Жаҳон | 19:09 / 06.07.2022
9214
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Роғун ГЭСи қурилишига инвестиция киритади 

Таъкидланишича, ЕИ Марказий Осиёнинг Россияга энергетик қарамлигига барҳам бермоқчи. 

Фото: ejatlas.org

Евроиттифоқ Тожикистондаги Роғун гидроэлектростанцияси қурилишининг асосий инвестори бўлади, деб хабар берди Reuters агентлиги. 

Европа инвестиция банки (ЕИБ) Италиянинг Webuild қурилиш компанияси олиб бораётган ГЭС қурилишига ҳалигача маблағ ажратмаган, аммо ушбу ҳафтада Еврокомиссия банкдан лойиҳанинг «йирик инвестори» бўлишни илтимос қилди, деб хабар қилган агентликка банк вакили. 

ЕИБ вакили бўлажак инвестицияларнинг миқдори ва сабаби тўғрисидаги саволларга жавоб бермаган. Исмини айтишни истамаган европалик амалдорлардан бирининг айтишича, ЕИ Марказий Осиёнинг Россия энергиясига қарамлигини камайтириш учун Тожикистондаги Роғун гидроэлектростанцияси қурилишининг асосий инвестори бўлишни хоҳламоқда. 

ЕИ «Марказий Осиёнинг Россияга энергетик қарамлигига барҳам бермоқчи», деб таъкидлаган у. 

Роғун ГЭСи қурилиши 2016 йилдан буён давом этмоқда. Лойиҳа қиймати 8 млрд доллар атрофида бўлиб, ундан 3 млрд доллари ишлатилди, деган Тожикистон энергетика вазири Далер Жума. 

Лойиҳа асосан Тожикистон давлат облигациялари ва хусусий қарзлар ҳисобига молиялаштирилган. 

Лойиҳага кўра, ГЭС ҳар бирининг қуввати 600 мВтни ташкил этувчи олтита агрегатдан иборат бўлади. Станция тош-шағал тўғонининг баландлиги 335 метрни ташкил этади. У дунёдаги энг баланд тўғон бўлиши кутиляпти. 

Мавзуга оид