдорман. Биз буни ўзбек қардошларимизнинг буюк етакчимизга, умумий тарихимизга чинакам биродарона муносабати сифатида қабул қиламиз. Бу бутун Озарбойжон халқига ҳурмат ифодаси ҳамдир, - деди у.
Расмий хабарга кўра, Ўзбекистонда озарбойжон миллатига мансуб 40 минг нафарга яқин фуқаролар истиқомат қилмоқда. 2003 йилда Озарбойжон маданият марказлари уюшмаси ташкил этилган. 2010 йилда Озарбойжон элчихонаси қошида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбойжон маданият марказининг янги биноси очилган.
Шундан сўнг Озарбойжон президенти давлат раҳбари ҳамроҳлигида “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Мавзуга оид
14:37 / 13.11.2024
Шавкат Мирзиёев Бокуда Илҳом Алиев билан учрашди
14:26 / 13.11.2024
БМТ суди: Арманистон ва Озарбойжоннинг даъволари бизнинг юрисдикциямизда
17:29 / 12.11.2024
Мирзиёев БМТ миқёсида Дарё экотизимларининг бутунлиги декларациясини тузишга чақирди
23:45 / 11.11.2024