«Йўқотишларсиз чиқдик». Лисичанскнинг бой берилиши Донбасс учун жангда қанчалик аҳамиятли?
Украина армияси қуршовга тушиб қолишдан қочиш мақсадида Лисичанскни тарк этган ва бу иш йўқотишларсиз амалга оширилган. Бу ҳақда душанба куни Луҳанск области ҳарбий маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай маълум қилди.
У Лисичанск учун жангда мағлуб бўлинганини тан олган, аммо ҳозирги босқичда қўшинларни Украина Ғарбдан ваъда қилинган қуролларни олиши билан бошланадиган бўлажак қарши ҳужумлар учун сақлаб қолиш муҳимлигини қайд этган.
«Бизнинг ҳарбийлар шаҳарни яна узоқ вақт давомида тутиб туриши мумкин эди, аммо ҳозирда Россия артиллерия ва ўқ-дорилар борасида катта устунликка эга бўлиб қолмоқда. Улар шунчаки узоқдан туриб шаҳарни яксон этиши мумкин, бундай ҳолатда эса қолишдан маъно йўқ. Биз қуршовда, ўқлар ёмғири остида ўтиришга мажбур бўлардик. Шунинг учун барчани бир вақтнинг ўзида олиб кетишга тўғри келмаслиги учун қуршовга йўл қўймасликка қарор қилдик. Ғарброқдаги олдиндан мустаҳкамлаб қўйилган позицияларга ўтиб, шу ердан рус армиясига қарши кураш давом эттиришга қарор қилдик. Натижада барча бўлинмалар шаҳардан йўқотишларсиз чиқди», деган Сергей Гайдай BBC учун интервьюсида.
Унинг изоҳлашича, Украина қуролли кучлари Лисичанск учун жанг олиб бораётган вақтда бошқа украин бўлинмалари Донецк областида янги мудофаа чизиғида истеҳкомлар тайёрлашга муваффақ бўлишган, унинг фикрича, энди бу чизиқ россиялик ҳарбийларнинг навбатдаги нишонига айланади.
Россия президенти Владимир Путин эса Лисичанск эгаллангач берилган видеомурожаатида Луҳанск областидаги жангларда иштирок этган ҳарбийлар «дам олиши ва ўз ҳарбий имкониятларини ошириши кераклиги»ни айтди, шунингдек бошқа участкалардаги Россия қўшинларини «олдиндан маъқулланган режалар» бўйича ҳаракатланишда давом эттиришга чақирди. «Умид қиламанки, уларнинг йўналишларида ҳам барчаси худди Луҳанск йўналишидаги каби кечади», деган президент Путин.
Лисичанскнинг қулаши - Донбасс учун жанглар якуни эмас
Жонатан Бил, BBC корреспонденти
Лисичанск Шимолий Дон дарёсининг ўнг соҳилида, Северодонецкка ёндош жойлашган шаҳар. Бу шаҳар бироз юқорироқдалиги унинг табиий мудофаасида табиий истеҳком вазифасини ўташига умид қилинганди. Аммо унинг атрофидаги ҳалқа торайиб борди, шаҳарга кириш ва шаҳардан чиқиш йўлларининг катта қисми Россия қўшинлари назоратига ўтди.
Сўнгги ҳафта давомида айрим украин бўлинмалари қўшни мудофаа чизиғига чекина бошлади.
Якшанба куни украин расмий шахслари ушбу шаҳардаги вазият бўйича ноодатий тарзда сукут сақлашди. Буни қисман «оператив хавфсизлик» сифатида тушуниш мумкин. Бундай тактик чекиниш ҳақида маълумот - оммага эълон қилиш учун эмас.
Лисичанскнинг бой берилиши, шубҳасиз, шарқдаги яна бир муваффақиятсизлик, аммо бу Донбасс учун жанг якунига етганини англатмайди. Украина ҳамон қўшни Донецк областида катта шаҳарларни эгаллаб турибди. Украина қуролли кучлари Бахмут ва Словянск оралиғида янги мудофаа чизиғи ташкил этишди, лекин бу шаҳарлар айни вақтда россияликларнинг интенсив зарбалари остида қолган. Бу ҳудуддаги жангларда икки томон ҳам оғир йўқотишларга учрамоқда.
Энди асосий масала шуки, Украина юришларни тўхтатишга қодирми ва Россия ҳозирги суръатни сақлаб қола оладими?
Референдум нима ҳақда?
Бу вақтда Украина бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов душанба куни Россия 11 сентябрда босиб олинган ҳудудларда референдум ўтказишга тайёрланаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирча референдумда қандай масала ўртага ташланиши маълум эмас - ушбу ҳудудларнинг Россияга қўшилиши масаласими ёки квазиреспубликалар тузилиши. Шунингдек, гап қайси ҳудудлар ҳақида кетаётгани ҳам охиригача аниқ эмас.
Аввалроқ Россия Херсон областида референдум ўтказмоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Украина разведкаси бошлиғи яна қайси ҳудудда референдум кутилаётганига аниқлик киритмаган.
«Улар [Россия] қўшиб олишга тайёрланмоқда, аммо бошқа вариантлар ҳам бор. Янги «халқ республикалари» тузилиши, яна битта йирик «халқ республикаси» тузилиши, бутун ҳудудлар Россия таркибига қўшиб олиниши - буларнинг барчаси, Россияга одат бўлгани каби, сўнгги кунда ҳал қилинади», дея изоҳлаган Буданов.
Унинг сўзларига кўра, Украина жанубида россиялик босқинчиларга қарши партизан ҳаракати ривожланмоқда, аммо бу нечоғлик муваффақиятли бўлишини олдиндан айтиш қийин.
Буданов оккупация режими аҳолини мушкул аҳволга солиб қўйганини айтган. Интернет блокланган, телевизорда - фақат россияликлар пропагандаси кетмоқда.
Шу билан бирга разведка раҳбари референдумга тайёргарлик кўрилаётгани у албатта ўтказилишини англатмаслигини қўшимча қилган.
Қатор ғарблик экспертлар август охирига бориб Украина фронтнинг алоҳида участкаларида кенг кўламли қарши ҳужумга ўтиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
«Ўз ҳудудларимизни қайтарамиз»
Украина президенти Володимир Зеленский якшанба куни кечқурунги мурожаатида ҳозирги босқичда Россия шаҳарларни бирин-кетин яксон этиш учун етарли миқдорда баравар ўт очиш реактив тизимларига эгалигини айтган, шу билан бирга, босқинчиларнинг ўт очиш борасидаги устунлиги абадий давом этмаслигини қайд этганди.
Зеленский Ғарбдан қурол етказиб бериш ҳажми оширилиши билан Украина бой берилган ҳудудларни, жумладан Лисичанск ва Донбасснинг бошқа шаҳарларини ўзига қайтаришига ишонч билдирган.
«Биз босқичма-босқич илгарилаяпмиз - Харкив областида, Херсон областида. Шундай кун келадики, биз Донбасс ҳақида ҳам шундай деймиз. Биз жангчиларимиз ҳаётини асраймиз. Агар армиямиз қўмондонлиги душман катта устунликка эга бўлаётган фронтнинг маълум участкаларидан - бу Лисичанскка ҳам тааллуқли - одамларни олиб кетишга қарор қилдими, демак биз у ерга ҳарбий тактика ва замонавий қуролларимиз билан қайтамиз», деди Украина раҳбари.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024